Ўзбекистон | 13:52 / 09.05.2025
9509
2 дақиқада ўқилади

Ҳайдовчиларга қоидабузарлик учун жарима баллари ҳисоблаш 1 июндан бошланади

Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори қабул қилинди. 0,2 баллдан 2 баллгача бўлган жарима баллари фақат ЙПХ инспектори томонидан аниқланган қоидабузарликлар бўйича ҳисобланади. 12 ой ичида 12 балл тўплаган ҳайдовчилар 6 ойдан 3 йилгача гувоҳномасидан маҳрум бўлади.

Фото: Ички ишлар вазирлиги

“Йўл ҳаракати қоидабузарликларини жарима баллари асосида баҳолаш тизимини жорий этиш тўғрисида” ҳукумат қарори эълон қилинди.

6 май куни имзоланган қарор 1 июндан кучга киради.

Унга кўра, жарима баллари ҳайдовчиларга нисбатан фақат ЙПХ ходимлари томонидан расмийлаштирилган жарималар асосида, автоматлаштирилган тартибда инсон омилисиз E-jarima модули орқали ҳисоблаб борилади.

Автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш мосламалари орқали аниқланган қоидабузарликлар учун жарима баллари ёзилмайди. Бу масала камералар қайд этган қоидабузарлик вақтида автомобил рулидаги шахсни идентификация қилиш имконияти яратилганидан кейин кўриб чиқилади – Ички ишлар вазирлиги ҳукуматга бу борада хулоса киритиши керак (топшириқнинг ижро муддати кўрсатилмаган).

12 ой мобайнида йўл ҳаракати қоидаларини бузмаган ҳайдовчиларга рағбатлантириш тариқасида кейинги даврда қоидаларни биринчи марта бузганлиги учун биринчи жарима балли ҳисобланмайди.

Ҳайдовчига жарима балли ёзилганидан кейин у 6 ой давомида бошқа қоидабузарлик содир этмаса, унинг жарима балларидан 2 жарима балли чегириб ташланади.

Ҳайдовчининг ҳисобидаги жарима баллари 12 ой ичида 12 баллга етиб қолса, тегишли ҳужжатлар судга инсон омилисиз, автоматик юборилади ва ҳайдовчи SMS орқали хабардор қилинади. Қонунга кўра, суд бундай ҳайдовчиларни 6 ойдан 3 йилгача муддатга ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум этади.

Мавзуга оид