Жамият | 23:21 / 08.05.2025
3143
2 дақиқада ўқилади

Тошкентнинг айрим кўчаларида 9 май куни транспорт воситалари ҳаракати чекланади

Пойтахт кўчаларида 2000 киши иштирокида 5 км масофа югуриш мусобақаси ўтказилади. Шу боис соат 11:00 гача айрим кўчаларда транспорт воситалари ҳаракати чекланади.

Фото: ИИББ ЙҲХБ ахборот хизмати

Тошкентда 9 май куни 2000 киши иштирокида 5 километр масофа югуриш мусобақаси ўтказилади. Бу ҳақда пойтахт ИИББ ЙҲХБ ахборот хизмати хабар берди.

Шу муносабат билан, хавфсизликни таъминлаш мақсадида соат 05:00 дан 11:00 гача бўлган вақт оралғида транспорт воситаларининг ҳаракати қуйидаги кўчаларда вақтинча чекланади:

  • Чўпонота кўчасининг Бунёдкор кўчасидан Шота Руставели кўчасигача бўлган қисми;
  • Унга туташ бўлган Нурхон, Арнасой, Саъди Сирожиддинов ва Боғибустон кўчалари.

«Юзага келган ноқулайликлар учун узр сўраган ҳолда ҳайдовчилардан ёндош ва айланма йўллардан ҳаракатланишларини сўраб қоламиз», — дейилади хабарда.

Таъкидланишича, марафон иштирокчиларига учбурчак шаклидаги фронт мактубига ўхшатиб ишланган ёки фронтчиларнинг фамилиялари ёзилган конверт-мактуб берилади. Хатнинг орқа томонида урушда ҳалок бўлган ўзбекистонлик аскарнинг исми, қисқача ҳаёти ёки иқтибос келтирилади.

Ҳар бир югурувчи рамзий маънода «хатни ўз эгасига етказиб беради» – уни катта хотира тахтасига ёпиштиради, маррага етиб келганлар аскарларнинг исми ёзилган қоғоз парчаларини ҳам ёпиштиради, шу тариқа, хотира девори пайдо бўлади.

Мавзуга оид