Россия фуқаролигини олган 20 минг чет эллик Украинага қарши урушда қатнашмоқда — Бастрикин
РФ Тергов қўмитаси раҳбарига кўра, улар орасида Россия фуқаролигини олган ўзбекистонликлар ҳам бор. «Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистонда яшашни негадир ёқтирмайдиган 20 минг „ёш“ Россия фуқароси Украинага қарши урушга юборилган», – дейди Александр Бастрикин.

Фото: chitamedia.su
Россия Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикин Украинадаги ҳарбий ҳаракатлар ҳудудига Россия фуқаролигини олган 20 минг киши юборилганини маълум қилди.
«Ҳарбий тергов бошқармамиз рейдлар ўтказмоқда. Россиянинг 80 минг нафар фуқаросини „овладик“, улар ҳарбий ҳаракатлар ҳудудига бориш у ёқда турсин, ҳатто ҳарбий комиссариатга ҳам боришни исташмайди. Бу 80 минг кишини „овлаб“, ҳарбий рўйхатга киритдик. Шунингдек, Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистонда яшашни негадир ёқтирмайдиган 20 минг нафар „ёш“ Россия фуқаросини жанг майдонига жўнатдик», – дейди Бастрикин.
Россия ҳуқуқ-тартибот органлари мунтазам равишда рейдлар ўтказиб, Россия фуқаролигини олган мигрантларга чақирув қоғозларини топширмоқда ёки уларни ҳарбий комиссариатларга олиб кетмоқда. Қатор ҳолатларда фуқаролик олган мигрантлар Россия паспортини йўқотиш ва мамлакатдан депортация қилиш таҳдиди остида шартномалар имзолашга мажбур бўлмоқда.
2024 йил июнда Бастрикин Россияда мамлакат фуқаролигини олган, бироқ ҳарбий ҳисобга қўйилмаган 30 минг чет эллик ушланганини маълум қилганди. Ўшанда уларнинг 10 мингга яқини фронт ортига – «окоплар қазиш»га юборилган.
Жанг майдонидаги ўзбекистонликлар
Бундан олдинроқ, Россия ҳарбийларига ўз ихтиёри билан асирга тушишда ёрдам бериш учун яратилган Украинанинг «Хочу жить» лойиҳаси Россия қуролли кучлари билан шартнома тузган ва Украинага қарши ҳарбий ҳаракатларда қатнашган/қатнашаётган Ўзбекистон фуқароларининг номма-ном рўйхатини эълон қилганди. Ўзбекистон томони бу маълумотни текширмоқда.
Ўзбекистон Бош прокуратураси ва Адлия вазирлиги ўзбекистонликлар учун учинчи давлатлар ҳудудида ва улар томонида ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиш жиноий жавобгарликка тортилиши ҳақида бир неча бор огоҳлантирган.
Маълумот учун, Ўзбекистон Жиноят кодексининг 154-моддасига кўра, ёлланиш, яъни низолашаётган давлатнинг фуқароси ёки ҳарбий хизматчиси ҳисобланмаган ёхуд назорат қилиниб турган низолашаётган давлат ҳудудида доимий яшамайдиган ёки ҳеч қандай давлат томонидан қуролли кучлар таркибида расмий топшириқни бажариш ваколати берилмаган шахснинг моддий манфаатдорлик ёки бошқа бирон шахсий манфаатни кўзлаб, ўзга давлат ҳудудида ёки унинг тарафини олиб қуролли тўқнашувда ёхуд ҳарбий ҳаракатларда қатнашиш учун ёлланиши 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Жиноят кодексининг 154−1-моддасига кўра, Ўзбекистон фуқаросининг чет давлатларнинг ҳарбий хизматига, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия органлари ёки шунга ўхшаш бошқа органларига хизматга кириши базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 бараваригача (112,5 млн сўм) миқдорда жарима ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари, хизматга ёлланиши эса 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Аввалроқ яраланиб, шифохонада ётган ўзбекистонлик Kun.uzʼга йўллаган мурожаатида мажбуран урушга юборилгани, унинг қисмида бошқа ўзбеклар ҳам бўлганини сўзлаб берганди.
Тавсия этамиз
Ўзбекистонда кейинги ҳафта жазирама иссиқ бўлади
Ўзбекистон | 15:46 / 13.06.2025
Ғарб Исроил Эронга зарба беришидан хавотирда. Бу ҳақда нималар маълум ва оқибатлар қандай бўлиши мумкин?
Жаҳон | 21:01 / 12.06.2025
Қизалоққа қарши армия: Грета Тунберг Ғазога етиб боролмади
Жаҳон | 17:45 / 11.06.2025
Сўм 2 ҳафтада 2 фоизга мустаҳкамланди. Қандай қилиб?
Иқтисодиёт | 18:57 / 10.06.2025
Мавзуга оид

21:33 / 14.06.2025
Трамп билан Путин Яқин Шарқдаги хавфли кескинлашувни муҳокама қилди

20:19 / 14.06.2025
АҚШ Россия нефти нархининг юқори чегарасини пасайтиришга қарши – ОАВ

18:00 / 14.06.2025
Зеленский Украина тинчлик учун қандай муросага тайёрлигини айтди

14:11 / 14.06.2025