Ўзбекистон | 14:58 / 03.05.2025
11921
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Россиядаги фуқароларининг ҳуқуқлари бузилаётгани бўйича хавотир билдирди

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги рус элчисини чақириб, Россиядаги ўзбекистонликларнинг ҳуқуқлари поймол қилиниши ҳолатлари кўпайиб бораётганига эътироз билдирди.

Фото: Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати

2 май куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Бобур Усмонов Россия элчиси Олег Малгинов билан учрашув ўтказди.

Учрашувда Ўзбекистон томони Россия томонининг эътиборини РФда Ўзбекистондан келган меҳнат муҳожирларининг ҳуқуқлари бузилиши ва уларга нисбатан қўпол муомала ҳолатлари ҳақидаги кўпайиб бораётган хабарларга қаратди, дея хабар бермоқда ТИВ матбуот хизмати.

“Бундай ҳолатлар Россия ҳудудида меҳнат фаолияти олиб бораётган Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқ ва эркинликларини бузиш ҳисобланиши, бу ҳуқуқ ва эркинликлар эса яшаб турган мамлакат қонунчилиги асосида таъминланиши лозимлиги таъкидланди.

Шу муносабат билан, кўтарилган масалани синчковлик билан ўрганиш ва Ўзбекистон томонининг хавотирларини Россия Федерациясининг тегишли ваколатли органларига етказиш зарурлиги алоҳида қайд этилди”, – дейилади хабарда.

Аввалроқ Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистоннинг мингдан ортиқ фуқароси Россия томонидан ёлланиб, Украинадаги урушга жалб этилгани ҳақидаги маълумотлар ваколатли органлар томонидан ўрганилаётганини маълум қилганди.

Украина томони тақдим этган рўйхатда ўзбекистонлик экани айтилаётган 1100 га яқин шахснинг исм-фамилияси, туғилган санаси, РФ Мудофаа вазирлиги билан шартнома тузган санаси, ҳарбий хизматдаги шахсий рақами ва 109 кишининг вафот этган санаси кўрсатилган. Марҳумлардан энг ёши ҳали 22 ёшга тўлмаган бўлган, яна бири РФ Мудофаа вазирлиги билан шартнома тузганидан 8 кун ўтиб ҳалок бўлган.

29 апрел куни Москвада Ўзбекистон ва Россия масъул идораларининг икки мамлакат фуқароларининг ҳуқуқларига риоя этилиши устидан биринчи қўшма йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилиш якунида имзоланган баённома билан, Россия Бош прокуратураси ўзбекистонлик мигрантларнинг ҳуқуқлари таъминланиши юзасидан назоратни кучайтириш мажбуриятини олди. Ўз навбатида, Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳам мамлакат ҳудудидаги россияликлар ҳуқуқларига риоя этилиши бўйича кузатувни кучайтиради.

Мавзуга оид