Ўзбекистон | 16:52 / 07.05.2025
7274
10 дақиқада ўқилади

Ношаффоф хусусийлаштиришлар. Бу яна давом этадими?

Ўзбекистонда ўнлаб йирик компаниялар сотувга қўйилиб, хусусийлаштиришнинг иккинчи тўлқини бошланиш арафасида. Ўтган ой охирида бу ҳақдаги янгилик турлича қарши олинди. Жамоатчиликдаги шубҳа-гумонлар 2020-2024 йиллардаги биринчи тўлқин билан боғлиқ. Чунки бу даврда бир қатор йирик активларнинг хусусий қўлларга ўтишига оид кўплаб саволлар ҳалигача жавобсиз қолмоқда.

Фото: Kun.uz

Совет Иттифоқи даврида барча иқтисодий фаолият ҳукумат томонидан режалаштирилган, корхоналар 100 фоиз давлатга тегишли бўлган. Бозор тамойиллари, рақобат, хусусий мулк тушунчалари деярли йўқ эди.

Шу сабабдан ҳам мустақилликдан кейинги йилларда постсовет маконида давлат корхоналарини сотиш энг муҳим вазифалардан бирига айланди. Чунки улар самарасиз, жамият учун жуда қимматга тушади ва иқтисодий ўсишга салбий таъсир кўрсатади.

Ўзбекистон мисолида олиб қарасак, кенг масштабли хусусийлаштириш тўлқинига 2020 йилнинг охиридан старт берилди. Шу йилнинг 27 октябр куни қабул қилинган «Давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилишни жадаллаштириш ҳамда давлат активларини хусусийлаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент қарорида сотилиши керак бўлган корхоналар, объектлар ва давлатга тегишли бошқа активларнинг каттагина рўйхати тасдиқланди. «2021-2025 йилларда давлат иштирокидаги корхоналарни бошқариш ва ислоҳ қилиш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида»ги Вазирлар Маҳкамасининг қарорида эса давлат иштирокидаги корхоналар сонини 75 фоизга қисқартириш мақсад қилинганди. Аммо ўтган давр мобайнида бир қатор сотувларнинг қанчалик шаффоф кечгани доимий тарзда савол остига олиб келинмоқда.

2025 йилдан хусусийлаштиришнинг иккинчи тўлқини бошланади. Бунда 29 та давлат иштирокидаги йирик корхоналар устав капиталидаги акциялар пакетини оммавий савдоларга чиқариш кўзда тутилган. Улар орасида UzAuto Motors, UMS, Uzbekistan GTL, Ўзбекинвест, Ўзметкомбинат, Тошкент трактор заводи, Технопарк ва бир қанча ИЭСлар бор.

Шунингдек, 12 та давлат иштирокидаги йирик корхона устав капиталидаги акциялар пакетининг халқаро ва маҳаллий фонд бозорларида бирламчи ёки иккиламчи оммавий таклифини ўтказиш кўзда тутиляпти. Улар қаторига Навоий ва Олмалиқ кон-металлургия комбинати, Uzbekistan Airways, Навоийуран, Ўзтелеком, Ўзтрансгаз, Ҳудудий электр тармоқлари, Ҳудудгазтаъминот каби йирик компаниялар киритилган.

Нега хусусийлаштириш керак?

Хусусийлаштиришдан асосий мақсад – давлат активларини энг юқори нархларда мулкдорларга топшириш. Мулкдор мулкни қанча қимматга олса, табиийки, тиккан пулини қайтариб олиш учун ундан шунча самарали фойдаланади.

Давлатнинг иқтисодиётда юқори даражада иштирок этиши ўзаро рақобатга халақит беради, монополия ва коррупцияни урчитади. Иқтисодиётда шундай қоида бор: ким ўз ресурсларидан максимал фойда олишни билса, ўша мамлакат бой бўлади. Аксинча бўлса, камбағаллашади. Шу жиҳатдан давлатнинг бизнес билан шуғулланмаслиги ҳамма учун фойдали.

Бу ерда жуда муҳим шарт бор: хусусийлаштириш адолатли, рақобатли ва холис ўтгандагина самарали ҳисобланади. Акс ҳолда, давлат активини қинғир йўл билан қўлга киритган шахс ёки шахслар гуруҳи истаган вақтда, масалан сиёсий об-ҳаво ўзгариб қолганида, олган мулкидан айрилиб қолиши мумкинлигини жуда яхши тушунади, шу сабаб унга етарлича “меҳр” бермайди, узоқни кўзлаб йўл тутмасдан, корхонанинг келажагини ўйлашдан кўра максимал тезроқ фойда олиш ҳаракатида бўлади.

