Жаҳон | 08:31 / 25.06.2025
1530
2 дақиқада ўқилади

Россия ва Мали атом энергетикаси соҳасида ҳамкорлик тўғрисида шартнома имзолади

Ҳужжатларни имзолаш маросими Россия президенти Владимир Путин ва Малининг ўтиш даври президенти Ассими Гоита ўртасидаги музокаралар якунланганидан кейин бўлиб ўтди.

Фото: atomic-energy.ru

Россия ва Мали атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битимни имзолади. Бу ҳақда Россиянинг «Росатом» давлат корпорацияси хабар берди.

Ҳужжатларни имзолаш маросими Кремлда Россия президенти Владимир Путин ва Малининг ўтиш даври президенти Ассими Гоита ўртасидаги музокаралар якунланганидан кейин бўлиб ўтди.

Кремл матбуот хизмати хабар беришича, Мали Республикасининг ўтиш даври президенти Ассими Гоитанинг Россия Федерациясига расмий ташрифи доирасида қуйидаги ҳужжатлар имзоланган: Россия ва Мали ўртасидаги муносабатларнинг асосий тамойиллари тўғрисидаги битим; Россия ҳукумати ва Мали ҳукумати ўртасида савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро Россия-Мали комиссиясини ташкил этиш тўғрисидаги битим; Россия ҳукумати ва Мали ҳукумати ўртасида атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги битим.

«Ушбу шартноманинг имзоланиши Россия ва Мали ўртасидаги стратегик шерикликнинг янги босқичини англатади. Биз ҳамкорларимизга энергетика ва илм-фаннинг барқарор ривожланишини қўллаб-қувватлаш учун тажриба ва технологияларни тақдим этишдан мамнунмиз. Тинч атом соҳасидаги қўшма ишлар ҳар икки давлат учун кенг имкониятлар очади ва дўстлик ва ўзаро ишончни мустаҳкамлашга ҳисса қўшади», деди «Росатом» давлат корпорацияси бош директори Алексей Лихачев.

Таъкидланишича, келишув 2024 йил 25 март куни «Росатом» давлат корпорацияси ва Мали Энергетика ва сув ресурслари вазирлиги ўртасида тузилган Россия-Мали ҳамкорлигини ривожлантириш бўйича «Йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш мақсадида «Атомэкспо» халқаро форуми доирасида имзоланган.

Мавзуга оид