Ўзбекистон | 16:00 / 20.06.2025
2088
6 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон талабаларига Японияда ишлаш имкони: Daiwa House ва ТКХУ ўртасида стратегик учрашув

Тошкент Кимё халқаро университети (ТКХУ) 2025 йил июнь ойида Япониянинг етакчи компаниялари вакилларидан иборат нуфузли делегацияни қабул қилди. Лойиҳа асосида ўзбек талабалари Япониянинг архитектура ва қурилиш соҳасидаги етакчи компаниясида ишлаш имконига эга бўлишади.

Миграция агентлигининг хабар беришича, Япония 10 минг нафар ўзбекистонлик мутахассисларни иш билан таъминлайди. Икки мамлакат ўртасида имзоланган келишувда Японияга виза тартибини соддалаштириш масаласи ҳам кўтарилган. Стратегик ҳамкорлик юзасидан Япониянинг Daiwa House қурилиш компанияси Тошкент Кимё халқаро университетига ташриф буюрди.

Делегация таркибида Daiwa House Industry Co., Ltd. бош директори Кеиичи Ёши, халқаро бизнес бўлими раҳбарлари, шунингдек, Tokio Marine & Nichido Fire Insurance компаниясининг Ўзбекистондаги вакили Муҳсин Ачилов ҳам иштирок этди.

Университетимизда халқаро алоқаларга катта эътибор қаратамиз. Ҳамкорларимиз сони кундан кунга ортиб боряпти. Талабаларнинг энг асосий талаби – уларни иш билан таъминлаш. Бизнинг асосий стратегиямиз университет талабаларини халқаро миқёсда иш билан таъминлаш, уларни халқаро бозорга етказиш билан шуғулланамиз.

Бугун Япониянинг йирик Daiwa House компанияси раҳбарияти ташриф буюрди. Ўзи 2 йилдан бери Япония билан алоқаларимиз бор эди. Уларга малакали кадрларни тайёрлаб бериш, Японияда таҳсил олиш, амалиётларни ташкил этиш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйганмиз. Daiwa House компанияси дунё бўйича йирик компания саналади”, - деди Архитектура ва шаҳарсозлик, қурилиш таълими йўналиши декани Камолиддин Саидов.

Делегацияни университет муассиси, профессор Алишер Ваҳобов бошчилигида университет жамоаси кутиб олди, учрашувда икки томонлама ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди. Мулоқот давомида университетда Япония компаниялари учун юқори малакали мутахассислар тайёрлаш, битирувчилар учун Японияда амалиёт ва иш имкониятларини яратиш, илмий тадқиқот ва амалий лойиҳаларда ҳамкорлик йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.

 Меҳмонлар университетдаги замонавий таълим муҳити билан яқиндан танишди. Улар Kimyo University Hospital клиникаси, илмий лабораториялар, фан ва инновация марказлари, аудиториялар ҳамда талабалар учун яратилган шароитлар билан танишар экан, ТКХУдаги моддий-техник база, таълим жараёнига бўлган ёндашув ва рақамли таълим имкониятларини юқори баҳолашди.

Компаниямиз Японияда қурилиш соҳасида 1-рақамли компания ҳисобланади. Мисол учун 2024 йилда бир йиллик савдомиз 5,5 триллиард иенани ташкил қилди. Йилни 500 млрд фойда билан ёпдик. Бу сафар Ўзбекистонга айнан қурилиш соҳасида фаолият юрита оладиган ёшларни қидириб келдим. Кўпчиликдан Ўзбекистонда ёшлар замонавий билимларни ўрганишаётганини эшитган эдим. Келиб ҳақиқатан ҳам ўз кўзларим билан кўрдимки, университет талабалари жон-аҳди билан илм ўрганишяпти.

Бу сафар жудаям илмга чанқоқ ёшларни кўриб бизнинг бизнес трипимиз учун жуда фойдали бўлди деб айта оламан. Тошкент Кимё халқаро университети ҳамда Daiwa компаниясининг асосий ўхшаш томони – ўсиш, ривожланиш, келажак учун интилиш ва келажак учун киритилаётган инвестициялар деб айта оламиз. Бизнинг компаниямиз Шарқий Европада энг катта проектларни олишга ва ривожланишга ҳаракат қиляпти. Буни Тошкент Кимё халқаро университети мисолида ҳам кўриш мумкин. Улар ҳам бу масалада катта ишларни амалга ошираётганига гувоҳ бўляпмиз. Бугунги учрашувдан кейин Японияга қайтиб яна янги лойиҳалар бўйича истиқболли режалар тузамиз”, - деди Daiwa House Industry Co., Ltd. бош директори Кеиичи Ёши.

Ташриф натижаси сифатида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш ва уни барқарор асосда ривожлантириш бўйича келишувга эришди. Хусусан, Япония компаниялари талабаларни таълим жараёнида қўллаб-қувватлаш, стажировкалар ташкил этиш ва талабалар фаоллигини рағбатлантириш борасида қатор таклифларни илгари сурди.

Тошкент Кимё халқаро университети дунёнинг бошқа мамлакатлари: Америка, Европа мамлакатлари, Жанубий Корея билан ҳам ҳамкорлик ўрнатган ва битирувчи талабалар нафақат Японияда – ушбу давлатларда ҳам ишлаш имконига эга бўлишади. Айни пайтда университетнинг 38та таълим йўналишида кечки ва кундузги таълим шакллари учун қабул бошланди.

Маълумот учун:

Daiwa House Industry Co., Ltd. — Япониянинг энг йирик қурилиш, кўчмас мулкни ривожлантириш ва логистика инфратузилмаси соҳаларида фаолият юритувчи корпорацияси ҳисобланади. Компания 1955 йилда Нобуо Ишибаши томонидан асос солинган бўлиб, қурилиш соҳасини индустриаллаштириш ғояси билан танилган. Daiwa House халқаро миқёсда фаолият юритиб, 20 дан ортиқ мамлакатда йирик лойиҳаларни амалга оширмоқда.

Тошкент Кимё халқаро университетига амалга оширилган ушбу ташриф нафақат таълим соҳасидаги халқаро ҳамкорликни ривожлантиришда, балки Япония ва Ўзбекистон ўртасидаги стратегик алоқаларни янада мустаҳкамлашда муҳим қадам бўлди. ТКХУнинг халқаро майдондаги нуфузи ошиб бораётгани, унинг глобал шериклар учун ишончли ҳамкор сифатида тан олинаётганини яна бир бор тасдиқлади.

Web-page | Telegram | Facebook | Instagram  

Мавзуга оид