Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Май ҳам ўтди, қонундан эса дарак йўқ: давлат хизматчилари даромади қачондан декларацияланади?
Президент фармони билан шу йил май ойигача “Давлат хизматчиларининг даромадлари ва мол-мулкини декларация қилиш тўғрисида”ги қонун ишлаб чиқилиши керак эди. Ижрочи – Акмал Бурҳонов бошлиқ Антикоррупция агентлиги. Июлнинг ўртасига ҳам келдикки, лойиҳадан дарак йўқ. Kun.uz қабул қилиниши 8 йилдан буён ортга суриб келинаётган қонуннинг аҳамияти, қолаверса, яна бошқа муҳим масалалар ҳақида фаоллар билан суҳбатлашди.

2017 йилдан бери “Давлат хизматчиларининг даромадлари ва мол-мулкини декларация қилиш тўғрисида”ги қонун қабул қилиниши кутилади. Шу йил 5 март куни президент бошчилигида коррупция масалаларига бағишланган кенгайтирилган йиғилишда бу масалага узил-кесил нуқта қўйилиб, ҳужжат май ойида тайёр қилиниши юзасидан топшириқ берилганди. Бу давлат раҳбарининг тегишли фармони билан ҳам мустаҳкамланди.
Аммо июл ойи келдиямки, қонундан дарак йўқ. Хўш, нима сабаб бу кечиктириляпти, ўзи бу қонун бизга нега керак эди, бундан ташқари, шу йил январдан кучга кирган “Манфаатлар тўқнашуви” тўғрисидаги қонун қандай ишлаяпти? Kun.uz шу каби саволлар билан сиёсатшунос Ҳамид Содиқ ҳамда ҳуқуқшунос Жавоншер Рустамовга юзланди. Қуйида суҳбатдан қисқа шарҳ келтирилади.
“Давлат ҳокимияти органлари ходимларининг пуллари назорат қилиб турилиши керак”
Ҳамид Содиқ суҳбат аввалида нима сабаб ҳокимият бошқарувчиларининг мол-мулки декларация қилиниши лозимлигини тушунтиришга уринди.
Унинг айтишича, давлатчилик босқичларидан келиб чиқилса, модерн дунёда ҳокимият инсонга тегишли деб ҳисоблана бошланган, шунга мувофиқ ундан келадиган ресурс ва пуллар ҳам халқникидир.
“Жон Локк деган олим бошқарув ҳақида иккита трактат ёзади ва бу либерализмнинг асосини ташкил қилади. Oлдин ҳокимият хонга, подшоҳга, императорга бутунлай тегишли бўладиган бўлса, энди ҳар биримизга тегишли деган концепцияни илгари сурди. Ҳар биримизга тегишли ва умумий олганимизда ҳокимият халққа тегишли, деди.
Демак, пул фақат халқники бўлиши мумкин деган умумий концепт пайдо бўлди ва халқ ўзига хизматкорларни ёллайди. Булар давлат хизматчилари. Шунинг учун ҳам давлат хизматчилари дейди буни. Ўзи аслида давлат хизматчилари эмас, булар моҳиятан халқ хизматчилари. Чунки халқнинг пулига ишлайди ва мана шу концепт асосида улардаги қилинаётган ҳар бир иши шаффоф бўлиши керак, деган умумий принциплар вужудга келди.
Яъни уларда ойликдан ташқари пул бўлиши мумкин эмас. Хонларда ойликдан ташқари пул бўлиши мажбурий эди. Чунки у дейлик, хон ёки императорнинг фуқароси йўқ эди, унда табаа бор эди. Фуқаро дегани бу сиёсий тушунча, давлатни бошқаришда иштирок этади, пул уники, пулларини ҳам, ҳокимиятни ҳам назорат қилади деган бир қоида бор эди. Ва биз шунақа давлатмиз.
Демак, ҳокимият ҳеч кимга, яъни мансабдорларнинг ҳеч бирига тегишли эмас, халққа тегишли. Демак, пул ҳам халққа тегишли ва булар биз уни назорат қилиб туришимиз керак деган қоида асосида вужудга келаётган талаблар. Шунинг учун мана шунақа замонавий, модерн давлатларида давлат ҳокимияти органлари ходимларининг пуллари, оиласининг пуллари назорат қилиб турилиши керак дейилади”, – дейди сиёсатшунос.
У сўзида давом этаркан, Ўзбекистонда “Давлат хизматчиларининг даромадлари ва мол-мулкини декларация қилиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинмаётганининг назарий сабабларидан бири сифатида ҳокимиятнинг камчилик қўлида тўпланиб қолгани ва ҳокимият ваколатларини тақсимлашга мажбур қиладиган сиёсий институтларнинг яхши ишламаётганини келтирди.
“Қонундан мақсад – ижтимоий муносабатларни тартибга солиш”
Жавоншер Рустамов эса қонун қабул қилинмаётганини 3 та сабаб: сиёсий ирода, қонунчилик базаси ва технологик имкониятлар етарли эмаслиги билан боғлади.
“Биринчиси, сиёсий институтлар, яъни бу демократия, давлатда сиёсий режимлар тизими билан боғлиқ бўлса, иккинчиси, яъни бу учала омил ҳам бир-биридан мустақил ҳаракат қила олмайди.
