Жаҳон | 20:48 / 26.06.2025
1327
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистонда армияга SMS орқали чақиришга рухсат берилади

Бундан ташқари, муддатли ҳарбий хизматга чақирилувчиларга ҳукумат портали орқали ҳам хабар юборилади.

Фото: Zakon.kz

Қозоғистонда ҳарбий хизматга мажбур шахслар чақирув қоғозларини SMS ва давлат хизматларидаги билдиришнома орқали олади. Мамлакат қонунчилигига бу борада тегишли ўзгартиришлар киритилгани тўғрисида Сенат аппарати раҳбари Максим Споткай маълум қилди.

«Ҳарбий хизматга чақирилиши лозим бўлган фуқаро агар у матнли хабарни ўқимаган бўлса, тегишли тарзда хабардор қилинган деб ҳисобланмайди», — дейилади қонун матнида. Чақирув қоғозларини юборишнинг янги тизимини Споткай «соддалаштирилган» деб атади. Чақирилувчилар SMS’дан ташқари мамлакат ҳукуматининг электрон портали орқали ҳам хабардор қилинади.

Сенат томонидан маъқулланган қонунчиликдаги яна бир ўзгартириш — талабаларнинг хизматга чақирувини кечиктиришни чеклаш. У қозоғистонлик ёшларга ҳар бир таълим даражаси учун бир марта берилади.

Муддатли ҳарбий хизматни ўтаган фуқаролар Қозоғистонда мамлакатдаги мактаб битирувчиларининг билимини баҳоловчи тизим — Ягона миллий тестдан ўтмаган ҳолда ОТМга топшириш ҳуқуқига эга бўлади.

Мавзуга оид