PISA тадқиқотида президент мактаблари ҳам қатнашаётгани муҳокамаларни келтириб чиқарди
Бу йилги халқаро PISA тадқиқотида Ўзбекистондаги барча президент мактаблари ва 3 та ихтисослаштирилган мактаб ҳам қатнашмоқда. Жамоатчилик фаоллари натижаларнинг сунъий яхшиланиши эҳтимолига эътибор қаратди. Мактаб вазири Ҳилола Умарова мактаблар тасодифан танлаб олинганини айтиб, вазирликка кўзбўямачилик эмас, ҳаққоний таҳлил кераклигини билдирди.

Фото: Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги
Ўзи нима гап?
Ўзбекистон Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ОECD) ташаббуси билан ҳар 3 йилда 1 марта ўтказиладиган PISA (The Programme for International Student Assessment) халқаро тадқиқотида иккинчи марта иштирок этмоқда.
Бу тадқиқот – 15 ёшли ўқувчиларни имтиҳон қилиш орқали, мактаб таълими сифатига баҳо беришга қаратилган.
2025 йилги синовларда республиканинг 233 та мактабидан 8 800 нафар ўқувчи қатнашади. Бунда жамоатчилик фаоллари таълим муассасаларини танлашда репрезентативлик тамойили бузилганини айтмоқда.
Таълим соҳаси мутахассиси, ўқитувчи Шокир Турсун тадқиқотда барча президент мактаблари қатнашаётганини маълум қилиб, бу ўртача баллни сунъий оширишини айтди.
“Ҳаммаси оддий: бу мактаблар энг сара ўқувчиларни ўқитади, уларнинг натижалари яхши чиқиш эҳтимоли юқори, аммо улар бутун Ўзбекистон ўқувчиларининг 1 фоизини ташкил этади (ёки ундан ҳам кам). Бу репрезентативлик – ҳақиқий воқеликни акс эттиришга қаратилган гуруҳни танлаб олиш жараёнига зид ҳисобланади.
Таълим сифатини ёлғондан баланд кўрсатиш, ўзимизни алдаш нега керак, тушунмаяпман. Яна ҳам тушунмаётганим, ОECD бунга қандай қилиб йўл қўйиб берди? Ёки ҳамма ахборотларим ёлғонмикин?” – дейди Турсун.
Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова Х тармоғи (собиқ Twitter)даги саҳифасида Шокир Турсуннинг постини белгилаб, шундай изоҳ ёзди:
“PISA тадқиқотида иштирок этиш учун Ўзбекистондаги 233 та мактаб тасодифийлик тамойили асосида танлаб олинган. Мактабларни танлаш жараёнига вазирлик умуман аралашмайди, OECD танлаб, ўтказади. Вазирликка ҳаққоний таҳлил, натижалар керак. Кўзбўямачилик эмас”.
Тармоқ фойдаланувчилари вазирнинг пости остига ёзган изоҳларда танлаб олинган мактаблар рўйхатини очиқлашга чақирмоқда.
Kun.uz манбаларига кўра, тестларда иштирок этаётган мактаблар орасида чиндан ҳам президент ва ихтисослаштирилган мактаблар мавжуд. Аммо улар атайлаб танлаб олинмагани, ҳар бир босқич учун алоҳида протокол борлиги айтилмоқда.
ММТВ расмийси эса Kun.uz сўровига жавобан ҳолат юзасидан ахборот тайёрланаётгани, тез орада расмий муносабат эълон қилинишини билдирди.
“Президент мактаблари алоҳида қатлам деб олиниши керак эди”
Яна бир таълим мутахассиси Комил Жалилов PISA'да мактаблар қандай танлаб олинишига эътибор қаратди. Унинг таъкидлашича, тадқиқотда икки босқичли стратификация қилинган танлаш методидан фойдаланилади.
“Бу дегани – мактаблар турли хусусиятларига кўра (шаҳар / қишлоқ, оддий / ихтисослашган, мактаб ҳажми, ўқувчиларнинг келиб чиқиши ва ҳоказо) страталарга (категорияларга) бўлинади. Масалан, мамлакатда қишлоқ мактаблари улуши 60 фоиз. Демак, танланмага тушган қишлоқ мактаблари сони шу нисбатни акс эттириши керак.
Агар мамлакатда ўқувчиларни қобилиятига кўра ажратадиган ёки алоҳида ўқув дастурлари бўйича ўқитадиган мактаблар бўлса, улар алоҳида категория деб олинади. Яъни оддий тил билан айтганда, президент мактаблари алоҳида қатлам деб олиниб, уларнинг ичидан нечтадир мактаб (бу мактабдаги ўқувчилар сонининг мамлакатдаги умумий ўқувчилар сонидаги улушини ҳисобга олган ҳолда) тасодифан танлаб олиниши керак эди”, – дейди у.
