Трамп яна Саудияда. У Нетаняҳудан юз ўгирдими?
Араб шайхлари АҚШга юзлаб миллиард доллар инвестиция киритиш ваъдалари билан, битим тузганини айтиб мақтанишни хуш кўрувчи Трампни авраётгандек кўринмоқда. Қатар амири ҳатто ҳашаматли самолёт ҳам совға қиляпти. Шундай вазиятда, АҚШга бир цент ҳам бермай, аксинча фақат пул сўрайдиган Исроил раҳбарияти ташқи ёрдамлар масаласида хасис Трампнинг кўзига балодек кўринаётган бўлса ажаб эмас.

АҚШ президенти Доналд Трамп иккинчи муддатида ҳам ўзининг илк давлат ташрифларини Саудия Арабистонидан бошлади. У яқинда Римга борганди, лекин бу Италияга давлат ташрифи эмасди: Рим Папасининг дафн маросимида қатнашиш учун борганди.
Трамп кеча ва бугун Ар-Риёдда бўлиб турибди. Саудиядан кейин, Бирлашган Араб Амирликлари ва Қатарда ҳам бўлади. 2017 йилдан фарқли равишда, бу гал Исроилга бормайди.
Саудия Арабистони ва АҚШ муносабатлари кейинги йилларда анча совуқлашди. Совуқ уруш даврида, яъни 1991 йилда СССР қулагунига қадар, Саудия ва бошқа араб монархиялари АҚШнинг геосиёсий жамоасида эди. Лекин кейинги йилларда, айниқса 2001 йил 11 сентябрдан кейин, Саудия Арабистони АҚШдан масофа сақлай бошлаяпти, ўзаро ишонч пасайган. Чунки ўша 11 сентябрдан кейин АҚШ ва Исроил Яқин Шарқ минтақасини янгидан форматлай бошлаган эди. Шу сабаб ҳам бу минтақада кўплаб урушлар бўлди, минтақа давлатлари муттасил Ғарб босими остида қолди, минтақа беқарорлашди.
Нега Саудия-АҚШ муносабатлари кейинги даврда анча совуқлашди? Бунинг сабаблари бир қанча. Айниқса, собиқ президент Байден даврида Саудия ва АҚШнинг ўзаро ҳамкорлиги ва ишончи жиддий пасайди.
Биринчидан, 2018 йилда саудиялик таниқли журналист Жамол Қошиқчининг Истанбулдаги Саудия консуллигида ўлдирилиши президент Байден томонидан Саудияга қарши салбий баёнотлар берилишига сабабчи бўлди.
Иккинчидан, Саудия ўзининг ташқи сиёсатини, геосиёсатини диверсификация қиляпти. Бир вақтлар фақат АҚШга ориентир олган бўлса, бугун Хитой Халқ Республикаси, Европа Иттифоқи, Россия Федерацияси билан ҳам муносабатларни анча ижобийлаштирган.
Учинчидан, Саудия энди Эронни ўзи учун энг хавфли душман деб билмайди. Бир вақтлар Саудия Эронни ўзи учун катта таҳдид ва душман деб билар эди, ва шу сабаб ўз хавфсизлигини таъминлаш учун АҚШга яқин турарди. Бироқ Саудия ва Эрон 2023 йил мартида Пекинда ярашгани ортидан, Яқин Шарқдаги вазият ўзгарди. Саудия ҳали ҳам Эронга у қадар ишонмайди, расмий Теҳроннинг хатти-харакатларини жиддий кузатиб туради, лекин Эронни ўзи учун катта душман деб билмайди. Ва бу билан Саудиянинг АҚШга бўлган эҳтиёжи анча пасаяди.
Тўртинчидан, Саудиянинг Исроил билан муносабатларини нормаллаштириш бугун кун тартибидан олиб ташланган. 2023 йил 7 октябрида Ҳамаснинг Исроилга хужуми ортидан Исроил нафақат Ҳамасга, балки фаластинликларга, ғазоликларга геноцид бошлади. Бугунги кунга қадар Исроил 52 мингдан ортиқ болалар, аёллар ва қарияларни ўлдирди. Бу геноцид фонида, Саудия ва бошқа араб давлатларининг Иброҳим келишувлари форматида Исроил билан муносабатларни нормаллаштириши – имконсиз.
АҚШ Саудиянинг тўлиқ ўз таъсиридан чиқиб кетишини истамайди. Саудия Арабистони – бой давлат, у Ислом цивилизациясининг маркази, араб дунёсининг энг таъсирли давлати, катта нефт ишлаб чиқарувчи энергетик қудрат. Шунинг учун ҳам, Трамп яна ўзининг биринчи ташрифини Саудиядан бошлади. Кун тартибида Саудияга юз миллиардлаб долларга қурол-аслаҳа сотиш, АҚШга катта сармоялар киритиш, Саудияда тинч атом станцияларини қуриш ва минтақавий ҳамкорлик масалалари бор.
