Жаҳон | 14:55 / 24.06.2025
1178
2 дақиқада ўқилади

Xiaomi, Ugreen ва Baseus хавфсизлик таҳдиди туфайли пауэрбанкларни қайтариб олишни бошлади

Қурилма эгаларига уларни қайтариб бериш ёки йўқ қилиш тавсия этилади, акс ҳолда батареяларнинг ҳаддан ташқари қизиши ва ёнғин хавфи мавжуд.

Фото: Ugreen

Хитойнинг Anker, шунингдек, Xiaomi, Ugreen, Baseus ва Aukey компаниялари хавфсизлик таҳдиди туфайли машҳур пауэрбанкларнинг бир нечта моделларини қайтариб олишини эълон қилди. Қурилма эгаларига уларни қайтариб бериш ёки йўқ қилиш тавсия этилади, акс ҳолда батареяларнинг ҳаддан ташқари қизиши ва ёнғин хавфи мавжуд.

Қуйидаги Anker моделлари чақириб олинади: Magnit Power Bank 10 000 mAh (А1642), Anker 335 Power Bank (А1647), Anker Zolo Travel Power Bank (А1680 ва А1681), шунингдек, А1257, А1689 ва А1652 рақамларига эга моделлар.

Бошқа ишлаб чиқарувчилар қуйидаги қурилмаларни қайтариб олади: 33 ваттли Xiaomi Power Bank, 20 ваттли Romoss PAC20PRO ва Romoss WMS10Q-491, Magnetic Wireless Charger, 30 ваттли Ugreen PB511, 20 ваттли Baseus Power Bank, шунингдек, Aukey маҳсулотлари.

Муаммога Ampirus қувват элементлари сабаб бўлган, улар аллақачон Хитойнинг 3C сертификатидан маҳрум қилинган.

Гарчи қайтариб олиш биринчи навбатда Хитой бозорига тегишли бўлса-да, ҳеч бўлмаганда ушбу қувват банкларининг бир қисми AliExpress каби халқаро платформаларда сотилади, шунинг учун бутун дунё бўйлаб ушбу қурилма эгалари эҳтиёт бўлиши керак.

Мавзуга оид