Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Уй сотиб олишда эскроу тизими жорий этилади, Хоразмда ҳоким ўринбосари 8 йилга қамалди ва Тошкентда 11 ёш қизни ток урди – маҳаллий дайжест
Ўзбекистонда 1 июлдан уй сотиб олишда эскроу тизими жорий этилади. Курерлик фаолиятини амалга ошириш тартиби белгиланди. Тошкент ва Пусан йўналиши бўйича мунтазам авиақатновлар йўлга қўйилди. Тошкентда 11 ёшли қиз ток уришидан вафот этди. Кун давомида Kun.uz ёритган шу ва бошқа муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.

1 июлдан уй сотиб олишда эскроу тизими жорий этилади
2025 йил 1 июлдан Ўзбекистонда уй-жой харид қилиш жараёнида эскроу тизими амалиётга жорий этилади.
Янги тартиб фуқароларнинг ҳуқуқларини муҳофаза қилиш ҳамда қурилиш соҳасида қонунийликни таъминлашга хизмат қилади.
Янги тизимга кўра, шартномалар фақат давлат рўйхатидан ўтган қурилиш объектлари бўйича тузилади. Шунингдек, харидор тўлаётган маблағ тўғридан тўғри қурилиш компаниясига берилмайди, балки банкдаги махсус эскроу ҳисобварақ орқали амалга оширилади, қурилиш ишлари камида 30 фоизга бажарилганидан сўнггина банк томонидан маблағ кўчирилади ёки кредит ажратилади.
2026 йил 1 январдан бошлаб эса фақат эскроу ҳисобварақ орқали ҳисоб-китобларга рухсат этилади, қурилиш соҳасида шаффофликни таъминлаш мақсадида «Шаффоф қурилиш» ахборот тизими жорий этилади.
Курерлик фаолиятини амалга ошириш тартиби белгиланди
«Электрон тижоратда курерлик хизмати фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисида»ги низом Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди.
Низомга кўра, курер тадбиркор ҳамда етказиб бериш хизмати операторлари билан меҳнат шартномаси ва (ёки) фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар асосида товарларни етказиб берувчи жисмоний шахс, шу жумладан, ўзини ўзи банд қилган шахс ҳисобланади.
Етказиб бериш хизмати операторлари ва курерлар шартномада назарда тутилган бўлса, харидорлардан товар ва етказиб бериш хизматлари учун тўловларни қабул қилишга ҳақли.
Бунда назорат-касса техникасини мажбурий қўллаш ёки электрон ёхуд қоғоз шаклида чек тақдим этилиши керак. Озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб беришда транспорт воситалари ва термоконтейнерларнинг тоза ҳамда соз ҳолатда бўлиши, мунтазам ювилиши ва дезинфекция қилинишига амал қилиш лозим.
Тошкент ва Пусан йўналиши бўйича мунтазам авиақатновлар йўлга қўйилди
Жанубий Кореянинг Пусан шаҳрига «Қанот Шарқ» авиакомпаниясининг илк самолёти бориб қўнди. Анъанага кўра, самолёт сув аркаси билан тантанали равишда кутиб олинди. «Пусан-Тошкент» йўналиши бўйича илк парвоз арафасида аэропортда мазкур ҳаво қатновининг тантанали очилиш маросим бўлиб ўтди.
Шу тариқа, Тошкент ва Пусан ўртасида мунтазам қатновлар йўлга қўйилди. Парвозлар қулай А-330 самолётларида ҳафтасига икки марта – чоршанба ва пайшанба кунлари амалга оширилади.
Пусан шаҳри – Сеулдан кейин Жанубий Кореянинг иккинчи йирик шаҳри ва мамлакатдаги энг катта порт шаҳар ҳисобланади.
Ҳокимнинг собиқ ўринбосари 8 йилга қамалди
Хоразм вилояти Қўшкўпир тумани ҳокими собиқ ўринбосари озодликдан маҳрум қилинди. Kun.uz суд ҳужжати билан танишди.
