Жаҳон | 18:03 / 06.05.2025
7185
2 дақиқада ўқилади

Канада Россиянинг улкан «Руслан» самолётини мусодара қилади

2022 йил февралида Россияга тегишли Ан-124 самолёти Хитойдан Торонтога COVID-19 тестларини етказиб берган эди. Украинадаги уруш бошлангач, самолёт Канада томонидан ҳибсга олинди.

Фото: Tom Podolec

Канада Россиянинг Ан-124 «Руслан» юк самолётига бўлган ҳуқуқни ўзлаштириш ва уни Украинага топшириш иши бўйича олдинга силжиди, деб хабар берди INsauga.

«Канада бош прокурори 2025 йил 18 март куни Онтарио Олий судига самолётни мусодара қилиш тўғрисида ариза билан мурожаат қилиб, жараённи бошлади», дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йил февраль ойида Россиянинг «Волга-Днепр» юк авиакомпанияси Ан-124 самолётида Хитойдан Торонтога COVID-19 тестларини етказиб берган эди.

Кейинчалик «Руслан» Канадани тарк этиши керак эди, бироқ Россия Украинага бостириб кирганидан кейин самолёт канадаликлар томонидан киритилган санкциялар туфайли ҳибсга олинди. Шундан бери самолётга эгалик қилиш ҳуқуқи канадаликлар ва руслар ўртасида давом этаётган суд жараёнига сабаб бўлмоқда.

Бу вақт давомида самолёт «Торонто Пирсон» халқаро аэропортининг «диққатга сазовор» объектига айланди.

2023 йил апрель ойида Канада самолётни Украинага топшириш ниятида эканлиги маълум бўлди. Украина бош вазири Денис Шмигал сўзларига кўра, Киев Ан-124 самолётини мусодара қилишга аллақачон тайёргарлик кўра бошлаган.

Ан-124 - Антонов конструкторлик бюроси томонидан ишлаб чиқилган совет транспорт самолёти. У дунёдаги энг йирик юк самолётидир. «Руслан» узунлиги 69 м, қанотлари узунлиги 73 м, юк кўтариш қуввати 120 тонна, максимал тезлиги 865 км/соат.

Самолёт биринчи парвозини 1982 йил 24 декабрда Киевда амалга оширди. Ҳаммаси бўлиб 56 та машина ишлаб чиқилди.

Мавзуга оид