Иккинчи омил — қонунчилик базаси дедик. Қонунчилик базаси нимага? Эътибор берсак, биринчи “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун 2017 йилда қабул қилинди. Бизда бу пайтгача унақа қонун йўқ эди. Кейин “Давлат хизматчиси тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. 2024 йилда “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. 2025 йил, адашмасам, май ёки апрел ойида фармон қабул қилинди, давлат хизматчиларини категорияга бўлишди, ким нимага масъул, қанақа даражалар берилиши белгиланди.
Яъни Ҳамид ака айтганларидек, баъзи бир ислоҳотларни амалга оширмасдан туриб, бу қонунни қабул қилиш ҳеч қанақа аҳамиятга эга эмас ва қабул қилиш имкониятсиз. Бизда мана, энди қонунчилик базаси шаклланяпти. Юқорида айтиб ўтилган қонунлар қабул қилинди. Бу қонунни қабул қилмасдан туриб, биз 2017 йилда берилган топшириқ бўйича икки ой ичида ёки 2020 йилда берилган икки ой ичида лойиҳа ишлаб чиқсак, уни амалда татбиқ қила олмас эдик”, – деди Рустамов.
Ҳуқуқшуноснинг айтишича, бу қонун ишлаб чиқилишидан асосий мақсад – ижтимоий муносабатларни тартибга солиш ва кучсизларни кучлилардан ҳимоя қилишдир. "Аммо айни қонун лойиҳасида бундай руҳият йўқ", – дейди у.
“Бу қонунни қабул қилишдан қўрқиш керак эмас”
Ҳамид Содиқнинг айтишича, қонундаги энг асосий вазифа ҳокимиятдаги балансни бузмаслик бўлиши керак. Яъни сиёсатшунос ҳокимият аслида энг катта куч эканини, бу куч атрофида пул каби турли ресурслар йиғилиши табиий эканини, юқородаги каби ҳужжатлар эса буни тартибга солиши кераклигини билдирди.
“Политологияда олигархлар бор, полигархлар бор. Мана шу декларациялаш тўғрисидаги қонун полигархларга қарши курашиш учун [ёзилган]. Бу нима дегани? Олигарх дегани — бу иқтисодий, молиявий соҳада туриб, катта маблағларга эга бўлган одамлар. Хўп, уларнинг муаммоси йўқ.
Полигархлар эса ўзи сиёсатда туриб, жуда ҳам катта пул орттирганлар. Яъни, "поли" дегани бу "политика" дегани, "гарх" дегани ўша пули бор, катта сармояга эга инсонлар. Энг ёмони – мана шу полигархлар. Чунки полигархлар гибрид бўлади. Яъни, улар билан қандай курашишни билмайсан.
Уларда жуда ҳам катта пул ҳосил бўлгандан кейин, қарасанг, жуда ҳам кучли оммавий ахборот воситалари бор, жуда ҳам кучли жиноят олами вакилларидан танишлари бор ва шу билан бирга миллиардлаб пулларни айлантиргандан кейин, уларнинг геосиёсий балансни таъминлайдиган субъектлари ҳам давлатдан ташқарида, демак, имкониятлари бўлгани учун ҳокимиятлар тақсимлаш принципини бутунлай бузиб ташлайди.
Мен айтган бўлардимки, бу қонунни қабул қилишдан қўрқиш керак эмас. Тайёргарлик чексиз бўлиши керак эмас. Конфликтга кира олишни сиёсий ирода дейди. Агар сен рақобатбардош бўлмасанг, нима бор? Шаффоф бўла олмайдиган бўлсанг, нима бор? Шаффоф бўла олиш керак”, – дея қайд этади сиёсий таҳлилчи.
Интервю давомида суҳбатдошларимиз бунга қарши курашишда сиёсий институтлар ишлаши кераклигини, қолаверса, мансабдорлар орасида манфаатлар тўқнашуви масаласи, Ўзбекистонда бу вазият қандайлиги, Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг фаолиятига ҳам тўхталиб ўтишди.
Тўлиқ видеони юқоридаги ҳавола орқали томоша қилишингиз мумкин.
Дилшода Шомирзаева суҳбатлашди.
Тавсия этамиз
Навоийни кимлар заҳарлаяпти? – экология вазири изоҳ берди
Ўзбекистон | 11:23 / 25.07.2025
Ишдаги ишқнинг якуни: селекторда “қўлга тушган” амалдор ишдан олинди
Ўзбекистон | 10:42 / 25.07.2025
Франция Фаластин давлатини тан олади — Макрон
Жаҳон | 09:46 / 25.07.2025
Ниҳоят: келаётган ҳафтада салқин ҳаво оқими кириб келиши кутилмоқда
Ўзбекистон | 20:03 / 24.07.2025
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид

10:31 / 25.07.2025
Соғлиқни сақлаш вазири коррупцияга қарши курашишда жамоатчиликни ҳамкорликка чақирди

12:15 / 24.07.2025
Украинада коррупцияга қарши кураш агентликлари билан боғлиқ вазият бўйича намойишлар давом этмоқда

15:09 / 23.07.2025
Украинада коррупцияга қарши хизматлар мустақиллиги бекор қилиниши мумкин

15:16 / 22.07.2025