АҚШ армиясида генераллар оммавий равишда ишдан бўшатилади
Март ойидаги маълумотларга кўра, АҚШ қуролли кучлар таркибида 38 нафар генерал ва адмирал мавжуд. Мудофаа вазирига кўра, армиядаги генералларнинг камида 20 фоизи қисқартирилади.

Пит Ҳегсет / Фото: Reuters
АҚШ мудофаа вазири Пит Ҳегсет ҳарбий харажатларни қисқартириш бўйича кампанияси доирасида юқори қўмондонлик ходимлари сонини қисқартиришга қарор қилди.
Ҳегсетнинг хизмат хатида қайд этилишича, АҚШ армиясидаги генераллар ва адмираллар таркибининг камида 20 фоизи, Миллий гвардия генералларининг 20 фоизи ва Бирлашган қўмондонликни қайта ташкил этиш доирасида генераллар ва адмиралларнинг яна 10 фоизи қисқартирилади.
АҚШ Мудофаа вазирлиги тақдим этган маълумотларда келтирилишича, 2025 йил 31 март ҳолатига кўра, мамлакат қуролли кучлари таркибида 38 нафар генерал ва адмирал мавжуд. Улар орасида Бош штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси раиси, қуруқликдаги қўшинлар штаби бошлиғи, ҳарбий-денгиз операция кучлари бошлиғи, ҳарбий-ҳаво кучлар штаби бошлиғи, шунингдек, АҚШ қуролли кучларининг Африка ва Европа қўмондонликлари бошлиқлари ҳамда АҚШ ҚКнинг Кореядаги қўмондонлиги бошлиғи ҳам бор.
Пит Ҳегсет айнан ким лавозимдан олинишига ойдинлик киритмаган.
Аввалроқ Доналд Трамп маъмурияти бир нечта юқори мартабали ҳарбий хизматчиларни лавозимдан олганди. Улар орасида мудофаа вазирининг катта ёрдамчиси генерал-лейтенант Женнифер Шорт, Ҳарбий-денгиз кучлари адмирали Лиза Франкетти, шунингдек, соҳилни қўриқлаш хизмати коменданти адмирал Линда Фэган ҳам бор. Феврал ойида Доналд Трамп Штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси раиси генерал Чарлз Браунни истеъфога жўнатганди.
Шунингдек, келаси йили АҚШ ҳарбий бюджети мамлакат тарихида биринчи марта бир триллион доллардан ошади. Оқ уй «Олтин гумбаз» ракетага қарши мудофаа тизимини яратиш, кемалар қуриш ва ядровий триадани мустаҳкамлашни режалаштирмоқда.