Бирлик сари 71 қадам. Туркий лидерлар илк марта Венгрияда йиғилди
20-21 май кунлари Венгрия пойтахти Будапештда Туркий Давлатлар Ташкилотининг (ТДТ) норасмий саммити бўлиб ўтди. Хўш, Европанинг қоқ ўртасидаги ўлка нега туркий дунёнинг ажралмас қисми ҳисобланади? Саммит якуни бўйича қабул қилинган 71 та банддан иборат декларацияда нималар ҳақида сўз боради?

Венгрия – 2018 йилдан буён Туркий Давлатлар Ташкилотида кузатувчи мақомида. Бу ташкилотда Туркманистон ҳам кузатувчи. Венгрияда ТДТнинг норасмий саммити биринчи марта ўтказилди. Венгер тили – туркий эмас, лекин венгерларнинг тарихий келиб чиқиши туркийларга бориб тақалади.
Милодий 5-асрда ҳозирги Марказий Осиё ҳудудларидан бўлган ҳунлар Атилла бошчилигида Европага бориб, Константинополни забт этишади, Византия императорлари ҳунларга катта миқдорда ўлпон тўлаб туришга мажбур бўлишади. Шундан кейин Атилла Галлияда (Франция) Ғарбий Рим империяси армияси билан тўқнашади. Кўп ўтмай улар Италияга ҳам киради, Атилла Рим папаси билан учрашгач, Римга юришини тўхтатади. Катта сонли ҳунлар армияси Италиядан қайтаётиб, Марказий Европада тўхтайди ва шу ерда ўтроқлашади.
“Венгрия” давлати номи лотинчада “Hungaria” (жумладан, инглизчада ҳам “Hungary”) бўлиб, унинг ўзаги айнан ҳун миллатининг номидан олинган.
Венгрия илмий ва сиёсий доиралари асрлар давомида ўзининг туркий илдизларини унутмади, туркийларга интилиб яшади. Лекин географик масофанинг узоқлиги – ўзаро яқинлик ва ҳамкорликни қийинлаштириб келди. Қолаверса, бир вақтлар Римга таҳдид солган, асли келиб чиқиши Шарқдан бўлган ҳунларнинг авлодларини қолган европаликлар бегонасираш билан қабул қилди.
Будапешт норасмий саммитида жами 71 пунктдан иборат декларация қабул қилинди. Гарчи бу саммит норасмий бўлса-да, туркий давлатлар ва халқларнинг реал яқинлашувига, жипслашувига катта қадамлар ташланди, лойиҳалар ҳозирланди, муҳокама қилинди, бирламчи келишувларга эришилди.
Жумладан, ташкилот аъзолари ва кузатувчилари Шимолий Кипр туркий дунёнинг ажралмас қисми эканини урғулашди. Яъни Шимолий Кипр де-факто туркий давлатлар томонидан ярим расмий даражада тан олинди. Бу қадам – туркий давлатлар томонидан босқичма-босқич Шимолий Кипрни расман, дипломатик даражада тан олишга олиб борадиган қадамларнинг биринчиси бўлиши мумкин.
Қолаверса, Будапештда Фаластин давлати қўллаб-қувватланди. Миллионлаб туркийлар (ўзбеклар ва туркманлар) яшаётган Афғонистон бўйича доимий ишчи гуруҳ тузилди. Туркиянинг минтақадаги, халқаро ташкилотлардаги фаолияти қўллаб-қувватланди. Наврўз байрами барча ташкилотга аъзо ва кузатувчи давлатларда 21-мартда умуммиллий байрам сифатида нишонланадиган бўлди.
Асосий лойиҳа сифатида, ташкилотга аъзо давлатларнинг ватандошлари ички ID-карта орқали борди-келди қилиши масаласи кўтарилди. Ҳозирда Туркия ва Озарбойжон, Ўзбекистон ва Қирғизистон, Қирғизистон ва Қозоғистон ватандошлари чиқиш паспортларисиз, ички ҳужжатлар орқали бемалол бир-бирига бора олади. Энди шундай тартибни ТДТга аъзо мамлакатлар ўртасида умумий деб эълон қилиш устида ишланмоқда.
Агар бу лойиҳа маъқулланса, Ўзбекистон ватандошлари ҳам бемалол ташқи чиқиш паспортларисиз Туркияга, Озарбойжон ва Қозоғистонга бориш имкониятига эга бўлади.
Ўзбекистон президенти Мирзиёев Будапештдаги нутқида ташкилотга аъзо давлатларнинг стратегик шериклиги борасида келишув имзолаш масаласини кўтарди. Президент Мирзиёев бу таклифни 2024 йилда ҳам кўтарган эди. Ўзбекистон президентига кўра, “Туркий давлатлар ўртасида стратегик стратегик ҳамкорлик, адабий дўстлик ва биродарлик тўғрисида”ги келишув имзоланиши – туркий давлатлар ўртасидаги стратегик яқинлашув учун ҳуқуқий асос бўлади. Ўзбекистон президенти бу келишув ТДТнинг Бокуда бўладиган расмий саммитида имзоланишига умид билдирди.
