Жаҳон | 17:53 / 25.05.2025
4683
11 дақиқада ўқилади

Фронтда энг йирик алмашув, Мадридда кўз ёшлар – ҳафта дайжести

Ассалому алайкум. Бугун 25 май, якшанба. Бу санани барчамиз энтикиш билан эслаймиз. Ҳаммамиз мана шу санада жонажон мактабимиз билан хайрлашганмиз. Ишонинг, ўшанда мактабдан қутулдим, деб хурсанд бўлган синфдошингиз ҳам кейинчалик ортиқ мактаб ўқувчиси эмаслигини ҳис қилиб, юрагида нималардир узилган. Кўпчилигингиз яна бир марта дарсдан кейинги навбатчиликда қолиб синфхонангиз полини артиш учун кўп нарсангизни беришга тайёр бўлсангиз керак.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Кеча юртимиздаги мактабларда сўнгги қўнғироқ чалиниб, яна минглаб ўғил-қизлар умрнинг энг бахтли онларидан аста-секин шафқатсиз, курашларга, чақирувларга бой катта ҳаёт томон қадам ташлади. Уларга бир нарса демоқчиман: ҳаётнинг бу онларидан завқланинг, бу дамлар ортиқ қайтиб келмайди. Форест Гамп айтганидай, ҳаёт конфет қутисига ўхшайди, сенга қандай қиёмли конфет тушишини асло билолмайсан.

Биз баҳорнинг охирги якшанбасида доимгидек дунёда содир бўлган энг муҳим воқеаларни ёдга оламиз. Бу ҳафта қизиқарли воқеаларга бой бўлди. Шу учун дайжестимиз ўзига хос сиёсий комбо шаклида бўлади.

Путин ва Трамп суҳбати

Ҳафта давомида Россия президенти Путин ва АҚШ президенти Трамп яна телефон орқали гаплашди. Энди бир гапни ишонч билан айтаверсак бўлади: бу икки одамнинг телефонда гаплашиши ортиқ ҳеч нарсани ҳал қилмайди. Энди уруш бошланиши олдидан Путинга жуда кўп қўнғироқ қилган Макрон ҳақида мэмларга бемалол Трампни тасвирласа ҳам бўлаверади. Чунки Трамп Путинга қўнғироқ қилгач кўпи билан Россия ва АҚШ ўртасида ҳоккей ўйини ўтказишга келиша оляпти холос. Ҳали ўша ўйинни ҳам эплаб ўтказа олишгани йўқ. Шу сабаб биз бу кераксиз телефон суҳбати тафсилотларига тўхталиб ўтирмай, уни шунчаки бир факт сифатида эслаб ўтиб кетамиз. Бу суҳбат ортиғига арзимайди...

Россиянинг Киевга ҳужуми

Ҳафта охирида Россия армияси Киев бўйлаб йирик ҳаво ҳужуми амалга оширди. Айниқса 24 майга ўтар кечаси Украина пойтахти учун жуда ҳалокатли кечди. Аввалроқ Россия камикадзе дронлари дастурини янгилагани, бу Украина ҳимоя тизимлари учун муаммо туғдириши айтилганди, чиндан шундай бўлиб чиқди, Shaheed дронлари кўп вайронгарчиликлар келтириб чиқарди.

Биргина 23 май тунида Россия Украина бўйлаб 250 та зарбдор дронлар билан ҳужум қилди. Етмаганига 14 та «Искандер-М» баллистик ракетаси учирди. Ҳужумнинг асосий нишони Киев бўлди.

Бу зарбалар Россия ва Украина тўғридан тўғри музокара бошлагани фонида содир бўлди. Киевга берилган зарба билан Россия урушни тугатиш нияти йўқлигини навбатдаги марта кўрсатди. Бу гал Трамп «Vladimir, STOP» деб пост ҳам ёзмади...

Байден саратонга чалинди

Ҳафта давомида АҚШ собиқ президенти Жо Байден саратонга чалингани аниқ бўлди. 82 ёшли сиёсатчида простата саратони аниқланган. Касаллик суяккача ўтгани ва агрессив ҳолатда экани айтилди. Ҳозир Байден оиласи қандай даволаниш бўйича маслаҳат қилмоқда.

Собиқ президент Байден касалликни жуда хотиржам қабул қилди. У ўз саҳифасида хотини ва мушуги билан тушган суратини жойлаб, «саратон бизгача етиб келди, энди кучли бўлиб курашамиз», деб ёзди.

