Тошкентдаги кўчалардан бири 30 майгача ёпилади
Мирзо Улуғбек туманида қурилиш-монтаж ишлари олиб борилиши сабаб Зиёлилар кўчасининг бир қисми ёпилади.

Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги
Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманидан ўтувчи кўчалардан бири транспорт воситалари ҳаракати учун вақтинча ёпилади. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, қурилиш-монтаж ишлари сабабли Зиёлилар кўчасининг Кичик ҳалқа автомобил йўли кесишмасидан Қаландар кўчаси кесишмасигача бўлган бир томонлама йўналиш қисми 28 май соат 22:00 дан 30 май соат 08:00 гача барча транспорт воситалари ҳаракати учун ёпилади.
Кўрсатилган давр мобайнида ҳайдовчиларга муқобил йўналишлардан фойдаланиш тавсия қилинади.
Аввалроқ Олмазор туманидаги Қорасарой кўчасида сентябр ойигача транспорт воситалари ҳаракати чеклангани тўғрисида хабар берилганди.