Ўзбекистон | 17:47 / 12.05.2025
2989
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Афғонистонга беғараз ёрдам тариқасида 26 тоннадан зиёд уруғ етказиб берди

Етказиб берилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари орасида 5 тонна чигит, 20 тонна шоли, 50 килодан ортиқ мош, шунингдек, полиз экинларининг юқори сифатли уруғлари ҳам бор.

Фото: Қишлоқ хўжалиги вазирлиги

Ўзбекистон президентининг қўшни мамлакатлар билан дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш борасидаги сиёсати асосида Афғонистонга беғараз равишда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етказиб берилди. Бу ҳақда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги хабар берди.

Қайд этилишича, Афғонистон Қишлоқ хўжалиги, ирригация ва чорвачилик вазири бошчилигидаги расмий делегация Ўзбекистонга ташриф буюрган. Меҳмонлар Тошкент ва Самарқанд вилоятларидаги аграр корхоналар, агрокластерлар ва илмий-тадқиқот марказлари фаолияти билан яқиндан танишган.

Ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан Афғонистон фермерлари ва аграр тузилмаларига беғараз ёрдам тариқасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етказиб берилган. Жумладан, об-ҳаво шароитларига чидамли, сертификатланган 5 тонна чигит (200 гектар ер майдони учун), 20 тонна шоли (100 гектар майдон учун), 500 килограмм мош (25 гектар учун), шунингдек, 187 килограмм сабзавот уруғлари ва 600 килограмм полиз экинларининг сараланган, юқори сифатли уруғлари топширилган.

«Мазкур амалий ёрдам Афғонистонда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, қишлоқ аҳолиси бандлигини ошириш ҳамда аграр соҳада инновацияларни жорий этишга хизмат қилиши кутилмоқда», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, март ойида Ўзбекистон Афғонистонга қарийб 200 тонна инсонпарварлик ёрдами юборганди. Ўшанда инсонпарварлик ёрдами таркибидан ун, макарон маҳсулотлари, ўсимлик ёғи, шакар ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари ўрин олган эди.

Мавзуга оид