Иқтисодиёт | 12:40 / 23.06.2025
1444
2 дақиқада ўқилади

Хитой банки Ўзбекистонга IT'ни ривожлантириш учун 500 млн доллар ажратади

Хитой Экспорт-импорт банки билан телекоммуникация соҳасида 500 миллион долларга тенг миқдорда қарз шартномаси имзоланди. 

Фото: Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги

21 июн куни Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов Хитой Экспорт-импорт банки бошқаруви раиси Чен Хуайюй билан учрашув ўтказди.

Учрашув давомида амалдаги келишувлар ижроси ва янги йўналишлар бўйича ҳамкорлик истиқболлари, жумладан, гидроэнергетика объектлари қурилиши, қишлоқ хўжалиги соҳасининг барқарор ривожланишига ва транспорт инфратузилмасини модернизация қилишга хизмат қилувчи лойиҳалар муҳокама қилинди.

2002 йилдан буён Хитой Эксимбанки билан ҳамкорликда умумий қиймати 3,2 миллиард АҚШ долларига тенг бўлган 51 та лойиҳа амалга оширилди. Улар замонавий инфратузилма қурилиши, «яшил» энергетика, транспорт, қишлоқ ва сув хўжалиги, таълим, соғлиқни сақлаш ва бошқа соҳаларни қамраб олган. Айни пайтда 1,9 миллиард доллар қийматидаги 2 лойиҳа амалга оширилмоқда, 2,2 миллиард доллар миқдоридаги 13 лойиҳа эса кўриб чиқилмоқда.

Учрашув якунида телекоммуникация соҳасида 500 миллион АҚШ долларига тенг миқдорда қарз шартномаси имзоланди. ИССВ раҳбари Лазиз Қудратов лойиҳа тезкор ва самарали амалга оширилишининг муҳимлигини таъкидлаб, IT соҳасидаги лойиҳаларни Эксимбанк томонидан қўллаб-қувватланиши ижобий натижалар беришига ишонч билдирди.

Мавзуга оид