Шунингдек, айнан президент Мирзиёев туркий давлатларнинг иқтисодий, ижтимоий, транспорт-логистика, фан, маданият, таълим ва бошқа соҳалардаги реал интеграцияси учун энг ҳаётбахш ғояларни таклиф қилиб келмоқда. Ўзбекистон таклиф қилаётган ғоялар ўта жарангдор лозунглар, шиорлар эмас, лекин улар амалга оширилса, туркий давлатлар ва халқлар реал ҳаётда, амалда бир-бири билан чамбарчас боғланади, ўзаро ҳамкорлик ва бирлик шаклланади ва чуқур илдиз отади.
Ўзбекистон бу ғояларни ва лойиҳаларни совуққонлик билан, мафкуравий чақириқларсиз, ташкилот ичида ва ташқарида зўриқишларсиз, лекин жуда маҳоратли дипломатия билан амалга оширмоқда.
Биргина мисол, Ўзбекистон TurkTrade лойиҳасини таклиф қилиб келади. Бу лойиҳага кўра, ТДТга аъзо давлатлар барча товарлар ва уларнинг логистикасини онлайн ташкиллаштириши мумкин, бу ўзаро савдо-иқтисодий ҳамкорликни осонлаштиради, кучайтиради. TurkTrade онлайн платформаси ишлай бошласа, бу туркий давлатларнинг иқтисодий боғлиқлиги каррасига оша бошлайди, эркин савдо зонаси ва бирлик учун макон пайдо бўлиб бошлайди.
Бир қарашда туркий давлатларнинг ўзаро ҳамкорлиги, олий даражадаги учрашувлар – одатий ҳолдек. Лекин бу – бизнинг ота-боболаримиз асрлар давомида орзу қилиб ета олмаган лойиҳалар эди. 19-асрда туркий халқлар ва давлатлар бир-биридан узоқда бўлгани учун жипслашиб, ўзаро ҳамкорликни ва бирликни йўлга қўя олмади. 19-асрдаги авж олган колониализм Кавказдаги ва Туркистондаги туркий давлатларнинг мустамлака бўлишига олиб келди. Ягона мустақиллигини сақлаб қола олган туркий давлат – Туркия бўлди. Бироқ Туркиянинг ўзи ҳам 19-аср охири ва 20-аср бошида мажруҳланди, парчаланди, жароҳатланди. 19-асрда биз Туркистон туркийлари ва озарлар Чор Россияси, кейинроқ болшевиклар қўлида қолдик.
20-асрнинг иккинчи ярмида ҳукм сурган совуқ уруш даврида биз туркийлар курашаётган икки тарафда бўлиб қолдик. Туркия – НАТОнинг аъзоси, биз эса собиқ СССР ичида эдик. 20-асрнинг охирига келиб, СССР қулагач, совуқ уруш тугади ва биз туркийларнинг аксарият қисми ўзаро яқинлашув ва бирлик учун янги имконият қўлга киритдик.
Бугун ТДТга аъзо давлатлар ҳар хил геосиёсий тарафларда эмас, аксинча, геосиёсий ва геоиқтисодий муштарак қарашларга эга. Минтақаларимиз атрофидаги геосиёсий вазият ҳам ўзаро ҳамкорлигимизга ва бирлигимизга раҳна соладиган ҳолатда эмас. Бу – уникал вазият ва тарихий имконият.
Россия – Украина уруши билан банд. Эрон – Исроил ва ғарб давлатлари сабаб, ғарбга эмас, шарққа, Хитой Халқ Республикаси ва Россия Федерацияси билан ҳамкорликдан манфаатдор. Бу давлатлар билан боғланиш учун ҳам Эроннинг Марказий Осиёга, Кавказда Озарбойжонга эҳтиёжи катта. Хитой Халқ Республикаси ҳам келажакда АҚШ билан тўқнашишдан хавотирланиб, денгизга муқобил қуруқлик йўлларини ривожлантиришдан манфаатдор. Шунинг учун Пекин “Бир макон, бир йўл” лойиҳасини олдинга сурмоқда. Бу эса Пекиннинг Марказий Осиё, Озарбойжон ва Туркияга бўлган эҳтиёжини оширади.
Туркий Давлатлар Ташкилоти ва у доирасидаги изчил муносабатлар айнан 2016 йилдан кейин, Ўзбекистон ички ва ташқи сиёсати президент Мирзиёев қўлига ўтгач ва расмий Тошкентнинг туркий ҳамкорликка қўшилгач – шаклланиб, кучайиб борди.
19-20-асрлар – туркий давлатлар ва халқлар учун фожиалар асри бўлган бўлса, 21-аср – туркийлар учун катта имкониятлар ва муваффақиятлар асри бўлиши лозим. Ва бу тарихий ютуқлар замирида Ўзбекистоннинг, президент Мирзиёевнинг сиёсий мероси алоҳида ўринга эга.
Камолиддин Раббимов,
сиёсатшунос
Мавзуга оид

22:13 / 18.06.2025
Исроил–Эрон урушининг Марказий Осиё учун геосиёсий мезонлари қандай?

18:33 / 18.06.2025
Хитой Марказий Осиё мамлакатларига 209 миллион доллар маблағни беғараз ажратади

15:55 / 12.06.2025
Ўзбекистон ва Афғонистон имтиёзли савдо тўғрисида битим тузди

14:57 / 12.06.2025