Бишкекда ўзбекистонлик талаба автоҳалокатга учради. Комада ётган қизнинг онаси ёрдам кутяпти
Бишкекдаги университетда ўқийдиган 25 яшар Азиза Гулмуродова апрел ойида оғир ЙТҲга учраган. Онасининг Kun.uzʼга айтишича, Азизанинг аҳволи оғир ва 47 кундан буён комада ётибди. У қизини Ўзбекистонга қайтариш учун ёрдам кутмоқда. Бишкекдаги Ўзбекистон элчихонаси ва Қашқадарё вилояти ҳокимлиги аёлга ёрдам берилаётганини билдирди.

Фото: Ижтимоий тармоқлар
Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳридаги халқаро тиббиёт университетида ўқийдиган ўзбекистонлик 25 ёшли Азиза Гулмуродова 2 апрел куни ЙТҲга учраган: уни ўзи ўқийдиган университет яқинида машина уриб кетган. Қизнинг онаси Дилафруз Каримованинг айтишича, Азиза оғир аҳволда республика шифохонасининг жонлантириш бўлимига ётқизилган. Талаба 47 кундан буён комада ётибди.
Kun.uz мухбири билан гаплашган Дилафруз Каримова ўзи дуч келаётган муаммолар ҳақида гапириб берди.
«Қизим билан бўлган фожиани эшитишим билан келдим. Ёлғиз онаман, битта қизим бор, ўзи аранг ўқитаётгандим. Авариядан кейин аҳволи жуда ёмон эди, томоғига қўйилган аппаратдан нафас оларди. Ҳозир ҳам комада, ўзига келмаяпти.
Қирғизистон визаси билан бирга олинган суғурта полиси бор эди. Шу орқали 9 апрелдан кейин ётган кунлари учун касалхона харажатлари қоплаб келиняпти (40 кун). Дастлабки 7 кун учун ҳам тўлов қилишимиз керак – кунига тахминан 120-150 доллардан.
Ҳозир Тошкентдаги неврологик марказлардан бири (хусусий шифохона) билан гаплашдик, олиб келсанглар даволаймиз, деяпти. Бу ерда шифокорлар ҳам рухсат берди, олиб кетсангиз йўлга қаровчи ҳамроҳ сифатида 2 та мутахассис қўшиб берамиз, деди. Лекин олиб кетиш ва бу ердаги қарзлар учун пул керак.
Бу ерда борадиган жойим ҳам, танишларим ҳам йўқ. Қирғизистондаги фаолларга раҳмат, анча ёрдам беришяпти», дейди она.
Дилафруз Каримованинг айтишича, у Бишкекдаги Ўзбекистон элчихонасига мурожаат қилган, лекин тайинли жавоб ололмаган: «ёрдам сўраб, элчихонага ва консулликка телефон қилдим. Улар бунинг бизга алоқаси йўқ, бизнинг ишимиз эмас, дейишди».
ЙТҲ содир қилган йигит қамоққа олинган
Жабрланувчининг онасига кўра, ЙТҲ содир қилган йигит келиб хабар олмаган. Воқеа шов-шув бўлгач, Бишкек шаҳар милицияси уни қўлга олган.
«Қизимни уриб кетган йигит ёрдам бермади. Мурожаат қилган видеоларимиз чиққанидан кейин, яқинда прокурорлар келиб кетди. Йигитни ушлашибди. Кечаги куни суд бўлди, унда ҳам ёлғизлигимни билиб, тўполон қилишди. Йигитни 10 суткага ҳибсга олишди. Қизимнинг касалликдаги харажатларини ундириб олиш ва адолатли суд бўлиши учун адвокат ҳам олишим керак. Бунга ҳам ёрдам керак», деди Дилафруз Каримова Kun.uz мухбири билан суҳбатда.
Ушбу ЙТҲ ҳақида дастлаб қирғизистонлик ҳуқуқ фаоли Азиза Абдурасулова Facebook'да ёзиб чиққан. У, шунингдек, Дилафруз Каримова ва унинг қизига ёрдам бериш учун хайрия ҳам уюштирган. Маҳаллий ва хорижий ОАВлар бу масалани ёритишни бошлади.
Шундан сўнг Бишкек шаҳар ички ишлар бошқармаси Азиза Гулмуродова билан боғлиқ бахтсиз ҳодиса рўй берганини тасдиқлаб, ҳолат юзасидан жиноий иш очилганини билдирди.
Маълум қилинишича, 26 ёшли Қирғизистон фуқароси 2 апрел куни Hyundai Sonata русумли автомобилни бошқариб кетаётганда йўлни кесиб ўтаётган қизни уриб юборган. Ўзбекистон фуқароси бўлган жабрланувчи автоҳалокатдан сўнг комага тушиб қолган.

