Жамият | 21:09 / 15.05.2025
6185
5 дақиқада ўқилади

“Аниқ режа йўқ” - Ҳастимомдаги обиғиштлар тақдири нима бўлади?

Мажмуа ҳудудида 5 та фазага бўлинган электр энергияси билан таъминлаш ишлари қилиниши маъқулланган. Аммо ғиштларни гранит тошларга алмаштириш қатъиян рад этилган. Маданий мерос агентлиги бу шўрланиш ҳамда намгарчиликни ошириб юборишини, натижада объектларда кейинчалик салбий оқибатлар юзага келишини билдирган. Қурилиш вазирлиги лойиҳа тайёрланмаганини айтмоқда. Жойда эса ишлар бошлаб юборилган.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Пойтахтнинг Олмазор тумани Зарқайнар кўчасида жойлашган Ҳазрати имом мажмуасида қурилиш ишлари бошланган. Айрим масжид ва мадрасалар жойлашган ҳудуд ўраб олиниб, майдонда жойлашган обиғиштлар олиб ташланиши, ўрнига гранит тошлари ётқизилиши кутилмоқда. Маҳаллий аҳоли бу билан XVI-XX асрга оид мажмуанинг тарихий кўриниши йўқолиб қолишидан хавотирда.

Kun.uz ҳолатни ўрганиш учун жойда бўлиб, масъулларга бир неча саволлар билан юзланди. Аммо қурилиш бошида турган бирор вакил жавоб беришни истамади. Камера ортида маълумот олишга муваффақ бўлдик.

Қайд этилишича, айни Ҳазрати имом мажмуасидаги ишлар учун лойиҳа тўлиқ тасдиқланмаган, қурилиш ва лойиҳалаш ишлари параллел олиб борилмоқда.

Давлатнинг [лойиҳаси] бўлганидан кейин, масалан, кимдир келиб, нимадирни ўзгартириш керак деса, ўзгариб кетади. Аниқ лойиҳа йўқ. Ҳозир энди ғиштни биринчи алмаштирамиз дейишди, лекин айнан қандай: гранитми, “брусчатка”ми, ҳали билмаймиз.

Намуна [сифатида қўйилган гранит тош] ҳали тасдиқдан ўтганми ёки йўқ, хабаримиз йўқ”, – дейди қурилиш бошқарувчиси.

Унинг қўшимча қилишича, жойда дренаж тизими мавжуд бўлмагани, ёғингарчиликда сув йиғилиш ҳолати мавжудлиги сабаб ғиштларни олиб ташлаш хулосасига келинган.

Ўзи Ислом цивилизация маркази қуриб туриб, энди атрофини ободонлаштириш қўшиб юборилди. Ўзи бу [Ҳазрати имом мажмуасидаги қурилиш] йўқ эди.

Ташриф бўлганидан кейин, йўлнинг четида ҳам бекорга “снос”лар бўлмади, туризмни ривожлантириш учун бу ерда катта, чиройли нарса қуриляпти-да, бу ерда эса туристлар юрганда ёмғир ёғганида оёғининг таги сув бўлиб ётади, сув кетмайди, масалан, бу ерда Ҳайит кунлари намоз ўқилади. Талабга жавоб бермаяпти”, – дейди у.

Шунингдек, вазият ҳақида билиш учун таҳририят Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги билан ҳам боғланди. Вазирлик матбуот хизматига кўра, майдондаги обиғиштларни алмаштириш бўйича лойиҳа ҳужжатлари тайёрланмаган. “Лойиҳа бўлмагандан кейин, иш ҳам бўлмайди. Бу масалада Маданий мерос агентлигидан изоҳ олингани маъқул” деди расмий вакил.

Қизиқ жиҳати, агентлик масъули майдондаги обиғиштларни гранит тош билан қоплашни қатъиян рад этганини билдирди. Ҳозирча тасдиқланмаган, аммо қабул қилиниши кутилаётган илмий-экспертлар кенгаши хулосасига кўра, Ҳазрати имом мажмуаси таркибидаги Мўйи Муборак ва Бароқхон мадрасалари, Тиллашайх ва Намозгоҳ масжидлари ҳамда Абу Бакр Каффол Шоший мақбараси жойлашган ҳудудда 5 та фазага бўлинган электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш ишларини амалга ошириш лойиҳаси маъқулланган.

Бироқ ҳудуддаги мавжуд обиғиштлар ўрнига гранит тош қоплаш таклифи мажмуада шўрланиш ҳамда намгарчиликни ошириб юбориши, бу билан эса маданий мерос объектларида кейинчалик салбий оқибатларни келтириб чиқариши сабаб қайтариб юборилган. Агентлик обиғиштларни қайта реставрация қилишни тавсия этган.

Умуман олганда, Хастимом мажмуаси ҳудудида ғалати ишлар бўляпти: қурилиш учун лойиҳа йўқ дейилган бўлса-да, атрофи ўраб олинган, бегоналар киритилмаяпти, халқ орасида мусулмон ғишт дейилаётган, масъулларнинг таъбири билан айтганда обиғиштларнинг тақдири мавҳумлигича қолмоқда.

Намуна сифатида ғишт устига гранит териб қўйилганига диққат қилинса, бу лойиҳа амалга ошадигандай кўринади кўпроқ.

Бу ҳолат бир пайтлар пойтахтнинг собиқ ҳокими Жахонгир Ортиқхўжаевнинг Космонавтлар метро бекати ёнида туппа тузук турган мармар тошларни олдириб, ўрнига эскисидан кўпам фарқ қилмайдиган бошқа қоплама тўшагани воқеасини эслатиб юбормоқда.

Маълумот учун, Ҳазрати имом мажмуаси 2019 йилда ҳукуматнинг тегишли қарори билан маданий мерос объектлари қаторига киритилган. Унда қандай қурилиш, реставрация ёки реконструкция ишлари қилинса, ташкилотлар аввало Маданий мерос агентлигининг илмий-экспертлар кенгаши хулосасини олиши талаб қилинади.

Мавзуга оид