Модрич ва Анчелотти «Реал»дан кетади

Ҳафта давомида футбол оламида икки муҳим воқеа содир бўлди. Иккаласи ҳам Мадридда. «Реал» афсонаси, Мадрид клуби сафида «Олтин тўп»ни ютган охирги футболчи Лука Модрич мавсум якунида клубдан кетишини эълон қилди. Кузда 40 ёшга тўладиган Лука аллақачон «Реал»нинг рамзига айланиб бўлди. Хорват Мадридни клуб тарихида энг кўп – 28 та соврин ютган футболчи сифатида тарк этмоқда. Лука жаҳон футболида ҳеч ким ёмон кўрмайдиган кам сонли футболчилардан бири экани билан мухлислар ёдида қолади. Мадрид фанатлари анча вақт Модричнинг санъат даражасидаги узатмаларини соғиниб юришса керак...

Модрич билан бирга ёзда Реални яна бир клуб афсонаси Карло Анчелотти тарк этади. «Реал»га иккинчи келишида дон Карло икки марта Чемпионлар Лигасини, икки марта Ла Лигани, бир марта Испания кубоги, икки марта Испания суперкубогини, яна икки мартадан клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати ва Европа суперкубогини ютишни уддалади.

Анчелотти Реалга садоқатини кўрсатиш учун бошқа клубга кетмасликка қарор қилди. Карло ота энди Бразилия миллий жамоасини бошқаради. «Пентакампионлар» Анчелоттини олиб келиш учун бир йилдан буён бошқа мураббий билан гаплашишмади ҳам. Ва ниҳоят дон Карло Винисиус, Родриго каби шогирдлари ўйнайдиган Бразилияни қабул қилишга рози бўлди. Энди Бразилия келаси йилги жаҳон чемпионатига, шубҳасиз, фаворит сифатида йўл олади...

White lives metter…

Ҳафта давомида Доналд Трамп Оқ уйда ЖАР президенти Сирил Рамафосани қабул қилди. Бу қабул жуда кескин ўтди, Трамп Рамафосага жиддий босим қилди, ҳатто Зеленский билан бунақа бўлмаганди. АҚШ президенти яқинда ҳам ЖАРда оқ танлилар қийноққа солинаётгани ҳақида гапириб, уларга АҚШга киришга рухсат берилишини айтганди.

Трамп учрашув давомида гўёки ЖАРда оқ танлилар қирғин қилинаётгани ҳақида видео ва қоғозлар кўрсатди. «Сиз одамларнинг ерларини олиб қўйяпсиз. Оқ танли фермерни ўлдирганлар жазоланмаяпти. Уларни қийнаб ўлдиришган, калласини олишган», деди Трамп. Кейин ЖАР президентига бир уюм расмлар тасвирланган қоғозларни кўрсатди.

Ва мана шу ерда... Трампга маълумот олиб кирадиган мулозимлар қовун туширди. Трамп кўрсатган қоғозлардан биридаги кадр Reuters журналистларининг эътиборини тортди, ахир бу улар олган кадр эди-да! Гап шундаки, Трамп «ЖАРда оқ танлилар қирилмоқда» деб кўрсатган қоғоздаги сурат аслида Reuters’нинг Конгодаги оммавий қабристон ҳақида лавҳасидан олинганди. Сурат муаллифи ҳам унинг Конгода олинганини айтиб, Трампни манипуляцияда айблади.

Эсингизда бўлса, Америкада бир қора танли одамни ўлдириб қўйишлари ортидан Black lives metter, яъни қора танлилар ҳаёти аҳамиятли деган ибора урф бўлиб, бутун дунёга тарақалганди. Трамп ҳам шунга ўхшаш White lives metter деган трендни бошламоқчи эди, бўлмади: орага ёлғон аралашди. Бутун бошли Америка президенти маъмуриятида оддий фейкни аниқлаштира оладиган ойликхўр йўқлиги қандай ажабланарли, шундай эмасми?

Британия Чагосни Маврикийга қайтаради

Бир қарич ер учун давлатлар бир-бирининг юз минглаб одамини ўлдирадиган бугунги замонда бир давлат бошқа давлатга можароли ерни жанжалсиз қайтиб беришига ишониш қийин, тўғрими? Лекин бу ҳафтада шундай бўлди.