“Бу бутун тизим кўрсаткичларини сезиларли даражада ўзгартириш учун етарли эмас”
Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик маркази ходими Рашид Тожибоевга кўра, президент мактаблари тасодифий танлаб олинмаган, балки уларнинг барчаси инглиз тилида имтиҳон топшириш имконини таъминлаш мақсадида махсус жалб қилинган.
Тожибоев махсус танланганлар миллий кўрсаткичларга “сезиларли таъсир қилолмайди”деб ҳисоблашини билдирди.
“Статистик жиҳатдан қаралганда, президент мактаблари ўқувчилари умумий иштирокчиларнинг 3,8 фоизини ташкил қилиши мумкин. Агар ушбу ўқувчиларнинг барчаси PISA тестида энг юқори 6-даражага эришган тақдирда ҳам, бу умумий миллий баллар кўрсаткичи тахминан 15 баллга ошишига олиб келиши мумкин. Бу эса бутун тизим кўрсаткичларини сезиларли даражада ўзгартириши учун етарли эмас. Амалда 6-даражани олиш ҳам осон эмас, Назарбоев мактаблари тажрибасига кўра, энг яхши шароитдаги ўқувчилар ҳам бу даражага оммавий етиша олишмаган”, – дейди у.
Тожибоевга кўра, президент мактабларининг PISA тадқиқотидаги иштироки, таълим тизимидаги имкониятлар тенгсизлиги муаммосини очиб беради. Бу мактабларга ажратилаётган молиявий ресурслар ва улар билан бошқа мактаблар ўртасидаги тафовут қандай натижа бераётгани ҳақида чуқурроқ таҳлил қилиш имконини беради.
“Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, PISA натижалари билан мамлакатларнинг ЯИМ ўртасида ижобий корреляция мавжуд. Иқтисодиёти барқарор ва ривожланган давлатларда ўқувчиларнинг PISA баҳолари ҳам юқорироқ бўлади.
Унга кўра, агар мамлакат 4 йил давомида таълимга ажратиладиган маблағни ҳар йили 7–8 фоизга ошириб борганда, PISA тестларидаги ўртача балларда 3,2 фоизлик ўсиш кузатилади. Бу PISA тизимидаги стандарт оғишга кўра тахминан 3 ёки 4 балл демакдир.
Ўзбекистон мисолида қаралганда, агар 2026 йилдан бошлаб таълим бюджети ҳозирги 59 триллион сўмдан ҳар йили 8 фоизга ошириб борилиб, 2029 йилда 80 триллион сўмга етказилса, бу катта сармоя эвазига PISA математика бўйича баллар атиги 3–4 баллга ошиши мумкин. Бу эса Ўзбекистоннинг 2030 йилгача PISA натижалари бўйича топ-30 давлат қаторига кириш мақсадини сўроқ остига қўяди”, – дейди Рашид Тожибоев.
Республика таълим маркази вакили айрим танлаб олинган мактаб ўқувчилари ўқитувчилар томонидан тестларга олдиндан тайёрлантирилаётгани ҳақидаги хабарларга ҳам муносабат билдирди. “Агар бу ҳолат тасдиқланса, бу баҳолаш натижаларининг ишончлилигига салбий таъсир кўрсатиши мумкин”, – деди у.
Тармоқда тарқалган, тасдиқланмаган миш-мишларда танлаб олинган мактабларда 8-синф ўқувчилари бошқа дарслардан озод қилиниб, PISA имтиҳонларига тайёрлантирилаётгани, уларни ўқитишга бошқа мактабларнинг ўқитувчилари ҳам жалб этилаётгани ҳақида сўз боради.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон PISA тадқиқотида илк марта 2022 йилда иштирок этиб, паст натижаларни қайд этган эди. Ўзбекистонлик болалар 81 та мамлакат орасида математика бўйича 72-ўринни, табиий фанлар ва ўқиш саводхонлиги йўналишларида 80-ўринни эгаллаганди.
Мавзуга оид

10:42 / 14.06.2025
Ўзбекистон ва Британия ихтисослаштирилган таълим дастурларини амалга оширади

18:16 / 13.06.2025
Қашқадарёдан Қорақалпоғистонгача: “Teach for Uzbekistan” таълимда нималарни ўзгартира олади?

20:55 / 12.06.2025
“1 соатда битадиган муаммони 1,5 йилдан бери чўзишмоқда” – Зангиотада тайёр янги мактаб иш бошламаяпти

17:14 / 11.06.2025