Жаҳон | 20:18 / 08.05.2025
4536
2 дақиқада ўқилади

Билл Гейтс 20 йил ичида деярли барча бойлигини хайрияга йўналтиришига ваъда берди

Гап Gates Foundation фонди орқали сарфланадиган 200 миллиард доллар ҳақида кетмоқда.

Фото: AFP/Getty Images

Microsoft асосчиси Билл Гейтс 20 йил давомида деярли бутун бойлигини хайрияга йўналтиришини эълон қилди. Гап Gates Foundation фонди орқали сарфланадиган 200 миллиард доллар ҳақида кетмоқда.

«Кейинги 20 йил ичида мен деярли барча бойлигимни бутун дунё бўйлаб одамларни қутқариш ва уларнинг ҳаётини яхшилаш мақсадида Гейтс фонди орқали сарфлайман. 2045 йил 31 декабрда эса фонд ўз эшикларини бутунлай ёпади», — деб ёзади Гейтс.

Reutersʼнинг қайд этишича, миллиардер кўплаб ёрдам дастурларини қисқартиргани ёки тўхтатиб қўйгани учун АҚШ президенти Доналд Трампни билвосита танқид қилган. Гейтс янги туғилган чақалоқлар, болалар ва оналарнинг ҳаётини «олдини олиш мумкин бўлган сабаблар»дан сақлаб қолиш, шунингдек, полиомиелит, безгак ва қизамиқ каби касалликларни йўқ қилиш, қашшоқликни камайтиришни хоҳлаётганини ёзди.

«Одамлар ўлимимдан кейин мен ҳақимда кўп нарсаларни гапиради, аммо мен улар орасида «У бой ҳолатда вафот этди», деган жумла бўлишини хоҳламайман», — дейди миллиардер.

CNN’га кўра, Билл ҳамда унинг собиқ рафиқаси Мелинда томонидан 2000 йилда асос солинган фонд уларнинг ўлимидан кейин ҳам ўнлаб йиллар фаолиятини давом эттириши режа қилинган эди. Энди эса миллиардер пулларни эртароқ сарфлашни хоҳлаётганини маълум қилди.

Gates Foundation ташкил этилганидан бери турли дастурларга, жумладан, ОИТС, сил ва безгакка қарши курашга 100 миллиард доллар ажратган. Bloomberg рейтингига кўра, айни вақтда Билл Гейтснинг бойлиги 108 миллиард долларни ташкил этади.

Мавзуга оид