Жаҳон | 08:44 / 26.06.2025
3256
2 дақиқада ўқилади

Италияда супермаркет тармоқларидан бири Исроил маҳсулотларини пештахталардан олиб ташлади

Супермаркетда Фаластин товарлари сотила бошлайди ва уларни сотишдан тушган даромад фаластинликларга ёрдам бериш учун ишлатилади.

Фото: Anadolu Agency

Италиядаги энг йирик супермаркет кооперативларидан бири Coop Alleanza 3.0 Исроилнинг Ғазога ҳужумлари ва Фаластин аҳолисини гуманитар блокадага олишига норозилик сифатида Исроилнинг бир қатор маҳсулотлари сотувдан олиб ташланганини эълон қилди.

Эълон қилинган баёнотда тармоқ раҳбарияти Coop Alleanza 3.0'нинг Яқин Шарқдаги воқеалар бўйича позицияси узоқ вақтдан бери маълум эканлигини таъкидлади: «Биз Ғазода давом этаётган зўравонликларга бефарқ қола олмаймиз. Кооператив ҳар доим ҳарбий амалиётларни зудлик билан тўхтатиш чақириқларини қатъий қўллаб-қувватлаган, Исроил ҳукумати гуманитар ёрдам етказилишига тўсқинлик қилади». 

Сўнгги ҳафталарда минтақада кескинлик кучайиб бораётганига эътибор қаратилган баёнотда, Coop Alleanza 3.0 изчил қарор қабул қилиб, ерёнғоқ, таҳин ва Sodastream маҳсулотларини ўз ичига олган баъзи Исроил маҳсулотларини пештахталардан олиб ташлади. Бундай қарорга, шунингдек, Этика комиссиясининг аввалги директорлар кенгашига тақдим этган ҳисоботи ҳам сабаб бўлган.

Исроил маҳсулотларини бойкот қилишдан ташқари, кооператив Ғазо аҳолиси билан бирдамлик кампанияси бошланганини эълон қилди. Хусусан, Coop Alleanza 3.0 Coop For Refugees миллий ташаббусида иштирок этади ва яқинда ўзининг маҳсулот қаторига Gaza Cola'ни қўшди — бу лойиҳа 100 фоиз фаластинлик ишлаб чиқарувчиларга тегишли. Ушбу ичимликни сотишдан тушган маблағ Ғазо секторидаги шифохонани қайта қуришга йўналтирилади.

Мавзуга оид