«Танамда 20 тача осколка бор» – Россияда мажбуран урушга юборилган ўзбекистонлик ҳикояси
Айни вақтда яраланиб шифохонада ётган ўзбекистонлик Kun.uz’га йўллаган мурожаатида мажбуран урушга юборилгани, унинг қисмида бошқа ўзбеклар ҳам бўлганини айтган.

Фото: Kun.uz
Kun.uz таҳририятига Россиядаги қамоқхонадан мажбурий урушга юборилган ўзбекистонликнинг мурожаати келиб тушди. 26 ёшли Шоҳрух Отахонов Хоразм вилоятида туғилган, 2017 йилдан Россияга қатнаб, қурилиш соҳасида ишлаган ва ҳайдовчилик билан шуғулланиб келган.
У охирги марта 2022 йил августида ишлаш учун Москвага борган. Ўзининг айтишича, 2022 йил ноябр ойида тожикистонлик йигитни таксида аэропортга олиб кетаётганида Россия кучишлатар тузилмалари ходимлари томонидан тўхтатилган, йўловчининг ёнидан 70 грамм миқдоридаги гиёҳвандлик моддаси топилган. Ушбу ҳодиса ортидан Отахонов ҳам айбдор деб топилган ҳамда 2023 йил май ойида суд ҳукми билан 9 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган. У жазони Уляновская областидаги Димитровград шаҳрида, қаттиқ тартибли колонияда ўтаган.
«Мен ўтирган колонияда 200 дан ортиқ ўзбек, 200 дан кўпроқ қирғиз ва тожиклар бор эди. Биз келганимиздан кейин уч ой ўтиб, урушга юборишга тарғибот бошланди. Дастлаб қўрқитишди, ёлғиз қамаб қўйишди, қамоқхона ходимига ҳужум қилдинг деб «срок»ни кўпайтирамиз, дейишди. Ҳақиқатан ҳам урушга бормайман деганларга яна бир неча йил муддат қўшиб беришди. Менгача жами 28 нафар ўзбекистонлик маҳбус урушга кетганди.
Мен колонияда 1,5 йилдан кўпроқ ётдим, 2024 йил охирида қандайдир ҳужжатга қўл қўйдиришди. Эртаси куни мудофаа вазирлиги ходимлари келиб бизга Россия паспортини кўрсатишди, лекин қўлимизга бермади. Шу бўйи Ўзбекистон паспортини ҳам, руслар берган ҳужжатни ҳам кўрмадик».
Шундан сўнг уни дастлаб самолётда, кейин поездда Украинанинг Россия томонидан қисман босиб олинган Луҳанск областига олиб боришган. Димитровграддан Луҳанскка қадар қарийб 1,5 минг километр масофа бор.
«Декабр ойида бу ерга бошқа қамоқхоналардан ҳам ўзбеклар келди. Бизга ҳарбий кийимлар беришди, уч кунда кейин Донецкдаги ҳарбий қисмга олиб боришди. У ерда 1,5 ой «тренировка» қилдик. 2025 йил 1 февралдан биз жанговар вазифаларни олиб, урушга чиқишни бошладик», дейди Шоҳрух.
«Ҳақиқий урушга чиққанимизда ҳеч нарса очиқ айтилмаган. Пиёда штурм қилдик, рациядан айтиб туришарди қайси бинога боришни. Лекин ҳеч ким билмайди у ерда душман борми ёки пистирмами, таваккал борамиз.
4 феврал куни Донецк областидаги Запорижжя қишлоғи яқинида тепамиздан дрон ҳужум қилиб, бомба ташлади. Осколкалар менга ҳам тегди, ўша жойда 18 февралгача қолиб кетдим. Украин аскарларидан қолган егуликлар ва қудуқдаги ифлос сувдан ичиб кун ўтказдик. Об-ҳаво туманли бўлиб, дронлар учмай қўйганидан кейин 4 киши бўлиб ҳарбий қисмга қайтиб келдик. У ерда осколка теккан оёғимга зелёнка ва маз суришди, қотгандан кейин яна жангга чиқариб юборишди: 20 кун битта бинони қўриқладик. Жангдан қайтиб, бормайман деганларнинг ўзларини отиб ташлашди.
