Жаҳон | 21:17 / 01.06.2025
2855
2 дақиқада ўқилади

Британия ядровий қуролларни ташишга қодир қирувчи самолётларни харид қилади

Шунингдек, мамлакатда ўқ-дорилар ишлаб чиқариш бўйича олтита заводни қуриш режалаштирилмоқда. Бу мудофаа харажатларини 8 миллиард долларга оширишга олиб келади.

Фото: Getty images

Буюк Британия АҚШдан тактик ядровий бомбаларни ташишга қодир F-35А Lightning II қирувчи самолётларини харид қилишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда The Sunday Times ўз манбаларига таяниб хабар берди.

Нашр маълумотларига кўра, Буюк Британия бу борада аллақачон АҚШ билан музокараларни бошлаб юборган. Қайд этилишича, бу совуқ уруш давридан бери Британия стратегиясида ядровий қуролни қўллаш бўйича энг катта ўзгаришга айланади.

Таъкидланишича, бундай қирувчиларни харид қилиш Британия бош вазири Кир Стармер 2 июн куни тақдим этиши кутилаётган «Стратегик мудофаа шарҳи»нинг бир қисми ҳисобланади. Унинг айрим бандлари ҳақида Мудофаа вазирлиги 1 июн куни маълум қилди. Хусусан, узоқ масофага мўлжалланган 7 мингта ракета сотиб олиш режалаштирилган.

Режанинг яна бир қисми — Буюк Британияда ўқ-дорилар ишлаб чиқариш бўйича олтита завод қуриш. Баёнотда айтилишича, бу мудофаа харажатларини 8 миллиард долларга оширишга олиб келади.

Мавзуга оид