Жаҳон | 09:40 / 30.04.2025
5029
3 дақиқада ўқилади

Россияда 2008 йилдан бери энг юқори кадрлар танқислиги қайд этилди

2024 йилда Россияда кадрлар танқислиги иш билан банд аҳоли умумий сонининг 7,6 фоизига етди — бу 27,2 млн ишловчига нисбатан 2,2 млн кишини ташкил этади.

Фото: ТАСС

Бундай даража 2008 йилдан буён олиб борилаётган кузатувлар давомида энг юқори кўрсаткич бўлди, деб хабар бермоқда «Если быть точным» лойиҳаси Росстат маълумотларига таянган ҳолда.

Бу кўрсаткич 2020 йилдаги (3,7 фоиз) кўрсаткичдан икки баробар юқори ва 2022 йилдаги (5,4 фоиз) кўрсаткичдан анча юқори бўлди.

Кадрларга энг катта эҳтиёж ҳайдовчилар орасида кузатилди (216 минг киши), саноат корхоналари ишчилари ва механиклар (166 минг), муҳандислар (141 минг), қурувчилар ва қурилишдаги ёрдамчи ишчилар (112 минг), ҳамда ускуна операторлари (101 минг) орасида. Ишчи кучининг умумий сонига нисбатан энг катта танқислик қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалиги соҳаларида сезилмоқда — бу ерда иш жойларининг 15 фоизидан ортиғи бўш қолган. Шунингдек, саноат ва қурилишда малакали бўлмаган ишчилар орасида ҳам катта етишмовчилик бор — тахминан 13 фоиз атрофида.

Меҳнат бозорида энг оғир вазият аннексия қилинган Севастополда (16,3 фоиз), Чукотка автоном округида (12,1 фоиз), Камчатка ўлкасида (11,9 фоиз), Москва областида (11 фоиз) ва Магадан областида (10,7 фоиз) қайд этилди. Йирик шаҳарлар ҳам ишчи кучи танқислигини ҳис қилмоқда: Москвада бу кўрсаткич 9,4 фоизни, Санкт-Петербургда эса 8,3 фоизни ташкил этади. Шу билан бирга, камбағал ҳудудларда кадрлар танқислиги деярли сезилмайди: Ингушетияда — 0,4 фоиз, Чеченистонда — 1,1 фоиз, Доғистонда — 2,1 фоиз, Тувада — 3 фоиз.

Россия Марказий банки томонидан апрел ойи ўрталарида эълон қилинган компаниялар сўровномасига кўра, 2025 йилнинг биринчи чорагида кадрлар билан таъминланганлик даражаси 2024 йилнинг учинчи ва тўртинчи чоракларида қайд этилган тарихий минимумга яқин ҳолда қолмоқда. Марказий банк маълумотларига кўра, энг катта қийинчиликка қайта ишловчи саноат корхоналари дуч келмоқда. Шунингдек, малакали мутахассисларга муҳтож корхоналар ва ишчи касбларга боғлиқ ташкилотларда ҳам кадрлар танқислиги сезиларли.

Кадрлар инқирозининг кескинлашиши Владимир Путин томонидан 2022 йилда бошланган Украинага қарши кенг қамровли уруш оқибатлари билан тўғридан-тўғри боғлиқ. Урушнинг биринчи йилида тахминан 300 минг меҳнатга лаёқатли эркак киши сафарбар қилинган. Бир вақтнинг ўзида, турли баҳоларга кўра, Кремл сиёсатига қарши чиқиб ва сафарбарликдан қочиб 650 мингдан 1,1 миллионгача киши мамлакатни тарк этган.

Кейинги икки йил ичида армияга яна 700 мингдан ортиқ киши жалб қилиниши вазиятни янада оғирлаштирди. Владимир Путиннинг маълум қилишича, 2023 йилда Россия Мудофаа вазирлиги билан 300 минг нафардан ортиқ фуқаро шартнома имзолаган. 2024 йилда эса, Россия Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев маълумотига кўра, бу каби шартномалар сони қарийб 440 мингга етган.

Мавзуга оид