Трампнинг Саудияга ташрифидан Яқин Шарқ давлатларининг деярли барчаси манфаатдор. Фақат Исроил норози. Исроилнинг ўнг экстремист кабинети ва унинг бошида турган Нетаняҳу, тўртта сабабга кўра, жуда норози. Лекин Нетаняҳу бу норозилигини очиқ айта олмайди. Сабаби, АҚШ-Исроил муносабатларида, “хўжайин” – бу АҚШ, Исроил эмас. Трамп бир неча марта Нетаняҳу билан телефонлашган ва унга ўзининг Яқин Шарқдаги режалари ҳақида айтган. Бу режаларнинг биронтаси Нетаняҳуга ёқмаган. Шундан сўнг Трамп Нетаняҳуни инкор қила бошлаган.
Биринчи сабаб, Саудияга ташриф мобайнида Трамп Сурия президенти Аҳмад Аш-Шара билан кўришмоқчи. Исроилнинг Сурия бўйича асосий сценарийси – Сурияни парчалаш, фуқаролик урушидан чиқармаслик, ҳолсизлантириш ва Исроилга қулай одамни ҳокимиятга олиб келиш. Аш-Шара эса Исроил эмас, Туркия ва араб давлатларига хайрихоҳ одам. Суриядан санкцияларнинг ечилиши Исроилни норози қилмоқда.
Иккинчи сабаб, Трамп Эрон билан ҳам тинч атом электр станциялари бўйича келишувга эришмоқчи. Исроилнинг мақсади эса, АҚШнинг қўли билан Эрон давлатини йиқитиш эди. Трампнинг Эрон билан ярашувга интилиши, табиий равишда, Нетаняҳуни қўрқитади.
Учинчи сабаб, Трамп ва унинг маъмурияти шу пайтга қадар Ҳамас билан бевосита мулоқотларни йўлга қўйди. Бу мулоқотларни Исроилнинг розилигини олмасдан, уни хабардор қилмасдан амалга оширмоқда. Яқинда Трамп Ҳамас билан келишиб, америкалик асирни озод қилишга эришди. Ҳамас АҚШга “барқарор тинчлик” ҳақида билдирмоқда. Исроилнинг мақсади эса минтақада барқарор тинчлик эмас, муттасил уруш, геноцид ва Ғазони фаластинликлардан тозалаш эди.
Тўртинчи сабаб, Трамп Ямандаги ҳусийлар билан ҳам музокара олиб бормоқда. Ҳусийлар шу пайтга қадар Ғазодаги геноцидга қарши бор кучи билан Исроилга қаршилик қилиб келаётган куч эди. Шу пайтга қадар ҳусийларга қарши бошида Саудия, яқинда эса Исроил, АҚШ ва Британия биргалашиб курашди. Лекин ҳусийлар йўқ бўлмади, улар қаршилик қилишда давом этди. Энди Трамп ҳусийлар билан ҳам келишувга эришмоқчи. Бу албатта Исроилга қаттиқ ёқмайди.
Араб монархиялари Трампни жуда катта маблағга сотиб олмоқда. Саудия, БАА ва Қатар АҚШга бир неча юз миллиард доллар инвестиция киритади, қурол сотиб олади, Қатар Трампга ҳашаматли самолёт совға қилади. Исроил эса Трампга пул бермайди, аксинча, доим пул ва ёрдам сўрайди, эвазига АҚШнинг глобал репутациясига ва манфаатларига зарар етказади.
Исроилнинг тарихий жиноятларини шу пайтгача ҳимоя қилиб келаётган асосий давлат – АҚШ эди. Энди Исроилни ҳимоя қилиш АҚШга ҳам оғирлик қилаётган кўринади. Трамп – таъбир қилиб бўлмайдиган сиёсатчи. Бир неча ойлар олдин у Ғазони тозалаб, Исроилга тортиқ қилмоқчи эди. Бугун эса, Исроилдан масофа сақлаб, араблар томон оғишди. Ойлар ўтиб, у яна ўзгариши мумкин. Лекин, шу нарса аниқки, Исроилнинг геноцидини ҳеч бир давлат яшира олмайди, инсоният қабул қила олмайди.
Ҳозирча АҚШ Исроилдан воз кечмаяпти, балки Нетаняҳудан воз кечяпти. Қачонлардир АҚШ Исроилдан воз кечса, бошқа бирон бир давлат Исроилни оталиққа олмайди, на Ҳиндистон, на Хитой ва на Европа Иттифоқи. Исроил ўз қилмишлари учун, албатта, жавоб беради. Бу – вақт масаласи.
Камолиддин Раббимов,
сиёсатшунос
Мавзуга оид

21:52 / 03.06.2025
Трамп тузоққа тушган акулаларни қўйиб юборган икки ғаввосни афв этди

21:06 / 03.06.2025
Эрон уранни бойитишни тақиқлашни «қизил чизиқ» деб атади

20:04 / 03.06.2025
АҚШ Суриядаги 7 та ҳарбий базасини ёпади

18:09 / 03.06.2025