Ҳиндистонлик талаба Тошкент тиббиёт академиясидаги таълимни расво деб атади. Вазирлик рад этди
Феврал ойидан бошлаб Тошкент тиббиёт академиясида ўқий бошлаган 21 ёшли ҳиндистонлик талаба ижтимоий тармоқда пост ёзиб, дарслар, имтиҳонлар ва ётоқхонадаги шароитлардан шикоят қилди. Шундан кейин олий таълим вазири академияга бориб, ҳиндистонлик талабалар билан мулоқот қилди.

Фото: Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги
Ижтимоий тармоқларда ҳиндистонлик талабанинг Тошкент тиббиёт академиясидаги таълим сифатидан норози бўлиб ёзган пости муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Reddit платформасида шахси кўрсатилмасдан бир ой олдин жойланган постда муаллиф шу йил февралида академияга қабул қилингани, лекин барча умидлари пуч бўлиб чиққанини ҳикоя қилади.
“Ўқитувчилар инглиз тилида зўрға гапиради”
— Мен 2025 йил февралида Тошкент тиббиёт академиясига (ТТА) 1-курсга қабул қилинган ҳиндистонлик талабаман. Рости, бу университетни ишончли деб ўйлагандим. Контракт тўловлари арзон, хорижда тиббиёт ва жарроҳлик бўйича бакалариат, яхши муҳит, тўғрими? Адашган эканман. Бу ерда таълим сифати мутлақо расво, айниқса биз, хорижий талабалар учун.
Биринчидан, ўқитувчилар инглиз тилида зўрға гапиришади. Ҳазиллашмаяпман, баъзида Google Translate'дан ўқиётгандек минғирлашади. Уларни ҳатто тушунолмасак, қандай қилиб тиббиётни ўрганишимиз мумкин? Бизни 4 СОАТ инглиз тили дарсларига мажбуран киритишади. Ака, мен бу ерга алифбо ўрганишга келмаганман-ку, анатомияни ўрганишга келганман!

[Анатомиядан] 1 соат 20 дақиқа дарс бўлади ва бу ҳам кулгили. Улар ҳеч нима ўқитишмайди. Тўғри, профессорлар дарсга келишади, лекин фақат ўтириб, дарсликни кўрсатиб: “мана мавзу, ўрганинглар”, деб чиқиб кетади. Баъзида дарслар охирги дақиқаларда бекор қилинади. Аввалига “дарс онлайн бўлади” дейишади, лекин ҳайратланарлиси, ҳеч қандай онлайн дарс бўлмайди. Биз асосан ўзимиз мустақил ўқиймиз, улар эса ойлик олиб, истаган пайтда ғойиб бўлишади.
Декан ва ётоқхона ҳақида
— Кейин декан бор. Бу одам телба. Соқолимизни олишимизни сўраб, бизни мунтазам таъқиб қилади. Тушунаман, бу “вазирлик қоидалари” ёки нима бўлса ҳам, лекин инсон, тинчланинг – соқолим имтиҳонларни топширишга халал бермаяпти-ку! Декан ҳақида гапирсам, ундан фойда йўқ – ҳеч қанақа муаммони ҳал қилмайди. У шунчаки ўзини катта одамдек кўрсатиб юради, буёқда эса ётоқхона хароб бўлиб ётади. Ҳа, ҳинд талабалар учун ажратилган ётоқхона. Жирканч аҳволда. Ҳожатхоналар, омадимиз келса, ойига бир марта тозаланади, ҳамма жой моғор босиб кетган, қувурлардан сув оқиб ётибди ва ҳоказо. Ҳар икки ойда кимдир қизамиққа чалинади, уларнинг доҳиёна ечими эса бизни чорва фермадагидек тасодифий вакциналар билан эмлаш бўлади. Бу ерда гигиена деган нарса – афсона.

“Имтиҳонлар – цирк”
— Таълим шу даражада ёмонки, қаердан бошлашни билмайман. Ўқитувчилар дарсга келиб овора бўлганида ҳам, фақат слайдлардан ўқиб беришади ёки “ўзинглар ўрганинглар” дейишади. Қандай қилиб яхши шифокор бўлишимиз керак, агар ҳеч нарса ўргатишмаса?
Имтиҳонлар эса умуман бошқа цирк. Сизга 50 та савол ёзилган PDF беришади, ёдлаб олинг дейишади, кейин компютер орқали тест топширасиз. Саволларнинг деярли ҳаммаси ўша PDF'дан бўлади. Фақат ёдлаб, айтиб берасиз ва ўтиб кетасиз. Энг осон имтиҳонлар, лекин ундан нима фойда? Мен бу ерга хотира ўйинларини ўйнаш учун эмас, ҳақиқий тиббиётни ўрганиш учун келганман. Ажабланарли жойи йўқки, бу жойдан “ярим пишган” шифокорлар чиқади. Бундай масхарабозликни Ҳиндистон миллий тиббиёт комиссияси қандай қилиб тан олган ўзи? Кимдир буни текшириши керак.
Вазир ТТАга борди

Юқоридаги пост тармоқларда тарқалиши ортидан, олий таълим вазири Қўнғиротбой Шарипов Тошкент тиббиёт академиясига бориб, ҳиндистонлик талабалар билан учрашди.
Вазирлик матбуот хизматига кўра, Шарипов ТТАдаги ўқув жараёнлари ва талабалар учун яратилган шароитлар билан танишган. Шундан кейин хорижлик, хусусан ҳиндистонлик талабалар билан мулоқот қилган.
“Суҳбат давомида талабалар университетда яратилган замонавий шарт-шароитлардан мамнун эканликларини, таълим сифати, профессор-ўқитувчилар билан мулоқот ва яшаш имкониятлари борасида ижобий фикрларни билдирдилар”, – дейилади расмий хабарда.

Вазир университет раҳбариятига хорижлик талабалар учун қулайликларни кўпайтириш бўйича топшириқлар берган.
Мавзуга оид

16:00 / 03.06.2025
Қишлоқдан халқаро майдон сари: 30 дан ортиқ мамлакатда Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган ўзбек қизи ҳикояси

15:31 / 03.06.2025
Таълим даражаси юқори бўлмаган мактабга ишга кириш учун нима қилиш керак?

11:00 / 28.05.2025
АҚШ дунё бўйлаб хорижий талабалар учун виза суҳбатларини тўхтатмоқда

10:40 / 28.05.2025