Ўзбекистон | 15:49 / 24.05.2025
5578
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Шуша декларациясига қўшилгани ҳақидаги хабарлар рад этилди

Айрим хорижий нашрлар Озарбойжон ва Туркия ўртасида имзоланган, уруш ҳолатида биргаликдаги мудофаани назарда тутувчи Шуша декларациясига Ўзбекистон ҳам қўшилгани ҳақида хабар тарқатди. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Kun.uz'га берган изоҳида бу хабарлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини билдирди.

Бир қатор хорижий нашрлар ва Telegram-каналларда Озарбойжон ва Туркия ўртасида имзоланган, умумий мудофаани кўзда тутувчи Шуша декларациясига Ўзбекистон ҳам қўшилгани ҳақида хабарлар тарқалди.

«Ўзбекистон томонидан [Озарбойжон билан] иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартноманинг имзоланиши ва Шуша декларациясига қўшилиши айнан ўз моҳиятида баҳоланиши керак. Бу – Озарбойжон, Туркия ва Ўзбекистон ўртасида ҳарбий иттифоқ тузилганини билдиради. «Ҳарбий иттифоқ» деган тушунча эса ташқаридан тажовуз бўлса, ўзаро ҳарбий ёрдамни назарда тутади», дейилади CBC TV'нинг YouTube'даги 1,2 миллион обуначига эга каналида 23 май куни кетган репортажда.

Материалда Туркия бугунги кунда тобора ўзини «туркий дунё»да хавфсизлик координатори сифатида кўрсатаётгани ҳамда ҳарбий соҳада Марказий Осиё давлатлари билан ҳам алоқаларни мустаҳкамлаб бораётгани қайд этилган.

«Туркия, Озарбойжон ва Ўзбекистон ўртасида ҳарбий иттифоқ тузилгани – бу туркий дунёни мустаҳкамлаш ва Марказий Осиё хавфсизлигини барқарорлаштириш йўлида муҳим қадамдир. Яқин келажакда Шуша декларациясига бошқа туркий давлатларнинг ҳам қўшилиши кутилиши мумкин», дейилади CBC TV хабарида.

Kun.uz Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аҳрор Бурҳоновдан олган маълумотга кўра, Ўзбекистон Шуша декларациясининг иштирокчиси эмас.

«Ўзбекистон 2021 йил 15 июн куни Шуша шаҳрида Озарбойжон ва Туркия ўртасида имзоланган «Шуша декларацияси»нинг иштирокчиси эмас. Бу фақат Озарбойжон ва Туркия ўртасидаги стратегик шерикликни мустаҳкамловчи икки томонлама ҳужжатдир.

Мазкур декларация доирасида Ўзбекистоннинг Туркия ва Озарбойжон билан ҳар қандай мудофаа иттифоқида иштирок этаётганини тасдиқловчи ҳеч қандай расмий манба ёки далил мавжуд эмас», дейилади ТИВ расмийси Kun.uz'га берган изоҳда.

Аҳрор Бурҳонов Озарбойжон нашрида тарқалган хабар «ҳақиқатга умуман тўғри келмаслиги»ни билдирди.

Эслатиб ўтамиз, ушбу хабарлар тарқалган кунларда, хусусан 19 май куни президент Шавкат Мирзиёев «Ўзбекистон ва Озарбойжон ўртасида иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномани ратификация қилиш ҳақида»ги қонунни имзолаган эди. Бу шартнома 2024 йил 23 август куни Тошкентда, президент Шавкат Мирзиёев ва Илҳом Алиев томонидан имзоланган.

Ўзбекистон ва Озарбойжон ўртасидаги иттифоқчилик тўғрисидаги шартнома матни эълон қилинмаган. ТИВга кўра, бундай келишув шартномалари матни очиқланмайди.

Шуша декларацияси – Озарбойжон ва Туркия ўртасидаги иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамловчи икки томонлама стратегик ҳужжат бўлиб, 2021 йил 15 июн куни Илҳом Алиев ва Ражаб Тоййиб Эрдўған томонидан имзоланган.

Декларация Озарбойжон ва Туркия ўртасидаги муносабатларни иттифоқчилик даражасига кўтариш, икки давлат ўртасидаги сиёсий, ҳарбий, иқтисодий, маданий, гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни чуқурлаштиришни кўзда тутади. Томонлар ўзаро ҳарбий ёрдам кўрсатиш, учинчи давлат томонидан мустақиллик, суверенитет ёки ҳудудий яхлитликка таҳдид ёки тажовуз бўлса, БМТ Низоми доирасида зарурий ёрдам кўрсатиш мажбуриятини олган.

Мавзуга оид

Эълонлар

Havas Holding Европа компаниялари билан стратегик ҳамкорликни кенгайтирмоқда

JETOUR X50 ва X70 Ўзбекистонда: интеллектуал саёҳатлар учун янги босқич

Тошкентдаги “Gumma-Xonim ” овқатланиш маркази буюртмалар учун cаll-марказни ишга туширди

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

Havas Holding Европа компаниялари билан стратегик ҳамкорликни кенгайтирмоқда

JETOUR X50 ва X70 Ўзбекистонда: интеллектуал саёҳатлар учун янги босқич

Тошкентдаги “Gumma-Xonim ” овқатланиш маркази буюртмалар учун cаll-марказни ишга туширди

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

Havas Holding Европа компаниялари билан стратегик ҳамкорликни кенгайтирмоқда

JETOUR X50 ва X70 Ўзбекистонда: интеллектуал саёҳатлар учун янги босқич

Тошкентдаги “Gumma-Xonim ” овқатланиш маркази буюртмалар учун cаll-марказни ишга туширди

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти