Ўзбекистон | 14:37 / 17.06.2025
3427
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг Туркиядаги янги элчиси иш бошлади

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Илҳом Ҳайдаров Туркиядаги янги элчи лавозимида иш бошлади. У бу лавозимда 2017 йилдан буён ишлаб келган Алишер Аъзамхўжаев ўрнини эгаллади.

Фото: «Дунё»

Ўзбекистоннинг Туркияга янги тайинланган фавқулодда ва мухтор элчиси Илҳом Ҳайдаров Анқара шаҳрига етиб келди, деб хабар қилмоқда «Дунё».

У Туркия Ташқи ишлар вазирлиги Протокол бош бошқармаси бошлиғи, элчи Аҳмет Жемил Мирўғлига ишонч ёрлиқлари нусхаларини топширган.

Улар, шунингдек, 21–22 июн куни Истанбулда бўлиб ўтадиган Ислом ҳамкорлик ташкилоти ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 51-сессиясида Ўзбекистон делегациясининг иштирокини муҳокама қилди.

Аҳмет Жемил Мирўғли, ўз навбатида, янги элчига Истанбулдаги Ташқи иқтисодий алоқалар кенгаши (DEIK) билан тўғридан тўғри алоқаларни йўлга қўйишга яқиндан кўмак кўрсатишга тайёрлигини билдирди.

Ҳайдаров 2024 йил июл ойидан буён Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг ўринбосари лавозимида ишлаб келаётганди.

У Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети), Россия ташқи савдо академиясини, Мемфисдаги (АҚШ) Халқаро пахта мактабини тамомлаган.

Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги тизимида (ҳозирги Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги) ва хорижий ваколатхоналарда савдо-иқтисодий маслаҳатчи, Украинадаги элчи (2006–2009 йиллар) лавозимларида ишлаган.

2009 йилдан 15 йил давомида «Ўзбекенгилсаноат» давлат акциядорлик компаниясига (ҳозирги «Тўқимачилик ва тикув-трикотажсаноат» уюшмаси) раҳбарлик қилган. Шу билан бирга, 2021–2024 йилларда Ўзбекистон Иш берувчилар конфедерацияси раиси сифатида ишлаган.

Илҳом Ҳайдаров 2017 йилдан буён Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчиси лавозимида ишлаб келган Алишер Аъзамхўжаев ўрнини эгаллади. Аъзамхўжаев аввалроқ Олий Мажлис Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси этиб сайланганди.

Мавзуга оид