Сурхондарёда 11 нафар ўқитувчи 2 минг доллардан кўп маош олаётгани айтилди. Президент буни Британия билан таққослади
Шавкат Мирзиёев Сурхондарё таълим бошқармаси бошлиғидан: “Жайдари тилда менга тушунтир: агар ҳаракат қилса, Сурхондарёда домла минг доллар олиши мумкинми-йўқми?” дея сўради. Ҳусниддин Мамадиев вилоятда минг доллардан кўп ойлик олаётган 600 га яқин ўқитувчи борлиги, яна 11 нафар ўқитувчи 2 минг доллардан кўп олаётганини айтди. “Британияда ҳам бунақа ойлик йўқ”, деди давлат раҳбари.

Ҳусниддин Мамадиев / "Ўзбекистон 24" эфиридан кадр
Сурхондарё вилоятида 11 нафар ўқитувчи 2 минг доллардан кўпроқ маош оляпти, деди вилоят таълим бошқармаси бошлиғи Ҳусниддин Мамадиев 15 май кунги селекторда президент саволига жавобан.
Мактаб таълими бўйича ўтказилган йиғилишда сўз олган Мамадиевга давлат раҳбари ойликлар масаласида савол берди.
“Ўзинг оддий, жайдари тилда менга тушунтир: агар ҳаракат қилса, Сурхондарёда домла минг доллар олиши мумкинми-йўқми?” – дея сўради Шавкат Мирзиёев.
“Ҳурматли президент, шуни алоҳида таъкидлашимиз керак, бизнинг Сурхондарёда 2 минг доллардан ортиқ оладиган 11 та ўқитувчимиз бор. Буни ОАВда ҳам кўрсатдик. Ундан ташқари, 600 га яқин минг доллардан ортиқ оладиган ўқитувчиларимиз мавжуд. Бугунги кунда туман-шаҳар таълим бўлимлари ва мактабларнинг директорлари, уларнинг ўринбосарлари ва бошқармалар ходимларининг ҳам ойлигини ошириб бердингиз. Педагогларимиз бугунги кунда Ўзбекистонда олиб борилаётган таълим ислоҳотидан жуда ҳам мамнун”, – деди Сурхондарё вилоят таълим бошқармаси бошлиғи Ҳусниддин Мамадиев.

Йиғилиш давомида Шавкат Мирзиёев Британия таълим соҳасида ишлаётган, селекторда Лондондан туриб видеалоқа орқали қатнашган Nova School мактаби раҳбари Зебо Мўминова билан суҳбатлашаркан, Мамадиевнинг сўзларини эслади.
“Сурхондарёда олтита ўқитувчи 2000 доллар оляпти, деди. Сизлар бир назар ташланглар, Британияда ҳам бунақа ойлик йўқ”, – деди президент.
Шавкат Мирзиёев йиғилишдаги нутқида 8-12 млн сўм маош олаётган ўқитувчилар сонини айтиб ўтди.
“Малака, тил билиш, янги баҳолаш тизими, фан олимпиадалари каби мезонлар асосида ўқитувчиларга 10 дан ортиқ устама жорий қилинди. Бундан самарали фойдаланган 60 минг ўқитувчи ҳозирда 8-12 миллион сўм маош оляпти. Бундай ўқитувчилар охирги 2 йилда 10 баробарга кўпайган.
Боғча тарбиячилари ойлиги 65 фоизга ошиб, мактаб ўқитувчилари маошига тенглашди. Янги ўқув йилидан мактаб директорлари, ўринбосарлари ва боғча мудираларининг иш ҳақи 7-10 миллион сўмдан ошади”, – деди давлат раҳбари.

Миллий статистика агентлиги маълумотларига кўра, 2024/25 ўқув йили бошида мактабларда дарс бераётган ўқитувчилар сони 565 минг нафар бўлган. Демак, 8 млн сўмдан 12 млн сўмгача ёки бугунги курсда 617 доллардан 925 долларгача маош олаётган устозлар мактабларда ишлаётган жами педагогларнинг қарийб 11 фоизини ташкил этади.
Агентлик ҳисоботига кўра, 2025 йилнинг биринчи чорагида таълим соҳасидаги ўртача ойлик иш ҳақи 4 млн 44 минг сўмни ташкил этган.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йил августидаги матбуот анжуманида мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова 6 мингга яқин ўқитувчи 10 млн сўм маош олаётганини айтганди.
Аввалги ҳафтада оилавий шифокорларнинг маоши 1500 доллар долларгача оширилиши маълум қилинганди.
Мавзуга оид

15:04 / 21.06.2025
АҚШ элчихонаси: Таълим визаларига талабгор ўзбекистонликларнинг ижтимоий тармоқдаги аккаунтлари очиқ бўлиши керак

19:16 / 20.06.2025
Президент Кўкдала тумани марказидаги бунёдкорлик ишлари билан танишди

15:37 / 20.06.2025
Ҳисорак сув омборидан Қарши шаҳригача ичимлик сув тармоғи тортилади

11:40 / 20.06.2025