2 апрел куни кейинги вазифада бизни Луҳанск ҳудудидаги ўрмонзорга ташлашди. Бу ерда Украина тарафдан ҳам, руслардан ҳам бирор жангчи йўқ эди, фақат дронлар учарди.
Бизни кечқурун мажбурлаб чиқаришди, шу куннинг ўзида дрон яна устимизга снаряд ташлаб кетди. Мен қочиб яқин атрофдаги чуқурга яширинишга уриндим, барибир зарба кучи ва осколкалар етиб келди ва икки кун ҳушсиз ётдим. Ҳушимга келгач, 10 кун чиқолмай ётдим шу жойда. Ўлганларнинг сумкаларидаги егуликларни олиб едим.
12 апрел куни русларнинг шу ердан ўтган ҳарбий машинасига чиқиб, ҳарбий қисмга қайтдим. У ердан Луҳанск областидаги Свердловск шаҳарчасидаги ҳарбий госпиталга олиб келишди. Айни дамда шу ерда 2 ҳафтадан буён ётибман.
Бир қулоғим эшитмай қолган, кейин билсам контузия бўлибман. Госпиталда қўлимдан битта осколкани олишди, шу қўлим ишламай қолган. Танамда яна 20 га яқин осколка бор. Укол-дори қилишяпти, яна бир ой даволанасан дейишди.
Шоҳруҳ Отахонов Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Россиядаги дипломатик ваколатхоналарига мурожаат қилиб, ёрдам сўради.
«Мени бу урушга мажбуран олиб келишган. Президентимиз, Ташқи ишлар вазирлигига мурожаат қилиб, ёрдам беришини сўрайман. 5 ойдан буён ярадор ҳолда урушда юрибмиз. Бизни ҳеч ким эшитмайди, қулоқ солмайди. Шу ҳолимизга қарамай, урушга ташлашяпти. Илтимос, шунга чора кўриб, мени ва бошқа фуқароларимизни қайтаришда ёрдам сўрайман», дейди фуқаро ўз мурожаатида.
Унинг айтишича, бир неча ҳафта олдин Хоразм вилояти Шовот тумани ИИБ ходимлари ота-онасини чақириб, маълумот олган ва ёрдам берилишини айтган. Лекин бундан бирор иш чиқишига кўзи етмаяпти.
Шоҳрух Отахонов Kun.uz билан суҳбатда ўзи қатнашган уруш ҳудудларида ҳам, ўзи ётган ҳарбий госпиталда ҳам ўнлаб ўзбекистонликлар борлигини айтди. Уларнинг кўпчилиги қўрққанидан ўзи ҳақида маълумотлар ошкор қилинишини хоҳламаган.
Россия-Украина уруши ва мигрантлар
2022 йил феврал ойида Россия армияси Украинага бостириб кирганди ва кенг миқёсли уруш ҳамон давом этмоқда. Ҳозирги кунга келиб, Украина армияси сафида ҳам, руслар армиясида ҳам ёлланма жангчилар ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиб келмоқда. Украина армиясида асосан Ғарб мамлакатларидан келган собиқ ҳарбийлар шартнома асосида хизмат қилаётган бўлса, Россия армияси ўз сафларини тўлдириш учун аввало марказий осиёлик мигрантлардан фойдаланмоқда.
Россияда марказий осиёлик мигрантларни фронтга юборишнинг турли усуллари қўллаб келинади. Осонлаштирилган тартибда Россия фуқаролигини бериш, катта ойлик ва ёрдам пуллари, ҳужжатсиз мигрантлар учун қамоқ ёки урушга бориш танлови кабилар шулар жумласидан. 2024 йилда Россия тергов қўмитаси раиси Александр Бастрикин мигрантлардан 30 минг кишига босим қилингани, натижада 10 минг кишини урушга юборишга «муваффақ бўлингани»ни расман тасдиқлаган эди.
