Ўзбекистон | 22:58 / 25.06.2025
5785
5 дақиқада ўқилади

Блогер уйида тимсоҳ сақлаб келгани аниқланди, Ўзбекистон Швеция билан миграция соҳасида келишув имзолади, фуқаро оқланганидан сўнг ҳам 207 кун қамоқда ўтирди – маҳаллий дайжест

Ўзбекистонда беш ойда 42 киши овқатдан заҳарланди. Тошкентда блогер уйида тимсоҳ сақлаб келгани аниқланди. Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига айрим ваколатлар берилади. Хоразмда фуқаро оқланганидан сўнг ҳам 207 кун қамоқда ўтирди. Кун давомида Kun.uz ёритган шу ва бошқа муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.

Тошкентда блогер уйида тимсоҳ сақлаб келгани аниқланди

Ижтимоий тармоқларда блогер уйида Нил тимсоҳини сақлаётгани акс этган видеолар юзасидан Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ўрганиш олиб борди.

Ўтказилган рейд давомида Тошкент шаҳрида яшовчи фуқаро яшаш манзилида бир бош Нил тимсоҳини сақлаётгани аниқланди.

Ҳуқуқбузарга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддаси билан маъмурий баённома расмийлаштирилди. Иш юзасидан тўпланган ҳужжатлар ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш ва тегишли чора кўриш учун суд органларига юборилди. Тимсоҳ Тошкент ҳайвонот боғига топширилди.

Ўзбекистон ва Швеция ўртасида миграция соҳасида келишув имзоланди

Миграция агентлиги раҳбари Беҳзод Мусаев ва Швеция миграция вазири Йоҳан Форсселл ўртасида Ўзбекистон ва Швеция миграция соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга бағишланган учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда ноқонуний миграциянинг олдини олиш, инсон ҳуқуқларни ҳимояловчи, қулай, шаффоф ташкиллаштирилган миграция механизмларини яратиш масаласи муҳокама қилинди.

Бугунги кунда Швециядаги демографик жараёнлар туфайли транспорт, қурилиш, саноат, тиббиёт, таълим ва хизмат кўрсатиш соҳаларида кадрлар етишмовчилиги кузатиляпти. Ўзбекистон ушбу мамлакат меҳнат бозорига малакали мутахассисларни тайёрлаш ва олиб кириш учун етарли салоҳиятга эга.

Томонлар икки мамлакат ўртасида марказлаштирилган рақамли платформа яратиш, қурилиш, логистика ва тиббий хизматлар йўналишларига иш берувчилар талаби асосида ўзбекистонлик юқори малакали кадрларни тайёрлаш ва Швецияда бандлигини таъминлашга қаратилган пилот лойиҳаларини бошлаш каби ташаббусларни илгари сурди.

Беш ойда 42 киши овқатдан заҳарланди

2025 йилнинг ўтган 5 ойи давомида Ўзбекистонда 14 та ҳолатда овқатдан заҳарланишлар рўйхатга олиниб, унда 42 нафар фуқаро жабрлангани маълум қилинди.

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасига кўра, юзага келган овқатдан заҳарланиш ҳолатларининг ўнтаси уй шароитида тайёрланган консерва маҳсулотларини истеъмол қилиш натижасида юзага келган. Улардан 8 нафарини болалар ташкил этади.

Учта ҳолатда овқат токсикинфекцияси қайд этилиб, 13 нафар фуқаро жабрланган, шундан 8 нафарини болалар ташкил этади. Кимёвий заҳарланиш битта ҳолатда қайд этилган.

Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига айрим ваколатлар берилади

«Ўзбекистон Республикасида маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолиятини 2030 йилга қадар ривожлантириш» концепциясига кўра, Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига қатор ваколатлар берилади.

Хусусан, улар давлат кўчмас мулкидан фойдаланганлик учун ижара тўловининг энг кам ставкаларини белгилаш, дафн этиш жойларини сақлаш қоидаларини ва дафн этиш хизматларини кўрсатиш бўйича тарифлар миқдорини тасдиқлаш каби ваколатларга эга бўлади.

Шунингдек, кенгашлар йўлларнинг айрим қисмларида ҳаракатланиш тезлигини оширишга ёки камайтиришга рухсат бериши мумкин.

Фуқаро оқланганидан сўнг ҳам 207 кун қамоқда ўтирди

Хоразм вилоятида фуқаро судянинг қўпол хатоси туфайли 8 ой жазони ижро этиш муассасасида асоссиз сақлангани аниқланди.

Маълум бўлишича, фуқаро Рустам Хўжаниёзов ва бошқалар бир нечта эпизодда савдо дўкони олдида турган ёғ маҳсулотларини ўғирлаганликда айбланган. Уларнинг барчаси 2023 йил октябр ойида ушланиб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.

Иш судга чиққан. Жиноят ишлари бўйича Урганч шаҳар судининг 2024 йил март ойидаги ҳукми билан Рустам Хўжаниёзов айбли деб топилган ва унга 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Жиноят иши Хоразм вилояти суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати тафтиш инстанциясида кўриб чиқилган. Тафтиш инстанциясининг ўтган йил июлдаги ажрими билан биринчи инстанция суди ҳукмининг Рустам Хўжаниёзовга оид қисми ўзгартирилган. Яъни Рустам Хўжаниёзов «ўғирлик» моддаси билан қўйилган айблов эпизодларида қайд этилган жиноятни содир этганликда айбсиз деб топилган.

Ажримда Рустам Хўжаниёзовни маъмурий жавобгарликка тортиш масаласи бўйича тегишли ҳужжатлар ИИБга юборилиши белгиланган. Бироқ тафтиш инстанцияси ажримида Рустам Хўжаниёзовга нисбатан қўлланган қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини бекор қилиб, уни жазони ижро этиш муассасасидан дарҳол озод қилиш ёзилмай қолган. Бунинг оқибатида Рустам Хўжаниёзов асоссиз равишда жазони ижро этиш муассасасида 207 кун сақланган.

Судялар Олий кенгаши матбуот хизматининг Кun.uzʼга маълум қилишича, ҳолат юзасидан хизмат текшируви ўтказилган ҳамда судянинг ушбу хатоси ўз тасдиғини топган. Ишни тафтиш инстанциясида кўрган 3 нафар судяга нисбатан хайфсан интизомий жазо чораси қўлланган.

Мавзуга оид