Жаҳон | 20:40 / 26.05.2025
2664
2 дақиқада ўқилади

Уиткофф ҲАМАС ўт очишни тўхтатишга тайёр деган даъволарни рад этди

Аввалроқ, шу мазмундаги даъволар пайдо бўлган эди.

Фото: Reuters

АҚШ президентининг Яқин Шарқ бўйича вакили Стив Уиткофф аввалроқ интернетда пайдо бўлган ва ҲАМАС Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш бўйича унинг таклифини қабул қилгани ҳақидаги хабарларни рад этди. Бу ҳақда Axios мухбири Барак Равид маълумот берди.

«ҲАМАС қилаётган ишлар умидсизликка солади ва мутлақо қабул қилиб бўлмайди», деб ёзди мухбир Уиткофф сўзларига таяниб.

Аввалроқ, Reuters агентлиги Фаластиннинг ҲАМАС гуруҳи АҚШ махсус вакилининг Исроил ва Фаластин ҳаракати ўртасида ўт очишни тўхтатиш режасини қабул қилгани ҳақида хабар берган эди. Стив Уиткоффнинг режаси 70 кунлик сулҳ ва фаластинлик маҳбусларни озод қилиш эвазига гаровдаги 10 нафар исроилликни озод қилишни назарда тутади. Маҳбусларни озод қилишнинг биринчи босқичи ўт очишни тўхтатишнинг биринчи кунида, иккинчиси еттинчи куни бўлиб ўтиши керак.

17 май куни Доҳада ҲАМАС ва Исроил ўртасида Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш бўйича янги музокаралар бошланди, бироқ манбаларга кўра, музокаралар боши берк кўчага кириб қолган. 21 май куни Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу идораси Исроил Стив Уиткоффнинг таклифига рози бўлганини маълум қилди.

Мавзуга оид