Хусусийлаштириш қандай бўлиши керак эди?

Аслида, ҳукумат учун асосий мақсад – ўзига тегишли мулкни максимал қиммат нархда сотиш бўлиши керак. Ўзбекистонда кузатилаётган сотувларда эса потенциал харидорларга келажакда инвестиция киритиш ва иш ўринларини яратиш каби ижтимоий мажбуриятлар юклашга кўпроқ урғу бериляпти. Яъни давлат активлари кўпроқ пул тўлаганларга эмас, балки истиқболда нимадир қилишга ваъда берганларга бериляпти.

Сабаби, давлат эгалигидаги корхоналар кўпинча иш билан таъминлаш воситаси сифатида ҳам кўрилади. Хусусий сектор эса замонавий технологиялар ёрдамида иш ўринларини қисқартириши ёки кўпроқ даромад олиш мақсадида иш жараёнини трансформация қилиши мумкин. Натижада, иш ўринларини қисқартирмаслик ва бошқа шу каби талаблар киритилган хусусийлаштириш жараёнларига инвесторларнинг қизиқиши юқори бўлмаслиги мумкин.

Энг ажабланарлиси эса, яхшигина фойдада ишлаб турган заводларнинг бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотилиши.

Умуман олганда, бундай хусусийлаштириш жараёнларидан пули бор, халқаро репутацияси яхши инвесторлар узоқроқ юришади. Чунки инвестиция ва ижтимоий мажбуриятлар юклаш келгусида мулкни тортиб олишнинг энг кенг тарқалган ва ишончли усуллардан бири экани амалиётда кўп бор исботланган.

Қуйида – сўнгги йилларда хусусийлаштирилгани кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлган йирик давлат активларидан айримларига эътибор қаратамиз.

Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи

2022 йилнинг май ойида “Саноат энергетика гуруҳи” МЧЖ (Saneg) ФНҚЗнинг 100 фоиз улушини айрим мажбуриятлар билан 100 млн долларга хусусийлаштириб олганди. Шундан кейин завод 2023 йилда 469,6 млрд сўм, 2024 йилда эса 236,1 млрд сўм соф фойда кўрган. Аммо ҳамон ФНҚЗнинг 58,5 фоиз назорат пакети Давактив ихтиёрида қолаётганига қараганда, 3 йилдан бери келишилган пул давлатга тўлиқ тўланмаган. Битим қачон ёпилиши, тўлов яна неча йилга чўзилиши маълум эмас. Бу вақтда Saneg заводнинг бир қисмини 140 млн долларга сотишга ҳам эришди. Saneg'да қарзга олинган заводни қайта сотиш ҳуқуқи бўлган ёки бўлмагани маълум эмас.

UNG Petro АЁҚШлари ва Чиноз нефтни қайта ишлаш заводи

“Ўзбекнефтгаз”га тегишли бўлган UNG Petro ёқилғи қуйиш шохобчалари тармоғи ва ЧНҚЗ айни пайтда собиқ ташқи ишлар вазирининг ўғли Дониёр Комилов эгалик қиляпти. Номи Carvon дея ребрендинг қилинган Ўзбекистондаги энг йирик АЁҚШлар тармоғи қандай қилиб давлатнинг эгалигидан чиқиб кетгани номаълум. Бу олди-сотди жараёнлари бўйича ҳалигача Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳеч қандай расмий маълумот бермади.

Қизилқумцемент” ва “Кварц

Бундан 3,5 йил олдин мамлакатдаги энг йирик цемент заводлардан бири – “Қизилқумцемент” устав капиталидаги 86,92 фоиз давлат улуши 1,89 триллион сўмга Кипрда рўйхатдан ўтган United Cement Group'га сотилган эди. Бу сотув заводнинг бозор нархига нисбатан 20 фоиз арзонроқ нархда амалга оширилгани халқаро инвесторлар норозилигига сабаб бўлганди. Заводнинг 31,8 фоиз улуши ҳозир ҳам “Қизилқумцемент” АЖнинг ўзига тегишли, бу эса UCG томонидан шартномада кўзда тутилган пул ҳали ҳам давлатга тўлиқ тўлаб берилмаган бўлиши мумкинлигини англатади.

