Жаҳон | 13:12 / 24.05.2025
2517
2 дақиқада ўқилади

ОАВ Украинада 109 мингдан ортиқ россиялик ҳарбий ҳалок бўлганини тасдиқлади

«Медиазона» ва ВВС рус хизмати кўнгиллилар билан биргаликда Украинадаги урушда ҳалок бўлган 109 625 нафар россиялик ҳарбийнинг исмларини аниқлади.

Фото: Aliona Kardash/Stern

Украинага қарши урушда Россия армиясининг тасдиқланган йўқотишлари 109 625 кишига етди. Буни "Медиазона" ва Британиянинг ВВС медиа компаниясининг рус хизмати маълумотлари тасдиқлайди, улар кўнгиллилар гуруҳи билан биргаликда фронтда ҳалок бўлган россиялик аскарлар сонини ҳисобламоқда. 23 май, жума куни янгиланган ҳисоботга кўра, 9 майдан бери икки ҳафта давомида қурбонлар сони 2009 нафарни ташкил қилган.

Янги ҳисоботда журналистлар уруш тарафдори қўшиқчи Вика Циганованинг Telegramʼда чоп этилган маълумотларидан фойдаланган. У Москва вилоятининг Мишецкое қишлоғидаги қабристонга ташриф буюрган ва урушда ҳалок бўлганларнинг 33 та янги қабрини аниқлаган. «Биз ушбу қабристонда дафн этилганларнинг барчасини рўйхатимизга қўшдик. Булар 33 эмас, 34 та исм ва Циганова маълумоти нашр этилишидан олдин бизда марҳумлардан фақат иккиси ҳақида маълумот бор эди, холос», деб таъкидлайди "Медиазона".

Одатда, журналистлар ва кўнгиллилар ижтимоий тармоқлардаги постлар, эълон қилинган некрологлар ва бошқа очиқ манбалар асосида статистик маълумотларни тўплайди.

Мишецкое қабристонидан 2024 йилнинг ноябр ойидан фаол фойдаланилмоқда: ўлим саналарига кўра, 1 ноябрдан кейин 23 киши ҳалок бўлган, дейилади хабарда. Журналистлар томонидан ўрганилган, ошкор қилинган маълумотлар базаларига кўра, ҳалок бўлганларнинг аксарияти «оддий кўнгиллилар»дир.

Мавзуга оид