Жаҳон | 11:52 / 24.06.2025
19141
2 дақиқада ўқилади

Исроил Эрон билан урушда сулҳга эришилганини тасдиқлади

Исроил Эрон билан можарода барча ҳарбий мақсадларига эришди, дея ҳукуматга маълумот берди бош вазир Бинямин Нетаняҳу.

Фото: Reuters

Исроил расмийлари Эрон билан ҳарбий можарода аввалроқ АҚШ президенти Доналд Трамп томонидан эълон қилинган ўт очишни тўхтатиш келишуви кучга кирганини тасдиқлади. Бу ҳақда 24 июн, сешанба куни эрталаб Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳунинг идораси маълум қилди. Баёнотга кўра, Нетаняҳу ўз вазирлар маҳкамасига Исроил ўзининг барча ҳарбий мақсадларига эришганини маълум қилган.

Бу баёнот Трампнинг Truth Social микроблогидаги янги постидан кейин берилган. У Эрон ва Исроил ўртасидаги ўт очишни тўхтатиш келишуви кучга кирганини ёзди. «Оташкесим аллақачон амалда. Илтимос, уни бузманг», деди у.

Бундан олдин, тунда Трамп ҳарбий амалиётларнинг тўхтатилиши босқичма-босқич амалга оширилишини тушунтирди: Эрон Исроилга ҳужумларни тахминан эрталаб соат 6:00 да тўхтатиши керак, Исроил эса 12 соатдан кейин шунга амал қилади. 24 соатлик муддатдан сўнг, Трампнинг сўзларига кўра, уруш «расмий равишда тугайди».

Айни пайтда кечаси Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арағчи Трампнинг Исроил билан ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришгани ҳақидаги баёнотини рад этди. Шу билан бирга, у X ижтимоий тармоғида Исроил 24 июн куни эрталаб соат 4:00 га қадар ҳарбий ҳаракатларини тўхтатса, Эрон унга зарба беришни тўхтатишини ёзди. Теҳрон ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш бўйича якуний қарорни кейинроқ қабул қилади, дея қўшимча қилди Арағчи.

Мавзуга оид