Жаҳон | 07:59 / 27.06.2025
2004
2 дақиқада ўқилади

Евроиттифоқ саммити Украинанинг ЕИга қўшилишини қўллаб-қувватловчи қўшма баёнотни қабул қила олмади

Венгрия Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш бўйича музокараларни бошлашни назарда тутувчи баёнотни блоклади. ЕИнинг қолган 26 аъзоси коммюнике матнини «қатъий» қўллаб-қувватлаганди.

Фото: REUTERS

Европа Иттифоқи саммити Украинани ЕИга аъзолигига қабул қилиш музокараларини бошлашни қўллаб-қувватловчи якуний баёнотни қабул қила олмади. «Суспилне» нашрига кўра, Венгрия ушбу баёнотга қарши чиққан.

Европа кенгаши хабарида айтилишича, коммюнике матнини ЕИга аъзо 27 та давлатнинг 26 таси «қатъий» қўллаб-қувватлаган. «Еврокенгаш ушбу мавзу муҳокамасига кейинги учрашувда [октябрда] қайтади», — дейилади пресс-релизда.

Якуний баёнот лойиҳасида таъкидланишича, Европа кенгаши Россиянинг Украина ҳудудларини ўққа тутишларини қоралайди, Киевни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашни давом эттиради ҳамда «Украинанинг Европа Иттифоқига аъзо бўлиш йўлини қўллаб-қувватлайди».

«Европа Кенгаши ЕИ Кенгашини [вазирлар даражасида] Украинага Европа Иттифоқига аъзо бўлиш жараёнида кейинги қадамларни кўришга чорлайди. Бу жараён ютуқларга асосланган ёндашув асосида амалга оширилиши лозим бўлиб, барча шартлар бажарилгандан сўнг музокара бўлимлари очилиши керак», — дейилади баёнот лойиҳасида. ТАССнинг қайд этишича, ушбу жумла — Киевни ЕИга қабул қилиш бўйича музокараларни бошлаш ҳақида Евроиттифоқ Кенгашига бевосита кўрсатма ҳисобланади.

Украина Европа Иттифоқига қўшилиш бўйича расмий аризани 2022 йил 28 февралда — РФ қўшинлари мамлакатга бостириб кирганидан бир неча кун ўтиб берганди. 2022 йил июлда у номзод давлат мақомини олган. Номзод давлатнинг Евроиттифоққа қўшилишини ЕИга аъзо барча давлатлар қўллаб-қувватлаши керак.

Венгрия Украинанинг Евроиттифоққа қўшилиш бўйича музокараларини блокламоқда. Май ойида Будапешт ташаббуси билан миллий озчилик бўйича икки томонлама музокаралар бекор қилинган эди.

ЕИ саммити олдидан Венгрия бош вазири Виктор Орбан мамлакат аҳолиси орасида ўтказилган маслаҳатлашув референдумининг аксарият иштирокчилари Украинанинг ЕИга қўшилишини қўллаб-қувватлашга қарши чиққанини маълум қилганди.

Мавзуга оид