Жаҳон | 01:01 / 31.05.2025
5684
2 дақиқада ўқилади

Россиянинг БМТдаги доимий вакили Москва Украинага қарши «абадий» урушишга тайёрлигини маълум қилди

Шу билан бирга, Василий Небензя Россия қатор талаблари бажарилиши шарти билан ўт очишни тўхтатиш имкониятини кўриб чиқишга тайёрлигини ҳам таъкидлади.

Фото: AP

Россиянинг БМТдаги доимий вакили Василий Небензя Москва Украинага қарши ҳарбий тажовузни чексиз муддат давом эттириш ниятида эканини маълум қилди. «Махсус операциямиз мақсадларига тинч йўл билан ҳам, ҳарбий йўл билан ҳам эришиш мумкин. Бизнинг қуролли кучларимиз қанча талаб этилса, шунча жанговар ҳаракатларни давом эттиришга ва ошириб боришга қодир», — дейди у.

Шу билан бирга, Небензя Россия қатор талаблари бажарилиши шарти билан ўт очишни тўхтатиш имкониятини кўриб чиқишга тайёрлигини таъкидлади. Улар орасида — Украинада сафарбарлик ва ғарб давлатлари томонидан ҳарбий ёрдамлар кўрсатилишини тўхтатиш ҳам бор. 

Небензянинг «абадий» уруш ҳақидаги баёноти Истанбул музокараларида Россия делегациясига раҳбарлик қилаётган Россия президентининг ёрдамчиси Владимир Мединский риторикасига мос келади. The Economist маълумотларига кўра, сўнгги музокаралар давомида Мединский Украинадан Донецк, Луганск, Херсон ва Запорожжя областларини Россия назорати остига беришни талаб қилган. Акс ҳолда у Суми ва Харкив областларига ҳужум таҳдидини билдирган ва XVIII асрда Швеция билан бошланган қарама-қаршиликка ишора қилиб, Москва урушни «абадий» давом эттиришга тайёрлигини таъкидлаган.

Ушбу музокаралар бирор-бир жиддий натижаларсиз якунланди. Bloombergʼнинг ёзишича, Доналд Трамп маъмурияти унинг фонида Мединскийнинг музокаралар жараёнидан четлатилишини талаб қила бошлаган.

Томонларнинг навбатдаги учрашуви 2 июн куни Истанбулда бўлиб ўтади. Уни ўтказиш ғояси Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровдан чиқди. Киев тинчлик меморандумни тайёрлаб қўйган ва янги маслаҳатлашувлар олдидан таклифларни алмашишни талаб қилмоқда. Аммо Москва ҳозирга қадар ўзи томонидан тайёрланган бу турдаги ҳужжатни тақдим этмади. 

Мавзуга оид