Жаҳон | 18:37 / 02.05.2025
1730
2 дақиқада ўқилади

ЕИ россиялик олигарх ва компанияларнинг музлатилган 3 миллиард евро маблағини мусодара қилади

Мусодара қилинган пуллар ўтган йили Россияда қолиб кетган миллиардлаб евро маблағларнинг худди шундай мусодара қилинишига дуч келган Ғарб компаниялари ва фуқаролар ўртасида тақсимланади.

Фото: Reuters

Европа Иттифоқи ўз инвесторларининг Россиядаги йўқотишларини қоплаш учун Россия компаниялари ва жисмоний шахсларининг музлатилган қарийб 3 миллиард евро маблағини мусодара қилади, дея хабар берди Reuters.

Агентлик манбаларига кўра, мусодара қилинган пуллар ўтган йили Россияда қолиб кетган миллиардлаб евро маблағларнинг худди шундай мусодара қилинишига дуч келган Ғарб компаниялари ва фуқаролар ўртасида тақсимланади.

Россия Марказий банкининг Европада музлатилган активлари - тахминан 200 миллиард евро - дахлсиз қолади. Бунинг ўрнига Европа расмийлари 2022 йилдан кейин санкциялар қўлланилган Россия компаниялари ва жисмоний шахсларининг нақд пуллари ва қимматли қоғозларидаги 10 миллиард евронинг бир қисмини ишлатишни режалаштирмоқда.

Гап Euroclear депозитарийсида музлатилган активлар ҳақида кетмоқда. Компания жойлашган Бельгия ҳукумати март ойида Россия маблағларидан фойдаланишга рухсат берди ва Euroclear ҳам бундай тўловларни апрель ойида эълон қилди. Уларни ким олиши ва кимнинг пуллари мусодара қилиниши номаълумлигича қолмоқда, дея таъкидлайди агентлик.

Кремль ўз инвесторларининг Европа Иттифоқидаги музлатилган активларини қайтаришни талаб қилган эди: Россия судлари Euroclear'га қарши 100 дан ортиқ даъволарни қаноатлантирди. Февраль ойида Россия ҳукумати Қўшма Штатлар ва бошқа мамлакатларнинг «нодўстона хатти-ҳаракатлари»га жавобан хорижий активларни мусодара қилиш механизмини ишлаб чиқди.

Сўнгги ойларда Москва Euroclear'нинг Россия депозитарийсида сақланаётган 3 миллиард евро маблағини мусодара қилди. Европада жавоб тариқасида Россия пулларининг мусодара қилиниши амалда активлар алмашинувига тенг.

Мавзуга оид