“10 марта такрорлаб, эслаб қоламан” – 205 та давлат пойтахтларини ёддан биладиган 8 ёшли Шукрона
Шукрона 5 ёшидаёқ дунё давлатлари ва уларнинг пойтахтлари номларини ёдлаган. Ўқиш ва ёзишни ҳали ўрганишга улгурмаган қизалоқ янги билимларни кўз хотираси орқали эслаб қолган. Ҳозирда у 205 дан ортиқ мамлакат, уларнинг пойтахти, байроғи, герби ва пул бирлиги, шунингдек, тарихий саналар, адабий асарлар ҳамда уларнинг муаллифларини ёддан айтиб беради. Kun.uz мухбири билан суҳбатда Шукрона хотирасини қандай мустаҳкамлаётгани, унинг отаси эса қизалоқнинг қобилиятини ривожлантириш учун нималар қилаётгани ҳақида гапириб берди.

Бухоро вилояти Бухоро туманида туғилган Шукрона ҳозирда 1-синф ўқувчиси. Отаси – судя, онаси – шифокор. У 3 ёшидан давлатлар номи ва уларнинг пойтахтларини ёдлай бошлаган. Ўқишни ҳам, ёзишни ҳам билмайдиган қизалоқ географик атамаларни визуал тасаввурлар орқали эслаб қолган. Номларнинг талаффузини унга онаси ўргатган.
“Қизим телефонга қарам бўлиб қолишининг олдини олиш учун унинг қизиқишларини фойдали билимларни ўрганишга йўналтирдик. Фикримча, бола смартфондаги турли ўйин номларини билганидан кўра, миясини географик атамалар билан тўлдиргани афзалроқ. Фарзандимизда янги нарсаларни тез илғаб олиш қобилияти мавжудлигини сезганимдан кейин кунига бир ярим, икки соатдан у билан шуғуллана бошладик. Кун давомида асосан онаси ўргатарди, ишдан қайтгандан сўнг мен ҳам алоҳида вақт ажратиб, қизим билан савол-жавоб қилардим ва шу тариқа ўрганганларини мустаҳкамлар эдик”, – дейди Феруз Комилжонов.
Шукрона эшитиб ёдлаш осонроқ эканини таъкидлайди. У жой номларидан ташқари, давлатлар герби, байроғи, пул бирлигини ҳам билади. Шунингдек, тарихий шахслар, уларнинг туғилган йили, маҳаллий ва хорижий адабиётлар номи ҳамда муаллифларини ҳам ёддан айтиб бера олади.
“Ҳар куни онам билан жой номлари, тарихий саналарини ёдлаш устида ишлаймиз. Улар янги атамаларни тўғри айтишни ўргатади, мен эса ичимда 10 мартагача қайта-қайта такрорлаб, эслаб қоламан. Етти авлод, сайёралар, океанлар, дунёнинг етти мўъжизасини ҳам ёддан биламан. Айни кунларда инглиз тилини ўрганяпман”, – дейди Шукрона.
Қизалоқ отасининг айтишича, боланинг ўқишга қизиқишини ошириш учун уни рағбатлантириб туриш керак, кичик совғалар орқали қўллаб-қувватлаш иштиёқни янада ошириши мумкин.
“Атрофдаги айрим танишларимиз болани қийнамаслик керак, мияси оғриб қолади, деб баъзан танбеҳ берарди. Япон олим Масару Ибуканинг “Учдан кейин кеч” асарида ёзилишича, болалар 3 ёшгача бўлган даврда ташқи дунёни ўрганишга интилади ва бу вақтда уларга берилган тарбия кейинги ҳаётига катта таъсир кўрсатади. Ушбу пайтда болаларнинг мияси “оппоқ қоғоз”га ўхшайди ва бу “қоғоз”га қандай ёзувлар туширилса, бола шунга мос шаклланади. Китобдаги айни шу каби фикрларни ўқиганимиздан кейин турмуш ўртоғим билан фарзандларимизнинг вақтини режа асосида ташкиллаштириш ва билим олишга кўпроқ йўналтиришга қарор қилган эдик. Шукрона ҳам бошқа тенгдошлари каби қўғирчоқ ва турли ўйинчоқларни ҳам ўйнайди, аммо кунини тўлиқ ўйин билан ўтказмайди”, – дейди қизалоқнинг отаси.
Шукрона 1-синф ўқувчиси бўлишига қарамай, унинг катта мақсадлари бор. Қизалоқ шифокор бўлиш, нуфузли олийгоҳга ўз кучи билан кириб, сифатли таълим олишни ҳозирданоқ мақсад қилиб олган.
Интервю давомида Шукрона билан география, тарих ва адабиётга доир турли савол-жавоблар ўтказилган. У “Got talents” халқаро лойиҳасидаги иштироки, отаси эса болаларда ақлий қобилиятни ривожлантириш учун қайси методлардан фойдаланиш кўпроқ самара бериши ҳақида гапириб берган. Кўрсатувни тўлиқ ҳолда Kun.uz’нинг YouTube’даги каналида томоша қилишингиз мумкин.
Диёрахон Набижонова субатлашди.
Оператор: Зияддин Мамматжонов.
Монтаж устаси: Низомжон Тошпўлатов.
Мавзуга оид

00:10 / 23.03.2025
Олимлар нима учун одамларда эрта болалик хотиралари йўқлигини тушунтирди

10:57 / 23.01.2025
Бухорода 33 ёшли аёл туғуруқхонада вафот этди

20:43 / 27.12.2024
Бухоро вилоятида зилзила содир бўлди

12:33 / 13.12.2024