Ўзбекистон | 19:07 / 14.05.2025
3156
5 дақиқада ўқилади

Президент мактабларининг PISA'даги иштироки умумий натижаларга катта таъсир қилмайди – Андреас Шляйхер

Барча 14 та президент мактаби PISA тадқиқотида иштирок этишини Ўзбекистоннинг ўзи сўраган. Уларга алоҳида гуруҳ деб қаралади ва вазнни белгилаш йўли билан умумий натижаларга ҳаддан ортиқ таъсир қилишининг олди олинади, дея маълум қилди PISA асосчиси Андреас Шляйхер. Мактаб вазирлиги баёнот бериб, 233 та мактабнинг барчаси тасодифий танланганини иддао қилиш билан унинг сўзларини қисман рад этди.

Фото: Umit Donmez / Anadolu Agency

Ўзбекистонда PISA халқаро тадқиқоти ўтказилаётган мактаблар рўйхатига барча президент мактаблари ҳам киритилгани юзасидан тадқиқот муаллифи ва Мактаб вазирлиги изоҳ берди.

Аввалроқ жамоатчилик фаоллари президент мактабларининг бу тадқиқотда қатнашиши натижаларнинг сунъий яхшиланишига сабаб бўлиши эҳтимолига эътибор қаратган, мактаб вазири Ҳилола Умарова бунга жавобан барча мактаблар тасодифий танлаб олинганини билдирганди.

Лекин 10 мингта мактаб ичидан тасодифий танланган 233 таси сирасига барча ҳудудлардаги президент мактаблари тўлиғича кириб қолгани вазирнинг сўзларига ишончсизлик уйғотганди.

“Бу мактабларни қўшишни Ўзбекистон томони сўраган” — PISA асосчиси

Gazeta.uz нашри мавзу юзасидан PISA тадқиқоти асосчиси Андреас Шляйхерга саволлар йўллаб, ундан жавоб хати олган. Унда Шляйхер тадқиқот учун танлаб олинган мактаблар қаторида барча 14 та президент мактаби ҳам борлигини тасдиқлаб, уларга алоҳида гуруҳ деб қаралиши, мамлакатнинг умумий натижаларини ҳисоблаб чиқаришда вазн бериш усули қўлланиши ҳисобига, ҳаққоний натижалар олинишини таъкидлаган.

“Ўзбекистон бўйича мамлакат натижаларини тайёрлашда ушбу мактабларнинг танланмадаги улуши ошиб кетгани ҳисобга олинади, шу сабабли тадқиқот натижалари Ўзбекистондаги барча ўқувчилар ҳолатини тўғри акс эттиради. Президент мактабларининг натижалари фақат бу мактаблардаги ўқувчиларнинг мамлакатдаги жами ўқувчилар сонига нисбатан улушига мутаносиб равишда ҳисобга олинади.

Бундай ёндашув PISA тадқиқоти учун стандарт бўлиб, мамлакатлар умумий натижаларга қўшимча равишда муайян турдаги мактаблар ёки ўқувчилар бўйича натижаларни таҳлил қилмоқчи бўлганда қўлланади. PISA натижаларини ҳисоблашда муайян турдаги мактаблар умумий натижага ҳаддан ташқари катта таъсир қилмаслиги, мамлакат даражасидаги натижалар мамлакатдаги умумий ҳолатни акс эттириши учун танланмага вазн бериш (sampling weights) методикасини қўллайди.

Хусусан, Ўзбекистон бўйича тадқиқотларда мамлакат ҳудуди урбанизация даражаси бўйича 27 та гуруҳ (страта)га бўлиб олинган, шундан келиб чиқиб PISA ўқувчиларни танлашда аввал ушбу 27 гуруҳда қанча мактаб/ўқувчи бўлса, шунга пропорционал равишда улуш ажратган. Кейин эса 14 та президент мактаби қўшимча гуруҳ сифатида алоҳида киритилган. Ихтисослаштирилган мактабларга келсак, мактабларнинг ихтисослашуви алоҳида гуруҳга бўлиш учун мезон қилиб олинмаган, лекин ҳар бир гуруҳ ичида қўшимча мезон сифатида олинган”, – дейилади Андреас Шляйхернинг изоҳида.

Тадқиқот муаллифи бундай мактабларнинг тадқиқотда иштирок этиши репрезентативлик тамойилига қанчалик мос эканига ҳам жавоб берган.

“Ўзбекистон томони ушбу муассасаларнинг таълим натижалари тўғрисида қимматли маълумотларга эга бўлиш учун 14 та президент мактабини ҳам киритишни сўраган.

Улар мутаносиблик (пропорционаллик) тамойили асосида олинган танланмага қўшимча тарзда киритилган, шунинг учун стандарт PISA танланмаси натижаларини бузмайди ва фақат ўзларининг номидан иштирок этади. Уларнинг ўзи алоҳида гуруҳ сифатида олинган бўлиб, ҳар қандай таҳлил учун PISA танланмасининг қолган қисмидан осонгина ажратиб олиниши мумкин”, – деган PISA асосчиси.

Мактаб вазирлиги PISA изоҳини қисман рад этмоқда

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг расмий баёнотида аввалроқ вазир Умарова айтган позиция такрорланади: “233 та мактабнинг барчаси тасодифийлик тамойили асосида танлаб олинган”.

Бу эса PISA асосчисининг юқорида келтирилган ахборотини рад этади.

“PISA 2025 – Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти томонидан ўтказилаётган халқаро тадқиқот бўлиб, унда иштирок этиш учун Ўзбекистондаги 233 та мактаб тасодифийлик тамойили асосида танлаб олинган.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан тадқиқотда иштирок этиш учун мамлакатдаги барча мактаблар рўйхати мазкур ташкилотга тақдим этилган ва уларнинг орасидан танлаб олиш ҳуқуқи бутунлай Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти ихтиёридаги масаладир.

Мактабларни ва ўқувчиларни танлаб олиш рандом (тасодифийлик) усулида бўлиб, бирор бир мактаб ёки иштирокчини мажбуран рўйхатга киритиш имконияти йўқ”, – дейилади вазирлик баёнотида.

ММТВ мамлакат ўқувчиларининг чинакам билим ва салоҳиятини шаффоф тарзда аниқлашдан бирдек манфаатдор эканини қўшимча қилган.

Мавзуга оид

Эълонлар