34 ёшли Бекзод Давлатов Қўшкўпир тумани ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари лавозимида ишлаб келган.
У ўзида қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган ер майдонларини ажратиш ваколати бўлмаса-да, ўтган йилнинг ноябрида фуқарога туман ҳокимлиги захирасида бўлган жами 51,1 га ер майдонини аукцион савдолари орқали унинг номига расмийлаштириб беришни ваъда қилган. Бунинг эвазига ҳокимлик тизимидаги юқори лавозимларда ишловчи мансабдор шахсларга ҳар бир гектар ер майдони учун 500 доллардан жами 25 минг доллар ва дастлабки ҳужжатларни расмийлаштириш учун яна 50 млн сўм бериши кераклигини айтиб, алдаган.
Жиноят ишлари бўйича Тупроққалъа туман судининг 2025 йил 11 апрелдаги ҳукми билан Бекзод Давлатовга 2 йил давлат иштирокидаги корхона ва ташкилотларда моддий жавобгар ҳамда мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 8 йил 1 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Жазони умумий тартибли колонияда ўташ белгиланган.
Тошкентда 11 ёшли қиз ток уришидан вафот этди
Ижтимоий тармоқларда 11 ёшли қизни ток уриши оқибатида вафот этгани ҳақидаги хабарлар тарқалди. Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати ҳолат юзасидан расмий маълумот берди.
Тошкент шаҳар ИИББ маълумотида келтирилишича, ҳодиса 30 май куни содир бўлган. 2014 йилда туғилган қиз Миробод тумани Амир Темур кўчасидаги савдо дўконлардан бирининг том қисмига укасининг ўйинчоғини олиб тушиш учун нарвон ёрдамида чиққан.
Қиз ўйинчоқни олиб қайтиб тушаётган вақтида том қисмига яқин жойдан ўтувчи электр тармоғини ушлаб олган. Бунинг оқибатида у ток уриб, воқеа жойида вафот этган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Тавсия этамиз
Соч тўкилиши, кўз ости қорайиши, лаб ёрилиши: тана тили бизни нималардан огоҳлантиради?
Жамият | 17:08
Роман Старовойт – урушнинг курсидаги қурбони
Жаҳон | 22:00 / 08.07.2025
Қозоғистонда куйдирги тарқалди, икки қишлоқ карантинга олинди
Жаҳон | 17:57 / 08.07.2025
11 июлдан IELTS имтиҳонини қоғозда топшириш бекор қилинади
Ўзбекистон | 15:45 / 08.07.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Veolia Energy Tashkent иссиқлик тармоқларининг гидравлик синовларини тўхтатди
Ўзбекистон | 19:07
-
Россияда оғир аҳволга тушиб қолган Ўзбекистон фуқароси ватанга қайтарилди
Жамият | 19:01
-
Япония билан ҳамкорликда амалга оширилаётган таълим: Тошкент Кимё университети янги босқичда
Жамият | 19:00
-
Бу йил Тошкент шаҳрига 8 миллиард доллар инвестиция жалб қилинади
Ўзбекистон | 18:33
Мавзуга оид

23:11 / 09.07.2025
Шавкат Мирзиёев 15-20 дақиқа тирбандликда қолиб кетди, Фарҳод бозорида товламачилик билан шуғулланган жиноий гуруҳ аъзолари ушланди — маҳаллий дайжест

23:35 / 08.07.2025
Ўзбекистонда IELTS имтиҳонини қоғозда топшириш тартиби бекор қилинади, хориждан қайтган фуқаролар мажбурий тиббий текширувдан ўтказилади — маҳаллий дайжест

23:14 / 07.07.2025
Тошкентда боғда одамлардан пул йиғиб келган йигитлар ушланди, Ўзбекистон БРИКСнинг ҳамкор давлатига айланди — маҳаллий дайжест

23:19 / 04.07.2025