Жаҳон | 14:23 / 28.06.2025
5174
8 дақиқада ўқилади

Эронга имтиёзлар тайёрлаётган АҚШ, Эрдўғаннинг орзуси ва 12 кунлик урушнинг «нархи» – кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

АҚШ Эрон билан музокараларни тикламоқчи

Сўнгги икки ҳафта давомида ҳарбий тўқнашувларга қарамай, АҚШ ва Яқин Шарқдаги муҳим шахслар — Эрон расмийлари билан яширинча музокаралар олиб борган. CNN нашри ушбу масала билан таниш манбаларига кўра, Трамп администрациясининг таклифлари ўзгарувчан, аммо битта қатъий шарт мавжуд: Эрон томонидан уран бойитилишининг бутунлай тақиқланиши. Эрон эса бу талабга аввалдан қаршилик билдириб келмоқда.

Бу пайтгача оммага маълум бўлмаган муҳокама қилинаётган шартлардан бири — Эронда фуқаровий энергияга мўлжалланган, аммо уран бойитилмайдиган ядровий дастур учун 20-30 миллиард долларгача сармоя киритиш таклифи. Аммо АҚШ ушбу харажатларни араб иттифоқчилари зиммасига юклаш ниятида.

«Биз ушбу музокараларга раҳбарлик қилишга тайёрмиз. Лойиҳани амалга ошириш учун кимдир пул тўлаши керак бўлади, аммо бу биз бўлмаймиз», — деган Трамп маъмурияти расмийси CNNга.

Бошқа имтиёзлар қаторида, баъзи санкцияларни бекор қилиш ва Эроннинг хорижий банк ҳисобларида блокланган 6 миллиард доллар миқдоридаги маблағдан фойдаланишга рухсат берилиши ҳам кўзда тутилмоқда.

Таклифлар кўриб чиқилаётганининг сабаби – Оқ уй маъмуриятида Эронга шартлар рўйхатини тақдим этиш имконияти пайдо бўлиши мумкин. Хусусан, президент Трамп чоршанба куни АҚШ ва Эрон кейинги ҳафта музокара столи атрофида ўтиришлари мумкинлигини айтганди.

26 июнь куни чиқиш қилган Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи эса ҳозирча АҚШ билан музокаралар бўлмаслигини айтди.

«АҚШнинг Эронга уюштирган ҳарбий ҳужумлари дипломатия ва музокараларга хиёнат. Музокараларни қайта бошлаш бўйича ҳеч қандай келишув йўқ. Ҳатто музокаралар ҳақида ҳеч қандай гап ҳам бўлмаган. Музокаралар ҳозир кун тартибида эмас», дея Ароқчининг сўзларини келтирмоқда Mehr News.

Эрон бош дипломати улар дипломатияга содиқ қолишини таъкидлади, бироқ АҚШ билан музокараларни тиклаш ёки тикламаслик қарори яна кўриб чиқилиши лозимлигини айтди.

Уруш учун товон

Сиёсатчилар бошлаган урушлар ҳар доим оддий халқнинг бошига зарар олиб келади: ҳам моддий, ҳам жисмоний. Жумладан бир неча ҳафта олдин Исроил бошлаган уруш ҳам бундан мустасно эмас.

Турли манбаларга кўра, Эрондаги қурбонлар сони 900 кишидан ошади, жароҳатланганлар эса қарийб 4 минг киши. Исроилда эса 29 киши вафот этган, 3 мингдан ортиқ инсон жароҳат туфайли касалхоналарда даволанган.

Исроилга 12 кунлик можаро давомида етказилган зарар — тахминан 3 миллиард долларга баҳоланмоқда. Бу маблағ ракеталардан зарар кўрган биноларни тиклаш ва маҳаллий корхоналарга товон тўлаш учун керак бўлади, дейди Исроил молия вазирлиги.

«Бу биз дуч келган энг жиддий муаммодир. Исроил тарихида бундай вайронагарчилик ҳеч қачон бўлмаган», — деди товон тўлаш учун масъул бўлган бошқарма раҳбари Шай Ааронович. Ҳисоб-китоблар ишлатилган қурол ва ҳаво мудофаа тизимларини алмаштириш харажатларини ўз ичига олмайди, шунинг учун зарарнинг якуний миқдори сезиларли даражада юқори бўлиши мумкин. Молия вазири Безалел Смотрич урушнинг умумий харажатлари 12 миллиард долларга етиши мумкинлигини тан олди.

Эрон билан уруш, асосан, отишмалар хусусияти туфайли, аввалги можароларга қараганда анча қимматга тушди. Аввалги зарбаларда қишлоқ ҳудудлари ва аҳоли кам бўлган туманлар нишонга олинган бўлса, бу сафар нишон Исроил марказидаги шаҳарлар, жумладан, мамлакат аҳолисининг ярмига яқини истиқомат қилувчи Тел-Авив агломерацияси бўлди.

