Ўзбекистон | 21:10 / 23.06.2025
2015
2 дақиқада ўқилади

Йил якунигача 12 та қуёш ва 4 та шамол электр станцияси ишга туширилади

Президент Шавкат Мирзиёев 23 июн куни йирик саноат корхоналарини «яшил» энергия билан таъминлаш чора-тадбирларига оид тақдимот билан танишди.

Қайд қилинишича, 2030 йилга бориб, юртимиз аҳолиси 41 миллиондан, иқтисодиёт ҳажми 200 миллиард доллардан ошиши кутилмоқда. Табиийки, бу электр энергиясига қўшимча талаб туғдиради.

Тақдимотда бу йил амалга оширилаётган лойиҳалар ва яқин келажакдаги режалар ҳақида ахборот берилди. Улардан асосий мақсад генерация, модернизация ва энергия самарадорликдир.

Хусусан, йил якунигача 12 та қуёш ва 4 та шамол электр станцияси, 12 та энергия сақлаш тизими ишга туширилади. Уларга инвестиция ҳажми жами 5 миллиард доллардан зиёд бўлиб, салкам 9 миллиард киловатт-соат қувватга эга бўлади. Шунингдек, бу йил умумий қиймати 7 миллиард 200 миллион долларлик яна 11 та лойиҳа қурилиши бошланади.

Юртимизда жами электр истеъмолининг учдан бир қисми 18 та тармоққа тўғри келади. Масалан, сув хўжалигидаги насосларга йилига 6,5 миллиард киловатт соат электр сарфланяпти. Шу боис 12 та йирик насосни модернизация қилиб, ҳар бирига 75-100 мегаваттли қуёш станцияси ҳамда 50 мегаваттли сақлаш қурилмаси ўрнатиш вазифаси белгиланди. Натижада насосларнинг электр сарфи йилига 2 миллиард киловатт-соатга камайиб, 4,5 миллиард киловаттга тушади. Бу ишлар, аввало, сув чиқариш таннархи баланд бўлган Қарши магистрал каналидан бошланади.

Нефт-газ корхоналарида ҳам 240 мегаваттли қуёш станцияси ва 300 мегаваттли сақлаш қурилмалари ўрнатиб, камида 600 миллион киловатт-соат электр олиш имконияти бор.

Умуман, йиғилишда электр истеъмоли юқори 18 та тармоқни ўзини ўзи энергия билан таъминлайдиган тизимга ўтказиш чора-тадбирлари муҳокама қилинди. Ижтимоий муассасаларда қуёш энергиясидан фойдаланиш борасидаги ишлар ҳақида ҳам ахборот берилди.

Мавзуга оид