Жаҳон | 09:33 / 30.04.2025
2659
2 дақиқада ўқилади

АҚШ суди: "Озодлик радиоси" 12 млн доллар олиши керак

Федерал судья Ламберт қарорига кўра, Трамп маъмурияти "Озод Европа/Озодлик радиоси"га Конгресс томонидан тасдиқланган 12 миллион доллар маблағни бериши керак.

Фото: EPA/Scanpix

АҚШ президенти Доналд Трамп маъмурияти "Озод Европа/Озодлик радиоси" медиа корпорациясига ўз фаолиятини молиялаштириш учун АҚШ Конгресси томонидан тасдиқланган маблағдан 12 миллион долларни ажратиши керак. AP агентлигининг 30 апрель, чоршанба куни хабар беришича, АҚШ Глобал медиа агентлиги (USAGM) апрель ойида уни молиялаштиришда давом этишини таъминлаш учун федерал судья Ройс Ламберт томонидан чиқарилган вақтинчалик қарори шуни назарда тутади.

Судья Ламберт АҚШ президенти Доналд Трамп маъмурияти Конгресс томонидан маъқулланган маблағни бир томонлама бекор қила олмайди деган хулосага келди, деб ёзади нашр.

RFE ҳуқуқшуносларининг айтишича, Трамп маъмурияти мустақил журналистлар билан деярли барча шартномаларни бекор қилган, ижара тўловларини тўлаб бермаган ва 122 ходимни ишдан бўшатган. Агар маблағ тикланмаса, 1 май куни кўпроқ иш ўринлари қисқартирилади ва кўпроқ шартномалар бекор қилинади, дея хабар беради AP. Ўз навбатида, АҚШ ҳукумати адвокатлари низо Федерал даъволар судида кўриб чиқилиши кераклигини таъкидламоқда.

2025 йилнинг октябригача "Озодлик радиоси" АҚШ федерал ҳукуматидан медиакомпания фаолияти учун Конгресс томонидан ажратилган яна 77 миллион долларни олиши кутилмоқда.

Мавзуга оид