Эрон қанча зарар кўргани ҳақида расмий маълумотлар йўқ, аммо расмий Теҳрон ҳам уруш давомида миллиардлаб долларни йўқотган. Разведка маълумотларига кўра, «Шаҳаб» ёки «Сижжил» каби ўрта масофали битта ракетани учириш Эрон учун тахминан 5-6 миллионга тушади. Можаронинг дастлабки бир ҳафтаси давомида Теҳрон шу турдаги 370 га яқин ракета учирган, яъни фақат ўрта масофали ракеталарга деярли 2 миллиард доллар сарфланган.

Бундан ташқари, Эроннинг Натанз, Фордо ва Исфаҳондаги ядровий иншоотларига берилган зарбалардан келиб чиққан зарар ҳисоблаб чиқилмаган.

Эрдўған: Трамп Туркияда Путин билан учрашишга тайёр

Доналд Трамп Украина бўйича тинчлик музокараларини ўтказиш учун Истанбул ёки Анқарага келади, агар Владимир Путин ҳам келса. Бу ҳақда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған НАТО саммити бўлиб ўтган Ҳаагадан қайтаётганда, самолёт бортида журналистларга маълум қилди.

«Бизнинг фикримизча, Россия ва Украина ўртасидаги урушда тинчлик ўрнатилишига катта умид бор. Буни ҳал қилиш учун игна билан тешик қазишимиз керак бўлса ҳам, биз ўз мақсадимиз томон ҳаракат қиламиз», дея Эрдўған сўзларини келтирмоқда TRT Haber.

Унга кўра, Ҳаагада у Доналд Трамп билан Оқ уй раҳбарининг Украина бўйича музокараларда иштирок этиш имкониятини муҳокама қилган. «Агар Россия президенти Владимир Путин Истанбул ёки Анқарага ечим топиш учун келса, мен ҳам Истанбул ёки Анқарага бораман», деган Трамп Эрдўғанга.

Июн ойи бошида Туркия президенти – Зеленский, Путин ва Трамп ўртасидаги учрашувни ташкил этиш унинг «энг катта орзуси» эканини айтганди. Унинг фикрича, Россия ва Украина ўртасида аллақачон Истанбулда бўлиб ўтган музокаралар «тинчлик эшигини очган». «Ҳамма тинчликдан воз кечса ҳам, биз буни қилмаймиз», деди Эрдўған.

АҚШ ва Хитой савдо битимини имзолади

Президент Доналд Трамп АҚШ ва Хитой ўртасида савдо битими имзоланганини маълум қилди. «Кеча биз Хитой билан шартнома имзоладик», деди Трамп Оқ уйда солиқ имтиёзлари муддатини узайтириш ва бюджет бўйича қонунга бағишланган тадбирда. Лекин АҚШ президенти тузилган савдо битими ҳақида бошқа ҳеч қандай маълумот бермади.

АҚШ Савдо вазири Ҳовард Лютник АҚШ ва Хитой май ойида Женевада эришилган савдо келишувини якунлаганини тушунтирди. Унинг сўзларига кўра, келишув икки кун аввал имзоланган ва Пекин ва Вашингтон ўртасидаги савдо музокаралари чоғида келишилган шартларни ўз ичига олади. Улар орасида Хитойнинг АҚШга нодир металларни етказиб бериш мажбурияти ҳам бор. «Улар бизни нодир металлар билан таъминлайди. Ва бу содир бўлгач, биз жавоб чораларимизни бекор қиламиз», деди Лютник.

Унинг қўшимча қилишича, Оқ уй яқин келажакда ўзининг 10 та энг йирик савдо ҳамкорлари гуруҳи билан савдо битимлари тузишни режалаштирмоқда.

Ҳиндистон ва Россия қурол етказиб беришни муҳокама қилди

Ҳиндистон Россиянинг С-400 зенит-ракета комплексларини етказиб бериш, Su-30 МКИ қирувчиларини модернизация қилиш ва муҳим ҳарбий техникани сотиб олиш масалаларини муҳокама қилди. Бу масала Хитойда бўлиб ўтган Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти тадбири доираси икки давлат мудофаа вазирлари томонидан муҳокама қилинган.

Ҳиндистон Мудофаа вазирлигига кўра, Сингх ва Белоусов «Ҳиндистон ва Россия ўртасидаги икки томонлама мудофаа ҳамкорлигини мустаҳкамлаш бўйича самарали музокаралар олиб борган».

Ню-Деҳлининг Россия қуролларини харид қилиши «қисқа вақт ичида» амалга ошириши кераклиги таъкидланган. «Бу – икки давлат вазирлари ўртасида «Синдур» операцияси ва мудофаа, айниқса, ҳаво ҳужумидан мудофаа, ҳаво-ҳаво синфидаги ракеталар, замонавий имкониятлар ва авиация платформаларини модернизация қилиш каби муҳим соҳаларда ишлаб чиқаришни кучайтириш зарурати фонида бўлиб ўтган энг муҳим учрашувлардан бири бўлди», — деган Ҳиндистон Мудофаа вазирлиги.

Мавзуга оид