Фото: Бишкек шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси
Бишкек шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси тергов хизмати ҳайдовчини қўлга олиб, вақтинча сақлаш изоляторига жойлаштирган. Қирғизистон Жиноят кодексининг 312-моддаси – «авто-мото транспорт воситаларини бошқариш ва эксплуатацияси хавфсизлиги қоидаларини бузиш» бўйича жиноят иши қўзғатилган. Ушбу модда бўйича соғлиққа оғир зарар етказилган тақдирда 200 минг сомгача (тақрибан 2300 доллар) жарима ёки 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазолари мавжуд.
Бишкек шаҳар милициясига кўра, ҳайдовчининг организмида спиртли ичимлик ёки психотроп модда аниқланмаган. Ҳозирда суд-тиббий ва ҳуқуқий экспертизалар тайинланган, тергов ишлари давом этмоқда.
Ўзбекистон расмийлари нима дейди?
Ўзбекистон фуқароси билан юз берган бахтсиз ҳодиса Қирғизистон медиасида кенг ёритила бошлагач, Ўзбекистоннинг Бишкекдаги элчихонаси расмий муносабат билан чиқиб, баъзи бир хабарларда элчихонага нисбатан ноўрин ва асосланмаган танқидлар учраётганини айтди.
Ўзбекистон дипломатик ваколатхонаси Бишкекда ЙТҲга учраган ўзбекистонлик талабага «ҳеч қандай ёрдам кўрсатилмаётгани ҳамда унинг онасига бўлган тажовузлар ҳақида»ги хабарлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини билдирди.
«Бу ҳолат ҳақидаги маълумотни элчихона ходимлари олишлари билан Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбарияти билан боғланиб, бу масала алоҳида назоратга олинган. Ҳозирги кунда Ўзбекистон фуқаросининг соғлиги тўлиқ маҳаллий шифокорлар назоратида қолмоқда. Унинг ва яқинларининг ҳақ-ҳуқуқларига ҳеч қандай таҳдидлар бўлмаётганини маълум қиламиз.
Элчихона тўғридан тўғри фуқаронинг онаси билан ҳам алоқада, ҳеч қандай алоқадан қочиш ёки уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишда сусткашлик қилиш ҳолатлари мавжуд эмас», дейилади дипломатик ваколатхона баёнотида.
Шунингдек, элчихона – Қирғизистонда бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларидан «ушбу мамлакатнинг ички қонун-қоидаларига тўлиқ риоя қилишларини, ўрнатилган тартибларни бузмасликларини, йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилишларини, пиёдалар учун белгиланган махсус жойлардан ўтишларини ва бошқа қоидаларга риоя қилишларини» сўраган.
Шу билан бирга, хориж оммавий ахборот воситаларида ЙТҲга учраган қиз ва унинг онасига улар яшайдиган ҳудуд – Қашқадарё вилояти ҳокимлиги моддий ёрдам кўрсатиши ҳақида хабарлар тарқалди. Kun.uz мухбири Қашқадарё вилояти ҳокимлигидан изоҳ олди.
«18 май куни вилоят ҳокими президентнинг ҳудуддаги вакили сифатида 2-3 та масъуллар ва элчихона ходимлари билан гаплашган. Қирғизистон ССВ беморни самолётга чиқаришга бермаган. Шифокорлар рухсат бериши билан олиб келиниши режа қилинган. Бу бўйича вазиятни вилоят ҳокими алоҳида назоратга олган», деди ҳокимлик матбуот котиби Аҳрор Содиқов. Содиқовга кўра, Дилафруз Каримовага пул тушириб бериш орқали бир неча марта моддий ёрдам берилган.
Дилафруз Каримова эса ҳозирча Ўзбекистон расмийларидан ҳеч ким унга алоқага чиқиб, моддий ёрдам бермаганини таъкидлади.
«Ҳозир асосан 3 та харажатим бор: қизимнинг касалхонада ётган кунлари учун қарзни тўлаш, уни махсус ҳолатда докторлар ҳамроҳлигида Тошкентга олиб келиш ва судда қатнашиш учун адвокатга тўлов. Тошкентга борганимиздан кейин бу аҳволда қанча даволанади, 1 йилми ёки кўпроқ, билмайман», дейди у.
Каримова ҳайдовчи йигитнинг айби исботланса, ҳозирги ва келгусидаги даволаниш харажатлари ҳамда олган қарзларини қоплаш учун зарарни ундириб олишини айтди.
Kun.uz воқеалар ривожини кузатиб боради.