Жаҳон | 18:46 / 20.05.2025
2664
2 дақиқада ўқилади

Россиядаги миграция марказида вафот этган шахс Ўзбекистон фуқароси экани рад этилди

Москвада жойлашган «Сахарово» миграция марказида ҳужжат расмийлаштириш вақтида бир фуқаро вафот этди. Ижтимоий тармоқларда у ўзбекистонлик бўлгани тўғрисида хабарлар тарқалди. Миграция агентлигининг Россиядаги ваколатхонаси вафот этган шахс Тожикистон фуқароси эканини аниқлади.

Миграция агентлигининг Россия Федерациясидаги ваколатхонаси Москва шаҳрида жойлашган миграция марказида вафот этган фуқаро юзасидан маълумот берди.

Ижтимоий тармоқлар ва айрим интернет нашрларида Москва шаҳрида жойлашган «Сахарово» миграция марказида хорижий фуқаронинг вафоти ҳақида турли хабарлар тарқалди.

Ўзбекистон Миграция агентлигининг Россиядаги ваколатхонаси мазкур ҳолат юзасидан аниқлаш ишларини олиб борди ва расмий маълумотларни жамлади.

Қайд этилишича, 2025 йил 15 май куни «Сахарово» миграция марказида ҳужжат расмийлаштириш учун навбатда турган фуқаро ўзини нохуш ҳис қилган ва унда тўсатдан юрак хуружи рўй берган. Кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан, у вафот этган.

Олиб борилган текширувлар натижасида марҳум Тожикистон фуқароси экани аниқланган. Бу маълумот расман Тожикистоннинг Россия Федерациясидаги ваколатли органлари томонидан ҳам тасдиқланган.

«Айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан Россиянинг тегишли идоралари томонидан ҳуқуқий текширув ишлари олиб борилмоқда», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йил декабрида Россия президенти Владимир Путин муҳожирлардан 30 апрелгача ўз мақомини қонунийлаштириш ёки мамлакатни тарк этишни талаб қилувчи фармонни имзолаганди. Ҳужжат Россиянинг ўтган баҳорда бошланган миграция сиёсатининг кескинлашуви оқибати бўлган. Кейинроқ Путин меҳнат муҳожирлари учун ўз мақомини қонунийлаштириш муддатини узайтирди.

5 февралдан Россияда чет эл фуқароларини мамлакатдан чиқариб юборишнинг алоҳида режими ишга тушган — энди депортация тўғрисидаги қарорни ҳудудий ва транспорт полицияси бўлинмалари бошлиқлари ва бошлиқ ўринбосарлари, шунингдек, Ички ишлар вазирлигининг миграция хизматлари бошлиқлари қабул қилиши мумкин.

Мавзуга оид