Ўзбекистон | 17:29 / 23.05.2025
27739
2 дақиқада ўқилади

Хоразмда металлоломга топширилган снаряд портлаб кетди. Бир киши ҳалок бўлди

Ҳодиса Янгиариқ туманида содир бўлган. Ҳозирда бу иш билан ҳарбий прокуратура шуғулланмоқда.

Фото: Shutterstock

Янгиариқ туманидаги металлом йиғиш шохобчасида портлаш юз берган. Бу ҳақда Kun.uz манбаси хабар қилди.

Ҳодиса 11 апрел куни содир бўлган. Йиғиб келинган темир-терсаклар туширилаётганда улар орасида бўлган снаряд портлаб кетган. Оқибатда шу ерда ишловчи 31 ёшли О.Б. оғир тан жароҳати олиб, вафот этган.

Ижтимоий тармоқларда ҳам бу ҳодисага оид хабарлар тарқалди. Унда айтилишича, портлашдан сўнг воқеа жойига ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари ва сапёрлар етиб борган. Ўрганиш жараёнида шохобчадан яна 30 га яқин снаряд топилган.

Интернетда тарқалган видеода марҳум О.Б.нинг онаси ўғли оила боқувчиси бўлганини, унинг 2 фарзанди етим қолганини айтган. Она снарядларни сотган ва сотиб олиб шохобчага келтирган шахсларга қатъий жазо қўллашни сўраган.

Ҳозирда мазкур ишни ҳарбий прокуратура ўрганмоқда. Kun.uz ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида Бош прокуратура матбуот хизматига мурожаат қилди.

Хабар таҳрирланди. Ушбу хабарнинг бирламчи таҳририда Kun.uz манбаси снарядлар металлолом сифатида Қорақалпоғистоннинг Амударё туманида ҳарбий хизматчилардан сотиб олинганини айтгани ҳақида маълумот берилганди. Мудофаа вазирлиги буни рад этди. Вазирликка кўра, портлаган снаряд маҳаллий чўпонлар томонидан ўзбошимчалик билан қазиб олинган ва металлоломга топширилган.

«Бундай ҳолатларда фуқаролар хавфсизлик қоидаларига риоя қилган ҳолда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга зудлик билан хабар қилиши шарт.

Ушбу воқеага ҳарбий хизматчиларнинг ҳеч қандай алоқаси йўқ ва жиноий жавобгарликка тортилмаганини маълум қиламиз. Мазкур турдаги снаряд Ўзбекистон Қуролли Кучларида мавжуд эмас. Маълумотларга кўра, бу турдаги снаряд 1970 йилларда қўлланган», — дейилади Мудофаа вазирлиги ахборотида.

Мавзуга оид

Эълонлар