Жаҳон | 21:16 / 01.05.2025
7666
5 дақиқада ўқилади

Трамп маъмурияти илк бор Киевга қурол сотишни маъқуллади

Табиий ресурслар бўйича келишув Украина қуролли кучларига янги ҳарбий ёрдамни ҳам назарда тутади.

US Air Force photo by Staff Sgt. Marco A. Gomez

АҚШ молия вазири Скотт Бессент ва Украина иқтисодиёт вазири Юлия Свириденко 30 апрел куни фойдали қазилмалар бўйича келишув имзолади. Шартнома Қўшма Штатларга Украинада 57 турдаги табиий ресурсларни, жумладан, нодир металлар, нефт ва табиий газни ўзлаштириш бўйича янги лойиҳаларга имтиёзли кириш имконини беради.

Келишувга кўра, томонлар тенг шароитларда энг муҳим фойдали қазилмаларни қазиб олишга сармоя киритадиган жамғарма тузади.

Тикланиш жамғармаси, Свириденконинг таъкидлашича, «50/50 асосида тузилади», Украина ва АҚШ томонидан биргаликда бошқарилади. Украина қўшма жамғармага янги лицензияларни сотишдан тушган даромаднинг 50 фоизини инвестиция қилади, бироқ у ерга қўшимча маблағларни ҳам ўтказиш ҳуқуқига эга.

АҚШнинг жамғармага қўшган ҳиссаси, тўғридан тўғри молиявий ҳиссалардан ташқари, Украинага янги қурол-яроғ етказиб бериш, жумладан, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ҳисобланади. «Агар [АҚШ ҳукумати] Украина ҳукуматига ҳар қандай шаклда (жумладан, қурол-яроғ тизимлари, ўқ-дорилар, технологиялар ёки ўқитиш) янги ҳарбий ёрдам тақдим этса, АҚШнинг капитал қўйилмаси бундай ҳарбий ёрдамнинг тахминий қийматига оширилган деб ҳисобланади», – дея келишув матнидан иқтибос келтирган «Европейская правда».

Дастлабки 10 йил давомида жамғарманинг фойдаси ва даромадлари тақсимланмайди, аксинча, Украинага – янги лойиҳалар ёки реконструкцияга қайта инвестиция қилинади.

АҚШ молия вазирлиги пресс-релизида шартнома «Россиянинг кенг кўламли босқини бошланганидан кейин АҚШ халқи Украинани ҳимоя қилиш учун кўрсатган катта молиявий ва моддий ёрдамни тан олиш учун» тузилгани айтилади. «Президент [Доналд Трамп] айтганидек, АҚШ бу шафқатсиз ва маъносиз урушни тугатишга ёрдам бермоқчи. Бу келишув Россияга Трамп маъмурияти узоқ вақт давомида эркин, суверен ва гуллаб-яшнаётган Украинадаги тинчлик жараёнига содиқ экани ҳақида аниқ сигнал беради», – деди АҚШ молия вазири Скотт Бессент.

Bloomberg нашри ёзишича, Киев келишувни имзоларкан, Россия билан ўт очишни тўхтатиш бўйича музокараларда АҚШ президенти Доналд Трампнинг қўлловига эришмоқчи. «Ушбу келишув Трампнинг Киевга хайрихоҳлигини мустаҳкамлаш учун жуда муҳим деб баҳоланмоқда, чунки унинг маъмурияти Россиянинг Украинага кенг кўламли бостириб киришидан кейин бошланган урушга чек қўймоқчи», – дея қайд этади агентлик.

АҚШ ва Украина икки мамлакат президентларининг Оқ уйдаги тортишувидан икки ой ўтиб келишувни имзолади – 28 феврал куни Дональд Трамп ва Володимир Зеленский ерости бойликлари бўйича келишув имзоланиши арафасида баҳслашиб кетганди. Шундан кейин АҚШ Киевга келишувнинг қатъийлаштирилган вариантини юборди, аммо музокаралар жараёнида қатор ён беришлар бўлд. Трамп ва Зеленский 26 апрел куни Ватиканда Рим папаси Францискнинг дафн маросимида учрашганидан кейин томонлар келишувни имзолаш бўйича узил-кесил келишиб олди.

Трамп маъмурияти иккинчи президентлик муддати давомида биринчи марта Украинага қурол сотишни маъқуллади

АҚШ президенти маъмурияти конгрессга Украинага мудофаа маҳсулотларини сотишга рухсат бермоқчи эканини маълум қилди. Оқ уйнинг тегишли хабари конгресс сайтида 29 апрел куни пайдо бўлган. Бу ҳақда биринчи бўлиб 1 май куни Украинанинг Kyiv Post нашри дипломатик манбаларга таяниб хабар берди.

Гап хусусий компаниялар орқали (Direct Commercial Sales) қиймати 50 миллион доллардан бошланувчи тўғридан тўғри ҳарбий ёрдамларни етказиб бериш ҳақида кетмоқда. DCS доирасидаги Америка компаниялари мудофаа учун мўлжалланган буюмлар ва хизматларни давлат каналлари орқали эмас, балки тижорат асосида хорижий ҳукуматлар ёки ташкилотларга сотади.

АҚШ Конгресси Украинага сўнгги ёрдам пакетида DCS орқали бир миллиард доллардан ортиқ қурол сотишни маъқуллаганди. 2015-2023 йилларда АҚШ ушбу линия орқали Украинага 1,6 миллиард доллардан ортиққа баҳоланган қурол ва хизматлар экспортига рухсат берган.

Мудофаа ёрдами бўйича таҳлилчи Колби Бадхварнинг Kyiv Post нашрига айтишича, DCS бўйича барча етказмалар «сокинлик» билан амалга оширилади, улар давлатлараро қурол сотишдан фарқли ўлароқ, оммага эълон қилинмайди. Унинг сўзларига кўра, бу ерда янгилик шундаки, «Трамп Украинани бутунлай кесиб ташлаши ҳақидаги барча прогнозларга қарамай», Америка қуроллари сотуви давом этмоқда.

Kyiv Post нашри ёзишича, Трамп маъмурияти Володимир Зеленский Украина АҚШдан 50 миллиард долларгача бўлган миқдорда қурол сотиб олишга тайёрлигини айтганидан бир неча ҳафта ўтиб, Украинага қурол сотишни маъқуллаган. «Биз сотиб олмоқчи бўлган (қуролларимизнинг) катта пакетини Америка томонига тақдим этдик», – деганди Зеленский 9 апрел куни. Украина етакчисининг қўшимча қилишича, у қурол сотиб олиш масаласини Доналд Трамп билан муҳокама қилган.

Мавзуга оид