Британия бош вазири сэр Кир Стармер Ҳинд океанида жойлашган Чагос архипелагини Маврикийга қайтариш бўйича ҳужжатни имзолади. Харитадан кўриб, бир бурдагина жой экан, деманг. Бу архипелаг Ҳинд океанининг қоқ марказида жойлашган бўлиб у ерда АҚШ ва Британиянинг Диего-Гарсия ҳарбий базаси бор. Бу базадан Африкага ҳам, Яқин Шарққа ҳам, Жанубий ёки Жанубий-Шарқий Осиёга ҳам тезда етиб бориш мумкин.

Келишувга кўра, Британия бу оролдаги ҳарбий база ижараси учун Маврикийга ҳар йили 101 миллион фунт тўлайди. Шартнома умумий қиймати 3,4 миллиард фунтни ташкил қилган. Чагос ороли ўн йиллардан буён тортишувли ҳудуд ҳисобланади. БМТ 2019 йил Британияга оролни Маврикийга топширишни буюрган. Инглизлар 6 йил ўтиб бу талабни бажаришди. АҚШ Британия у ердаги ҳарбий базани сақлаб қолганини олқишлади.

Асирлар алмашуви

Истанбулдаги тўғридан тўғри музокаралар давомида Украина ва Россия уруш бошланганидан буён энг йирик асирлаш алмашинуви борасида келишувга эришганди. Жума куни томонлар 270 нафардан ҳарбий ва 120 нафардан ҳарбий бўлмаган асирларни алмашганди. 24 май куни яна 307 нафардан асир ватанига қайтди.

Пентагон Қатарнинг совғасини олди

Ўтган ҳафта АҚШ президенти Доналд Трамп араб давлатларига сафар қилиб триллион долларлик шартномалар имзолаб келганди. Ўшанда Қатар ҳукумати Трампга 400 миллион долларлик Boeing 747 самолёти совға қилиши ҳазил билан қаршиланганди. Лекин ушбу ҳафта Пентагон Трампга ҳадя қилинган бу қимматбаҳо совғани қабул қилиб олди. Энди самолёт икки йил давомида хавфсизлик нуқтаи назаридан қайта жиҳозланади. Бу учун унинг таннархидан ҳам кўпроқ пул кетиши айтилмоқда. Самолёт Трамп президентлик даврида Пентагон тасарруфида бўлади. Республикачининг муддати тугагач, учоқ Трамп кутубхонасига топширилади.

Ана шунақа гаплар. Мен ҳеч кимни айбламоқчи эмасман, лекин қизиқ, бир монархия амирининг бошқа бир демократик давлат президентига 400 миллион долларлик совға бериши халқаро ҳуқуқда нима деб аталаркин?

Қарияларга қўшимча тўлов

Энди ҳафтанинг энг яхши хабарига етиб келдик. Нафақахўр қарияларга иситиш мавсумидаги харажатлар бир қисмини қоплаш учун давлат томонидан ҳар ой 269 доллар миқдорида пул тўлаб бериш тартиби тикланди! Узр, қайси давлатда эканини айтиш эсдан чиқибди, Британияда.

Гап шундаки, Британияда 1997 йил бош вазир Тони Блейр ташаббуси билан қишки иситиш мавсумида мамлакатдаги барча нафақахўрларга давлат томонидан пул тўлаб келинган: 80 ёшгача бўлган пенсионерларга 200 фунт, 80 ёшдан ошганларга 300 фунт. Иситиш мавсумида коммунал харажатлар ошиши учун қироллик фуқароларини шундай қўллаб келган.

Ўтган йил Кир Стармер ҳукумати бюджет тақчиллиги сабаб бу тўлов эндиликда фақат муҳтож нафақахўрларга тўланишини белгилаганди. Бироқ ҳукмрон партиянинг бу қарори сайловчилар эътирозига сабаб бўлди. 9 миллион британиялик бу тўловни ололмагани сайловлар лейбористлар учун ёмон ўтишига сабаб бўлди. Хатосини тушунган Британия янги ҳукумати қарияларга бериладиган ёрдам пули тўлаш тартибини қайтаришга қарор қилди.

Бизда ҳозирча шулар. Бу сизларга етказмоқчи бўлган хабарларимизнинг охиргиси эди. Ҳафталик дайжест кўрсатуви билан келаси якшанбада кўришгунча. Омон бўлинг.

Ўткир Жалолхонов тайёрлади.

Тасвирчи ва монтаж устаси – Фахриддин Ҳотамов.

Мавзуга оид