Жаҳон | 07:41 / 26.06.2025
6486
6 дақиқада ўқилади

Исроил–Эрон уруши: ҳеч ким ютмади

Эрон ва Исроил ўртасидаги уруш тугаганга ўхшаяпти. Ҳар икки давлат ҳам имога маҳтал бўлиб турган экан, Трамп «Бўлди, етар», дейиши билан урушни тўхтатишди. Номига бўлса ҳам «Ишимизга аралашма, ўзимиз ҳал қиламиз», дейишмади. Кейин ҳали охирги отган бомбалари ерга тушиб улгурмасдан кўчага чиқиб байрамни бошлаб юборишди. Хўш, ўзи бу урушни ким ютди? Қуйида шу ҳақда.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Эронда катта байрам

Эрон Қатардаги Америка ҳарбий авиабазасига ракета учириши амалда урушнинг энг якуний нуқтаси бўлди. АҚШ ўнлаб самолётлари билан ҳеч қандай қаршиликсиз Эрон осмонига кириб мамлакатдаги энг йирик ядровий объектларига зарба беришини фақат киноларда кўриш мумкин дердик. Ҳаётда бунақа зарбага учраганидан кейин Эрон одамлари кўз ўнгида қандайдир жавоб бериши керак эди.

Қатардаги базага ҳужумни айнан шундай талқин қилиш мумкин. Ундан ҳеч қандай ҳарбий мақсад кўзланмаган, лекин Эрон раҳбарияти учун бунинг қизиғи ҳам йўқ эди. Улар учун телевизорга чиқиб эронликларга «Биз ғалаба қилдик, Америка ва Исроил яксон қилинди», дейиш, бу гаплар айтилаётганда кадрда Қатар осмонида ракеталар учиб юргани кўрсатилиши етарли эди. Трамп ҳам шунга ўхшаш гаплар айтди эътибор қилган бўлсангиз.

Эронда ҳукумат одамларни байрам қилишга чақирди, одамлар майдонларга чиқиб Исроил устидан қозонилган ғалабани байрам қилишди.

Исроилда фақат бир киши байрам қилди

Лекин Исроилда одамлар кўчага чиқиб байрам қилмади, Эронни енгдик, деб карнай-сурнай ҳам чалишгани йўқ. У ерда жамият бутунлай бошқача. Одамлар ҳамон ҲАМАС асирликдан озод қилмаган исроилликлар учун ўз ҳукуматларини айблашмоқда. Исроилда фақат бир киши – Бинямин Нетаняҳу деган одам байрам қилди. Драматик усулда, турли параллеллар келтириб гапиришни яхши кўрадиган Бибининг спичрайтерлари шу кунларда қўли қўлига тегмай ишлади. Исроил бош вазири турли чиқишларида мамлакат 12 кунлик урушда ғолиб бўлганини эълон қилди.

Нимани байрам қилишди ўзи?

Энди Эрон ва Исроил нимани байрам деб атаётгани ҳақида. Кўпчилик Исроил ўз тарихидаги энг йирик зарбага учраганини айтмоқда, лекин ишонинг, ҲАМАСнинг 7 октябрдаги ҳужуми Эрон ҳужумидан анча даҳшатли бўлганди. Ўша ҳужум пайти Исроилда 1200 киши ўлади, 200 дан ортиқ одам асир олинади ва уларнинг бир қисми ҳамон қайтарилмаган. ҲАМАС ҳужуми икки ҳафта эмас, бир кунгина давом этади. Бир кунлик ҳужумда 1200 киши ўлиши чинакамига Исроил тарихидаги энг даҳшатли воқеа бўлганди.

Эрон ҳужумида Исроилда жуда кўп вайроналар пайдо бўлди. Худди Ғазодаги каби уйлар ер билан битта бўлди, кўп одамлар вақтинча бўлса ҳам уйсиз қолди, минглаб одамлар электрсиз қийналди. Эрон ахборот маконида Исроилни енггандай кўриниши учун мана шу кадрлар етарли бўлди.

Исроилда ҳам байрам қиладиган ҳеч нарса йўқ: Тел-Авив Эрон ядро қуроли ясашга яқинлашди деган иддао билан уруш бошлади, лекин бу даъвони ҳатто АҚШ разведкаси ҳам тасдиқламади. Трамп CNN ва NYT разведка маълумоти деб ёлғон маълумотни тарқатаётганини иддао қилди, лекин бу гапга ишониш қийин. Чунки Америкадаги олди нашрлар разведкадаги манбасига таяниб хабар беряптими, демак бу хабар чиқишини ўша разведкадагилар истаган бўлади. Америка фақат президентнинг айтгани бўладиган давлат эмас ахир.

Трамп ҳам «Эрон ядро дастурини яксон қилдик», деб айтмоқда, лекин бунга ҳам айтарли исбот йўқ. Чиндан Америка самолётлари Эрон ичкарисигача кириб тонналаб бомба ташлаши жиддий ҳарбий операция ҳисобланади, лекин бу амалиёт муваффақиятли ўтди деб космосдан олинган тоғнинг тушунарсиз суратини кўрсатиш... Билмадим буни қандай муваффақиятли амалиёт дейиш мумкин. Чиндан сунъий йўлдош олган кадрларда тоғда туйнуклар пайдо бўлгани кўринади. Лекин ракета ядро объекти эмас, оддий кўмир кони устида тушган бўлсачи? Буни мистер Трамп ва ҳарбийлари исботлаб беролмайди.

Ахборот маконидаги уруш

Хуллас, жаноблар, бу асосан ахборот маконидаги уруш бўлди. Ҳар томон ўз ички аудиториясига нимани кўрсатишни хоҳлаган бўлса, кўрсатди. Ва уч томон ҳам бу отишмалар номини ғалаба деб қўйди. Эрон ва Исроил ҳеч қандай қуруқликдаги тўқнашувлар, окопдаги отишмалар, диверсион ҳужумларсиз, шунчаки бир нечта давлат устидан бир-бирига ракета отиб қочишни ғалаба деётганини кўрган руслар ва украинлар мийиғида кулиб қўяётган бўлса керак сенлар уруш нималигини қаёғдан биласан, деб.

Ана шунақа гаплар, ахборот энг кучли қуролга айланган дунёда урушлар ҳам окопларда эмас, телевизорларда кечмоқда. Европадаги биз эслаган урушдан ташқари, албатта.

Ўткир Жалолхонов тайёрлади
Тасвирчи ва монтаж устаси – Фахриддин Ҳотамов

Мавзуга оид