2025 йил февралида “Қувасойцемент” АЖга уч йилга бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан 265 млрд сўмга сотилган “Кварц” шиша заводи давлат ихтиёрига қайтарилди. Бу харидорнинг мажбуриятларини бажаролмагани билан изоҳланди. Эътиборли жиҳати, завод хусусийлаштирилмасидан олдинги йилларда фойда кўриб ишлаган: соф фойдаси 2021 йилда 54,7 млрд сўм, 2022 йилда 64,3 млрд сўмни ташкил этган. 2023 йил февралидаги хусусийлаштиришдан кейин компания ўша йилни 21,7 млрд сўм, 2024 йилни эса 142 млрд сўм зарар билан якунлаган.

Ангрен шина заводи ва Hyatt Regency меҳмонхонаси

Катта миқдордаги ташқи қарзлар ҳисобига бунёд бўлган активларнинг қанча нархда сотилаётгани ҳам қизиқ.

Қурилиши учун Хитойдан 156,4 млн доллар кредит олинган Ангрен шина заводи 2023 йил январида “Татнефт”га 80 млн доллар ёки қарийб 900 млрд сўмга сотилди. Ўша вақтда компаниянинг устав капитали 658 млрд сўм, соф активлари қиймати эса битим тузилишидан олдинги охирги чоракда 2,3 трлн сўм эди. Расмийлар битим қийматини изоҳларкан, заводнинг 153 млн долларлик қарзлари борлиги, харидор томон шу қарзларни ҳам тўлаш мажбуриятини олганини билдирди.

Hyatt Regency Tashkent меҳмонхонасининг 100 фоизлик давлат улуши Abu Dhabi Uzbek Investment фонди томонидан 87 млн долларга сотиб олингани ҳам ижтимоий тармоқларда турлича қабул қилинди. Чунки меҳмонхона 2013-2016 йиллар оралиғида қурилган ва лойиҳа қиймати тахминан 205 миллион долларни ташкил этган.

Ипотекабанк

2023 йилнинг июн ойида Ипотекабанкнинг 73,71 фоиз акциялари Венгриянинг OTP гуруҳига ўтган эди. Битим қиймати 324 млн доллар бўлгани айтилган. Орадан бир неча ой ўтиб, Венгрия компанияси ўз улушини 79,6 фоизгача ошириб олди. Бунга OTP фойдасига қўшимча акция чиқарилгани, Ўзбекистон номидан иш олиб борган Иқтисодиёт ва молия вазирлиги эса бунга розилик бергани сабаб бўлган.

Иқтисодчи Отабек Бакиров ўшанда блокловчи пакетнинг йўқотилгани қолган улушларни қимматроқ сотиш бўйича музокараларда давлат позициясининг заифлашишига олиб келиши мумкинлигига эътибор қаратганди. Ҳолат юзасидан ИМВ баҳсли саволларга жавоб беришдан бош тортди.

Алоқабанк, Асакабанк ва Ўзсаноатқурилишбанк каби бошқа йирик банкларни хусусийлаштириш бир неча йилдан бери кечиктириб келиняпти.

Кўплаб саволлар очиқ

Юқорида санаб ўтилган бир қатор ҳолатлар бўйича Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва бошқа органлардан реакциялар бўлмади.

Давлат активларини бошқариш агентлиги эса, йирик хусусийлаштириш жараёнлари бўйича ОАВ саволларини жавобсиз қолдиришни одат қилиб олган.

Фаол хусусийлаштириш бошланган 2021 йилдан кейинги даврда ваколатли орган атиги бир марта – 2023 йилнинг март ойида кичик матбуот анжумани ўтказган холос.

Жамоатчилик билан фаол мулоқотнинг йўқлиги, саволларга намойишкорона сукунат билан жавоб берилаётгани вақти-соати келиб, ўзбекистонликлар миллийлаштириш тўлқинига ҳам гувоҳ бўладигандек таассуротни юзага келтирмоқда.

Унутмаслик керакки, ҳар бир ношаффоф хусусийлаштириш мамлакатнинг инвестицион жозибадорлигини пасайтириши сабаб, ўзидан кейинги савдоларга ҳам билвосита таъсир кўрсатади.

Инвестицион жозибадорлик – олдинда кутилаётган хусусийлаштиришнинг иккинчи тўлқини қанчалик рақобатли ўтишини белгилаб беради.

Халқаро репутацияга эга йирик инвесторларнинг Ўзбекистон бозорига киришга қизиқиши сусайса, кейинги активлар асосан маҳаллий сармоядорлар ўртасида тақсимланади, бу эса давлат бюджетига хусусийлаштиришдан тушадиган тушумларга жиддий таъсир қилади.

Coca-Cola Uzbekistan'нинг сотилганига ҳам 4 йил бўлди, халқаро ҳамжамиятга буни мисол қилиб кўрсатиш ҳам эскирди ахир.

Достон Аҳроров

Мавзуга оид