Жаҳон | 23:17 / 17.06.2025
3402
2 дақиқада ўқилади

КХДР ишчилари Россиянинг Курск вилоятини тиклаш учун юборилади

Курск вилоятига Шимолий Кореядан минг нафар сапёр ва беш минг нафар ҳарбий қурувчи келади.

Фото: ТАСС

КХДР Россиянинг Курск вилоятини тиклаш учун олти минг мутахассис юборади. Бу ҳақда Россия Хавфсизлик кенгаши котиби Сергей Шойгу Пхенянга ташрифи якунлари бўйича маълум қилди, деб ёзди «Интерфакс». Шойгунинг айтишича, Курск вилоятига Шимолий Кореядан минг нафар сапёр ва беш минг ҳарбий қурувчи келади.

Бундан ташқари, Россияда Курск учун жангларда ҳалок бўлган КХДР аскарларига бағишланган ёдгорликлар очилади.

Бу Шойгунинг сўнгги уч ой ичида Шимолий Кореяга учинчи ташрифидир.

2025 йил май ойида Шимолий Корея Россияга 15 мингга яқин меҳнат мигрантини жўнатган, деб хабар берди Жанубий Корея разведкаси. Ҳозир КХДР фуқароларининг аксарияти Узоқ Шарқда ишламоқда. Қайд этилишича, маҳаллий иш берувчилар КХДР ишчиларини қадрлайди, чунки улар кам маошга рози, кунига 12 соат ишлашга тайёр ва меҳнат шароитларидан нолимайди.

Февраль ойи бошида Yonhap ахборот агентлиги ҳам разведка маълумотларига таяниб, ишчи кучи танқислиги шароитида Пхенян минглаб ишчиларини Россияга юборгани ҳақида хабар берган эди.

2017 йилда БМТ барча давлатлардан Шимолий Корея ишчиларини ватанига қайтаришни ва келажакда уларни ишга олмасликни талаб қилувчи резолюцияни қабул қилди. Шимолий Корея қонунчилигига кўра, хориждаги шимолий кореяликлар иш ҳақининг 70 фоизини давлатга ўтказиши шарт, санкциялар шу билан боғлиқ. БМТ резолюциясида қайд этилишича, КХДР расмийлари бу даромадни ядро қуроли ва баллистик ракеталарни яратиш дастурларига сарфлайди.

Мавзуга оид