Яқинда Украина ҳукуматига алоқадор «Хочу жить» лойиҳаси Россия армияси билан шартнома тузиб, Украинага қарши урушда қатнашган мингдан ортиқ ўзбекистонликка оид маълумотларни ошкор қилди. Шунингдек, Украинанинг «Цензор.НЕТ» портали журналисти Юрий Бутусов эълон қилган видеоларда украинларга асир тушган кўплаб ўзбекистонликларни кўриш мумкин.
Умуман олганда, Украина ресурслари томонидан Ўзбекистоннинг юзлаб фуқаролари асирга тушгани ёки жанг майдонида ҳалок бўлгани ҳақида маълумотлар эълон қилиб келинмоқда.
Ўзбекистон ҳукумати қандай позицияда?
Ўзбекистонда ҳукумат идоралари, Ташқи миграция агентлиги ва Россиядаги дипломатик ваколатхоналар бир неча марта фуқароларни уруш тарғиботига берилмасликка чақириб, хорижий давлатдаги ҳарбий ҳаракатларда қатнашган барча фуқаролари истисносиз жиноий жавобгарликка тортилишидан огоҳлантириб келмоқда. Бундан жаҳли чиққан россиялик депутатлар Ўзбекистон билан виза режимини жорий қилишга ҳам чақирганди.
Шунингдек, Бош прокуратура ва Адлия вазирлиги бунгача бир неча бор мурожаат билан чиқиб, Жиноят кодексининг тегишли моддалари ҳақида эслатган.
Ўзбекистон ҳукумати ўз фуқароларини чет эл қўшинлари сафига қўшилмасликка чақирган бўлса-да, чет эл ОАВларида муҳокама қилинаётган масала судларнинг ёлланма аскарларга чиқарган «юмшоқ ҳукмлари» бўлиб қолмоқда.
Россия армиясига ёлланиб, Украинага қарши уришаётгани айтилган ўзбекистонликлар рўйхати тарқалганидан кейин Ташқи ишлар вазирлиги ушбу маълумотлар ўрганилаётгани, натижаларига кўра тегишли чоралар кўрилишини билдирди.
Бу орада расмий доиралар томонидан ҳам мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида қадамлар ташланди.
Дастлаб, 15 апрел куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидовга хориждаги Ўзбекистон фуқароларининг қонуний манфаатлари ҳимоя қилиниши борасида парламент сўрови юборди. Лекин ҳозирча бу сўровга жавоб келгани ҳақида маълумот берилмади.
29 апрел куни Москвада икки мамлакат фуқароларининг ҳуқуқларига риоя этилиши бўйича ўтказилган йиғилишда имзоланган баённома билан Россия Бош прокуратураси ўзбекистонлик мигрантларнинг ҳуқуқлари таъминланиши юзасидан назоратни кучайтириш мажбуриятини олди.
2 май куни эса Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Бобур Усмонов Россия элчиси Олег Малгинов билан учрашув ўтказиб, ўзбекистонлик мигрантларнинг ҳуқуқлари поймол қилиниши ҳолатлари кўпайиб бораётганига эътироз билдирди.
Мавзуга оид

21:30 / 17.05.2025
Трамп урушни тўхтатиш ҳақида Путин билан телефон орқали гаплашишини айтди

18:55 / 17.05.2025
Путин Украинага оид АҚШ тинчлик режасини Уиткофф билан муҳокама қилишни истамади

16:33 / 17.05.2025
Россия қамоқхонасида туннель қазиб қочган ўзбекистонликларга ҳукм ўқилди

16:28 / 17.05.2025