«Самолётга чиқиши билан уйқуга кетган ва уйғонмаган» – Мадинада вафот этган ўзбекистонлик имом ҳақида маълумот берилди
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг маълум қилишича, Ракат масжиди имоми Раббимқул Муҳаммадиев 23 май куни Тошкент–Мадина йўналишидаги самолётда ҳушини йўқотган ва шу ҳолда ўзига келмаган. Унга бош мия қон айланиши ўткир бузилиши ташхиси қўйилган ва Мадина шаҳрида операция ҳам ўтказилган. Шунга қарамай, имом 26 май куни эрта тонгда вафот этди.

Раббимқул Муҳаммадиев
Аввалроқ ўзбекистонлик зиёратчиларга элликбоши сифатида юборилган Ракат жоме масжиди имом-хатиби Раббимқул Муҳаммадиев вафот этгани ҳақида хабар берилган эди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент шаҳридаги Ракат жоме масжиди имом-хатиби Раббимқул домла Муҳаммадиевнинг вафоти юзасидан маълумот берди.
Маълум қилинишича, 2025 йил 23 май куни Раббимқул домла Муҳаммадиев Тошкент–Мадина йўналишида пойтахтнинг 38-гуруҳ зиёратчилари раҳбари сифатида йўлга чиққан ва самолётда ҳушини йўқотган.
— Шу куни сафарга чиқишлари билан домла парвоз давомида уйқуга кетган ва шу ҳолатда уйғонмаган. Бемор Мадина халқаро аэропорти шифокорлари томонидан кўрилганда аҳволи ўта оғир, беҳуш, саволларга жавоб бермаган. Шундан сўнг Мадина шаҳридаги Муовасат клиникасига жойлаштирилган. Шифокорлар томонидан бош мия қон айланиши ўткир бузилиши, мия ўзаги структуралари ўзгаришлари, бош мия шишиши ташхиси қўйилган.
Малакали шифокорлар томонидан оғир ҳолатдаги бемор нейрохирург кўригидан сўнг бош мия шишини камайтириш мақсадида 2025 йил 24 май куни операция ўтказилди. Шундан кейин ҳам беморнинг аҳволи оғирлигича сақланиб, 2025 йил 26 май куни эрта тонгда вафот этди, — дейилади Диний идора баёнотида.
Бугун, 26 май куни Мадинадаги Масжидун Набавийда ўзбекистонлик марҳум имомга жаноза намози ўқилиши ва Бақи қабристонига дафн этилиши режалаштирилмоқда.
Раббимқул домла Муҳаммадиев 1997 йилдан буён имом-хатиб лавозимида фаолият юритиб келган. Бу йиллар давомида Тошкент шаҳридаги Оқ тунукали, Иброҳим ота, Имом Термизий ҳамда Ракат жоме масжидларида хизмат олиб борган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига таъзия билдирди.
Мавзуга оид

17:32 / 04.06.2025
Саудия Арабистонида Ҳаж қоидасини бузган 76 минг киши ҳибсга олинди

20:31 / 31.05.2025
Шавкат Мирзиёев Ҳаж зиёратидаги ўзбекистонликлардан хабар олди

10:59 / 26.05.2025
Ракат масжиди имоми Раббимқул Муҳаммадиев Мадинада вафот этди

17:37 / 17.05.2025