Жамият | 19:07 / 30.05.2025
2735
2 дақиқада ўқилади

Тошкент ерусти метросида 3 ой давомида режали профилактик ишлар амалга оширилади

8 июн санасидан бошлаб «Турон» ва «Қипчоқ» бекатлари оралиғида метро поездлари ҳаракати тўхтатилади. Шу боис «Қипчоқ–Қурувчилар–Қипчоқ» йўналишида йўловчиларга бепул хизмат кўрсатувчи метробуслар ҳаракати йўлга қўйилади.

Фото: Kun.uz

Тошкент метрополитенининг Ерусти ҳалқа йўли йўналиши бекатлари оралиғида 3 ой давомида босқичма-босқич режали профилактик ишлари амалга оширилади.

Қайд этилишича, 14 та бекатдан иборат «Технопарк—Қипчоқ» бекатлари ва бекатлар оралиғи бир неча йилдан буён йўловчиларга хизмат кўрсатиб келмоқда.

«Жаҳон тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, янги қурилган метро йўналишларида метро поездлар ҳаракати ва йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш ҳамда сифатли хизмат кўрсатиш мақсадида, ерусти эстакадалари ва бекатлари маълум муддат фойдалангандан сўнг, режали профилактик ишлар амалга оширилади», — дейилади хабарда.

Шу муносабат билан Ер усти ҳалқа йўли йўналишининг «Технопарк—Қипчоқ» бекатлари оралиғида босқичма-босқич 3 ой муддатга мўлжалланган режали профилактик ишлар амалга оширилади.

Режали профилактик ишлар амалга ошириш учун 2025 йил 8 июн санасидан бошлаб иккита бекат — «Турон (13-бекат) — Қипчоқ (14-бекат)» бекатлари оралиғида метро поездлар ҳаракати тўхтатилади.

Тошкент метрополитени йўловчиларга ноқулайлик ҳосил қилмаслик мақсадида «Қипчоқ–Қурувчилар–Қипчоқ» метро бекатлари оралиғида бепул хизмат кўрсатувчи катта сиғимли автобуслар (метробус) ҳаракати йўлга қўйилади. Ушбу автобусларнинг кунлик иш вақти тонгги 05:00 дан тунги 23:00 га қадар амалга оширилади.

Мавзуга оид